Жалолобод: Кўчки остида қолган тўрт киши бир ҳафтадан буён топилмаяпти

372
Қидирув ишлари. Сурат: ФҲВ

Жалолобод вилоятида қор кўчкининг остида қолган тўрти киши –уч хитой, бир қирғизистонлик — бир ҳафтадан буён топилмаяпти. Уларни 53 қутқарувчи билан бирга кўчки босиб қолган қирғизистонликнинг яқинлари ҳамда ҳамқишлоқлари қидирмоқда.

ФҲВ хабарига кўра, қидирув ишларини фавқулодда ҳолатлар вазирининг ўринбосари Эделбек Кулматов назоратга олган. Бундан ташқари «Чайна Роуд» ишхонасидан махсус техникадан беш юкловчи, бир экскаватор ҳамда бир бульдозер жалб қилинган.

Шундай бўлса ҳам қор остида қолган 24 ёшдаги сузоқлик Адилетнинг яқинлари ФҲВдан норози бўлмоқда. Улардан бири Арстанбек Раимжанов 5-6 кундан буён ёрдам бўлмаётганини айтади.

«Иложи бўлмаяпти, мана бундай қилиб қидирмасак, биров келиб бизга қидиришиб бермаяпти. 5-6 кун бўлиб қолди, бировдан бир ёрдам йўқ. Ҳеч бўлмаганда 50-60 ҳарбийни олиб келиб, бу ерни қаздириб, топиб берса бўларди», — деб норози бўлди у.

Яна бир қариндоши Казибек Калдибаев ФҲВ техникалари билан ҳодиса бўлган жойгача йўл очиб беришини талаб қилди.

«Бизнинг укамизни жасади далада қолмаслиги керак. Биз биламиз ФҲМга бюджетдан катта миқдорда маблағ ажратилади. Қани ўша маблағлар?! Мен кўряпман техникалари ишлаяпти. Аммо бундай эмас. Ҳамма нарсага тайёр бўлиш керак», — деди Калдибаев.

Қариндошларининг таъкидлашича, Адилетнинг «Чайна Роуд энд Бридж» компаниясида ишлаётганига 5 ойга яқин бўлиб қолган. Ҳодиса бўлган куни уни тушган қор кўчкини тозалаш учун чиқаришган, лекин ишлаётганда яна қор кўчки тушиб уни босиб қолган.

Маълумотга кўра, қидираётганлар ўзлари ҳам 100% хавфли дейилган ҳудудда ишлашяпти. Улар «ҳаётига ўзлари жавобгар эканини» тасдиқлаб қўл қўйиб беришган.

Тўрт кишини босиб қолган қор кўчки

14 февралда Шимол-Жануб муқобил автомобиль йўлида икки маротаба қор кўчиб, тўрт нафар киши бедарак бўлган. Яна уч киши турли жароҳатларни олиб касалхонага тушган.

Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги дастлаб Кўк-Арт довонидаги туннелнинг шимол тарафида тахминан соат 12:30лар атрофида қор кўчганини билдирган.

Оқибатда «Чайна Роуд энд Бридж» компаниясининг уч нафар ходими—иккитаси хитойлик, биттаси қирғизистонлик — ҳамда қор тозаловчи техникалар қор остида қолган.

Улар тоннелдан Казарман томонга кетган йўлни тозалаш ишларини олиб бораётганда талофатга учрашган. Шу билан бирга қор остида «НИВА» русумидаги автомашина, экскаватор ва юкловчи техника қолган.

Ўша куннинг ўзида соат 17:30лар атрофида тоннелнинг жанубий томонида иккинчи марта қор кўчиб, пикап автомашинаси ва вагонни сойга суриб кетган. Оқибатда уч киши жабрланиб, бир киши бедарак бўлмоқда.