Қорасув: Икки автомобил тўқнашиши оқибатида  17 ҳамда  19 ёшдаги йигитлар ҳалок бўлди

319
Иллюстратив сурат

Ўш вилоятининг Қорасув туманида иккита енгил автомашина тўқнашиши оқибатида 17 ҳамда  19 ёшдаги йигитлар ҳалок бўлди. Бундан ташқари тўрт нафар киши жароҳат олиб касалхонага тушди.

ФҲВдан «Клооп»га маълум қилишича, воқеа 16-февраль куни кечки соат 21:00лар атрофида бўлган. Ўш — Бишкек йўлининг  662-километрида  «Жигули» ҳамда  «Нива» автомобиллари тўқнашиб кетган.

Худди шундай ҳодиса 14-феврал куни Ўш— Боткен — Исфана йўлининг  147-километрида ҳам содир бўлган. Унда иккита машинанинг тўқнашуви оқибатида 67 ёшдаги аёл жойида ҳалок бўлган.

4 ёшдаги гўдак,  70 ёшдаги киши  ва  34 ёшли икки одам Қадамжой туман касалхонасига олиб борилган. Уларнинг аҳволи  «барқарор» деб хулоса қилинган.

Қирғизистонда 2021-йил бошидан октябрь ойигача 5 437 йўл транспорт ҳодисаси содир бўлиб, оқибатда 587 нафар киши ҳалок бўлган. Шу билан бирга ҳодисадан 8 298 киши жароҳатланган.

2021-йили  2020-йилга нисбатан йўл транспорт ҳодисалар 29,2%га ўсган. Унинг ичидан жароҳатланганлар сони 31%га, ҳалок бўлганлар  15,3%га кўпайган.

Муаллиф: Апал Джусупбекова