Игорь Чудинов чегара масаласи бўйича Бош прокуратурадан сўроқ берди

346

Собиқ депутат Игорь Чудинов 1-февралда Бош прокуратурада гувоҳ қатори сўроқ бериб чиқди. Бу ҳақда маълумотни «Клооп»га назорат органидан тасдиқлашди.

Бош прокуратуранинг маълумотида, Чудинов қирғиз-тожик чегарасини келишув масаласи бўйича сўроқ берди. Назорат органи нимани текшираётгани ҳамда кимгадир айб қўйгани ёки қўймагани аниқ эмас.

Чудинов 2007-2009-йиллари Қирғизистоннинг бош вазири бўлган — демак, шу вақтда у чегарани келишув бўйича ҳужжатларга қўл қўйган бўлиши мумкин.

14-18-январда чегара масаласи бўйича мухолифатчи «Бутун Қирғизистон» партиясининг депутати Адахан Мадумаров ҳам сўроққа чақирилган. У қирғиз-тожик чегарасидаги ҳудуд бўйича 2009-йили қўл қўйган протокол бўйича гувоҳ қатори сўроққа олинган.

Мазкур протокол Ўш-Баткен-Исфана йўлини таъмирлаб, кўприк солиш учун у ерга сой бўйидан кетган 275 метр узунликдаги 5 гектар ерни Тожикистондан 49 йилга ижарага олиш бўйича келишувга шароит яратган.

Президент Садир Жапаров «Вечерний Бишкек» нашрига интервью бериб,  Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги 5 гектар ерни Тожикистонга ижарага олиши бўйича протоколга қўл қўйилганини — «кечирилмас сотқинлик» деб атаган. Бунга қадар у Мадумаров бу протоколга қўл қўйиш билан Тўрткўча ҳудудини тожик тарафга тегишли деб тан олиб, у ерни уларга 49 йилга ижарага берганини айтган. Унинг айтишича, айнан ушбу протокол сабаб Дуйшўмбу Баткендаги мазкур ҳудудга эга бўлишни истамоқда.

Мадумаров ўзи бу ҳужжатга қўл қўйиши тўғри қарор бўлганини бир қанча марта айтиб, протокол Жогорку Кенеш тарафидан тасдиқланган эмаслигини ҳамда унинг ҳеч қандай ҳуқуқий кучи йўқлигини таъкидлаган.