Temirov Live’нинг журналисти Актилек Капаров бунгача суриштирувчи журналист Болот Темировнинг уйидан жосуслик воситалари топилганини, бундан ташқари таҳдидлар бўлганини билдирди.
Унинг айтишича, бундай ҳаракатлар журналистларга амалдорларнинг коррупция схемасини аниқлашга тўсқинлик қилиш учун қилинган. Бироқ улар суриштирувни давом эттиришларини айтди.
«Болот Темировни 22-январь куни кечда қўлга олишди. Икки кун олдин биз МХДҚ раиси Камчибек Ташиевнинг қариндошлари нефт сотиб пул топгани ҳақидаги суриштирувни эълон қилганмиз. Биз олдин ҳам Ташиевнинг яқинлари ҳақида бир неча суриштирувларни чиқарганмиз — мана бунинг натижаси», — деди Капаров.
Капаров Temirov Live’нинг журналистларига таҳдид бўлганини, уларнинг оғизини ёпиш учун турли усуллардан фойдаланишаётганини айтди. Шунингдек, журналист аввалги суриштирувларни ҳам эсга солди.
Ўтган йилнинг 13-октябрида Temirov Live’нинг журналистлари Жалолободдаги кафеларнинг бирида официантга қўл кўтарган киши билан Камчибек Ташиевнинг оиласини алоқасини топишган.
Ўша йилнинг 20-ноябрида Temirov Live’нинг давлат улуши бор «Кыргыз Петролеум Компани» ишхонасига Ташиевнинг жияни Байгази Матисаков раҳбар бўлиб тайинланганини аниқлашган.
Шу йилнинг 20-январида Temirov Live ютуб-каналида МХДҚ раиси Камчибек Ташиевнинг қариндошлари билан алоқаси бор компания Қирғизистонда ишлаб чиқарилган мазутни чет давлатга сотиб, даромад топгани ҳақидаги суриштирувни эълон қилган.
Шунингдек, Актилек Капаров 2021-йилнинг декабрида Темировнинг уйидаги ётоқхонадан эшитиш воситалари топилганини эслатиб ўтди.
«Биз бу одамлар яна нима қилишини билмаймиз. Фейкларни тарқатиб, Temirov Live’нинг ходимларига нисбатан ботлар армиясини ёллаб, бизнинг яқинларимизга босим ўтказиши мумкин. Бироқ биз бу билан улар бизни оғзимизни ёпишни исташаётганини биламиз. Сабаби биз давлат системаси қанчалик коррупцияга ботганини очиқлаб беряпмиз. Агар улар шундан кейин бизни амалдорларнинг корруция схемасини ўрганишни тўхтатади деб ўйлашса, янгилишади. Биз ҳеч нарсага қарамай суриштирувни давом эттирамиз», — деб сўзини якунлади Капаров.