Бир партада уч нафардан ўқувчи. Қирғизистонга ҳозирда 100лаган мактаб қуриш зарур!

442
Ўшдаги №4 Киров мактабида дарс. Сурат: Айбике Адилет қизи/Kloop

«Ўқитувчилар қаттиқ чарчайди. Бунгача «Сапат» лицейида дарс берганман. У ерда бир синфда 15тадан ўқувчи бўларди. Шунда ҳам ўқувчиларга етишмай қолардик. Бу ерда бир синфда 40-50дан бола бор. Ўқувчиларга мавзуни тушунтира олганимиз билан уни сўрашга улгурмай қоламиз», — дейди Суйумкан Мамаева.

У Ўш шаҳридаги давлат мактабларининг бирида қирғиз тилидан дарс беради. Мамаева ишлаган мактабда болаларнинг сони уч марта кўп. Бир партада учтадан бола ўтирганда билим олиш ҳам, билим бериш ҳам осон бўлмайди.

Қирғизистонда шундай ортиқча юк билан ўқитган мактаблар юзлаб саналади — ҳар йили ўқувчиларнинг сони кўпайгани билан мактаблардаги ўринлар деярлик ўзгармайди. Ҳукумат янги мактаблар қурмоқда, бироқ уларнинг сони оз бўлгани учун муаммони ҳал қилиш мумкин эмас. Бундан ташқари, ўлкада авария ҳолатида деб топилган мактаблар ҳам бор — бу ҳам вазиятни оғирлаштиради.

Муаммонинг ҳажмини кўрсатиб бериш учун «Клооп» ва «Азаттык»нинг журналистлари таълим вазирлигининг Қирғизистондаги мактаблар ҳақида берган маълумотини таҳлил қилди. Унда мактаблар қанча болани сиғдира олиши ва аслида қанча ўқувчи билим олаётгани ўрганилди.

Ўлканинг барча ҳудудларида мактаблар ортиқча босим билан ўқитяпти. Бишкек билан Ўшда мактаблар икки марта кўп тўлгани аниқланди. Қирғизистонда 1,2 млн ўқувчи бўлса, мактабларда умумий 850 минг болага ўрин борлиги аниқланди.

Мактаблар қурилишига қараганда аҳолининг сони тез ўсмоқда

Журналистлар Қирғизистондаги мактабларда ортиқча 360 минг бола ўқитилаётганини аниқлашган. Ўрта ҳисоб билан мактабларда болаларнинг сони 1,5 марта кўп. Мазкур масалани ҳал қилиш учун 1000 ўринга мослашган 360 мактаб қуриш керак бўлади.

Биринчидан, ҳукуматни қисқа вақт ичида бунча мактаб қуришга имкони йўқ.

Иккинчидан, имкон бўлса ҳам мактаблар бари бир етишмайди — аҳолининг сони доим ўсиб туради. БМТнинг маълумоти бўйича Қирғизистонда 2025 йили аҳолининг сони деярлик 6%га кўпаяди — бу максимал кўрсаткич.

2011 йилдан 2020 йилгача мактаб ўқувчиларининг сони 34%га кўпайган. Болаларнинг сони ўсишини камайтирадиган ҳеч қандай сабаб йўқ.

Ўшдаги Нариманов мактабининг ёнига қўшимча янги корпус қурилган. Бироқ бу билан масала ҳал бўлмаган. Сурат: Айбике Адилет қизи/Kloop

Энг кўп босим Бишкек билан Ўш шаҳарлари мактабларининг биноларига тўғри келади. Сабаби бу ерда маҳаллий турғунларнинг болаларидан ташқари, ички мигрантларнинг болалари ҳам билим олишади. Ҳудудлардаги мактабларнинг учдан бир қисмида болаларнинг сони оз. Айниқса, бу кўриши Баткен, Ўш ва Жалолобод вилоятларидаги мактабларда сезилади.

«Синфда 50 бола. Албатта чалғиб қолган ва ўйнаб ўтирган болалар кўп бўлади. ўқитувчи 45 дақиқада мавзуни тушунтириб бера олмайди. Бизнинг мактаб 1000 болага мослашса, унда ҳозирда уч марта кўп ўқувчи таълим олади», — деб тушунтирди икки боланинг онаси Асел.

Унинг болалари Бишкекдаги №24 мактаб-гимназияда билим олади. Бир партада учтадан ўқувчи ўтиришга мажбур бўлгани учун пандемия талаб қилган ижтимоий масофани сақлаш мумкин эмас.

«Кичик синфларда ҳам кўп бола билим олади. Бири оғриб қолса, ёнида ўтиргани ҳам юқтириб олиши мумкин. Сабаби булар бир-бирига ёпишиб ўтиришади», — деб хавотирланади у.

Таълим тармоғида ишлаган «Булан Институти» нодавлат ташкилотининг етакчиси Чолпон Орозбекованинг фикрича, Бишкекдаги мактабларнинг масаласини ҳал қилиш учун янги участкаларда мактаблар қуриш керак. Сабаб у ерда асосан ички мигрантлар ўтроқлашган.

«Янги участкаларда мактаб қурилмаганини сабаби: Биринчидан, янги участкани ташкил қилганда мактабга, касалхонага ерларни қолдириш керак эди. Янги участкаларда ер қолдирилмай сотилиб кетган. Сабаби бу ерлар асосан босиб олиш йўли билан тузилган. Иккинчидан, маблағ танқис», — дейди Орозобекова.

Ўш шаҳри, Нариманов мактабида дарс. Сурат: Айбике Адилет қизи/Kloop

Ўш шаҳар билим бериш бошқармасининг бош мутахассиси Бектурсун Кўкўнов шаҳардаги мактабларнинг 80% совет даврида қурилгани учун уларнинг сиғими озлигини билдирди. Кўкўнов ҳам ортиқча босим масаласини ҳал қилиш учун янги биноларни қуриш кераклигини айтди.

«Олдин аҳолининг сони оз бўлгани учун катта уйлар йўқ бўлгани сабаб муаммо бўлмаган. Йилдан-йилга 3000-3500 ўқувчи қўшилса, бу йил 5000 ўқувчи қўшилди. Аҳолининг сони ўсгани билан мактабларнинг сони кўпаймаяпти», — деб тушунтирди у.

Бу вазиятдан чиқиш учун мактаб раҳбарияти парта билан ўриндиқлар сонини кўпайтиришга мажбур. Бундан ташқари, ўқувчилар уч смена билан ўқишади.

Олдин Қирғизистонда махсус стандарт бор эди. Унга кўра бир синфда 30 ўқувчидан ортиқча бола билим олмаслиги керак эди. Бироқ 2018 йили мазкур норма кучини йўқотиб, ҳозирда бир синфда қанча бола ўқиши кераклиги бўйича ҳеч қандай стандарт йўқ.

Нимага муаммо ҳал бўлай келмоқда?

Назарбаев Университетининг профессори Дуйшўн Шаматовнинг айтишича, Қирғизистонда таълим вазирлигидаги кадрларни тез-тез алмашиши кўп йиллик, доимий стратегия қуришга тўсқинлик қилмоқда. Шу сабаб кўп муаммолар, жумладан мактаблардаги ортиқча босим ҳам ҳал бўлмайди.

«Янги вазир келганда у стратегияни янгидан тузишга ҳаракат қилади. Олдингиларини унутади ёки ўзининг номини қўшиб чиқаради. Янги ғоялар давом этмаяпти. Баъзан шахсий келишмовчиликдан ҳам. Бошқа мамлакатларда кўп йиллик стратегия қўйиб, шуни бажаришга ҳаракат қилишади. Кейинги жамоа келса улар давом эттиришади», — деб тушунтирди Шаматов.

Масалан, ҳозирги вазир Болот Купешов шу йилнинг май ойида хизматга келган. Унгача вазир бўлган Алмаз Бейшеналиев мазкур лавозимда бир йил ишлаб кетди. Мустақиллик йилларида 30 йил давомида охирги вазирни ҳисобга олмаганда 16 вазир алмашди.

Ҳозир Қирғизистонда 186 мактаб қурилмоқда. Уларнинг ҳар бири турли даражада бормоқда: бирини девори битса, иккинчисини пойдевори бор. Уларни қурилиши қачон тугашини ҳеч ким билмайди. Кўпроқ қурилиш ишлари бир неча ойгача тўхтаб қолади. Бу вақтда қурилишлар шамолдан, ёмғир ва қордан жабрланади.

Ўшдаги №4 Киров мактабида дарс. Сурат: Айбике Адилет қизи/Kloop

Амалдорларнинг айтишича, йил сайин ўлка ғазнасидан мактабларнинг қурилишига 800 млн сом ажратилади. Бироқ бошланган қурилишларни битириш учун 14 млрд сом керак.

«Бугунги кунда қурувчилар қурилиш материаллари қимматлаб кетганидан зарар кўришмоқда. Вазирлар маҳкамаси раисининг топшириғи билан давлат комиссияси ишламоқда. Материаллар неча фоизга ўсди, маош неча фоизга ўсганини ҳисоблашмоқда», — деб тушунтирди Турар-жой фуқаровий қурилиш департаментининг директори Талант Эшбаев.

2018 йили ҳукумат коррупция билан курашишдан тушган маблағлар учун ягона депозит ҳисобини очган. Ўша вақтдаги президент Сооронбай Жээнбеков пуллар мактаблар қурилишига сарфланишини билдирган.

Ҳукумат вакиллари Бишкек, Ўш ва Чуй вилоятида 15 мактаб қуришга қарор қилишган — бунинг учун 800 млн сом ажратилиши айтилган. 2020 йили уч мактабнинг қурилиши тугатилган. Бироқ ҳозирда мазкур ҳисоб ҳақида расмий маълумот йўқ.

2022 йил бошида президент Садир Жапаров республика бюджетидан Бишкекда 15 мактаб қуришни топширган. Бундан ташқари, жаҳон ERIK лойиҳаси асосида 14 мактаб қурилишини молиялаши маълум бўлган. шунингдек, бу лойиҳа ичида авария ҳолатидаги 16 мактаб таъмирланади.

Шунга қарамай болаларни билим олишига яхши шароит яратиш учун давлат яна 100лаган янги ўрта таълим муассасаларига муҳтож.

Қандай қилиб ҳисобладик?

Биз ўлкадаги мактабларнинг лойиҳадаги сиғими билан амалдаши ўқиётган болаларнинг  сони ҳақида маълумот йиғдик. Уларнинг ўртасидаги фарқни ҳисоблаб, уни фоизга ўтказдик. Умумий 2155 мактабни таҳлил қилдик. Қирғизистон ҳудудлари бўйича маълумотлар 2019 йилга тегишли, Бишкек билан Ўш шаҳарларидаги маълумотлар 2021 йилга қарашли. Айрим мактаблар ҳақидаги маълумотлар тўлиқ бўлмагани учун улар бизнинг ҳисобимизга кирмади.

Муаллифлари: Элвира Султанмурат қизи, Айбике Адилет қизи, Дастан Умотбай ўғли

Дата-муҳаррир: Андрей Дорожний

Муҳаррирлар: Айдай Иргебаева, Анна Капушенко, Дмитрий Мотинов

Бу материал Жаҳон Банки ва IDEM билан биргаликда USAID ташкилотининг ёрдами билан амалга оширилган. Тузганлар: «Кыргызстандагы Интернюс» «Медиа-К» лойиҳасининг дата-журналистика дастурини стипендиатлари.

Дастур ментори — Андрей Дорожний.

Материалдаги фикрлар ва хулосалар албатта «Интернюс»нинг ва унинг ҳамкорларини кўз қарашларини ёритмайди.