Temirov Live: Ташиев билан алоқаси бор компания Ўзбекистонга мазут сотиб 37 млн сом топди

441
Садир Жапаров, Абсаттар Сиргабаев ва Байгази Матисаков «Кыргыз Петролеум Компани» заводида. Сурат: Президентнинг матбуот хизмати

Temirov Live ютуб-каналида МХДҚ раиси Камчибек Ташиевнинг қариндошлари билан алоқаси компания Қирғизистонда ишлаб чиқарилган мазутни четга сотиб, даромад топаётгани ҳақидаги суриштирувни эълон қилди.

Журналистларнинг маълумотига кўра, Жалолободдаги давлат улуши бор «Кыргыз Петролеум Компани» ёпиқ акционерлик жамияти «Регион Ойл» хусусий компанияси орқали Ўзбекистонга мазут экспорт қилмоқда. Журналистлар «Регион Ойл» воситачи ишхона бўлиб икки кунда 37 млн сомлик даромад топганини аниқлашган.

Ташиевнинг жияни ва «Кыргыз Петролеум Компани»

Журналистлар «Кыргыз Петролеум Компани» компаниясини Ташиевнинг жияни 31 ёшдаги Байгази Матисаков бошқараётганини аниқлашди. Матисаков бу лавозимга 2020-йили ҳукуматга амалдаги президент Садир Жапаров келгандан кейин тайинланган.

Бунгача заводни Нурлан Максутов бошқарган — у натижаси бекор қилинган парламент сайловига «Мекеним Кыргызстан» партияси билан қатнашган. «Кыргыз Петролеум Компани» ЁҲЖ «Кыргызнефтегаз» давлат ишхонасига қарашли.

«“Кыргыз Петролеум Компани” “Кыргызнефтегаз”га тегишли ягона нефтни қайта ишловчи корхона. Икки ишхонада ҳам давлатнинг улуши бор. Заводда Қирғизистонда қазиб олинган нефть қайта ишланиб, дизель, бензин, мазут олинади», — деди суриштирувчи журналист Тинистан Асипбеков.

Президент Садир Жапаров 2021-йилнинг 18-декабрида иш сафари давомида мазкур ишхонага борган. У «Кыргыз Петролеум Компани» 2020-йили 47 млн сом зарар кўрса, 2021-йили ишхонанинг соф даромади 160 млн сомни ташкил қилганини билдирган.

«Регион Ойл» ва Ташиевлар

«Регион Ойл» ишхонаси «Кыргыз Петролеум Компани»да ишлаб чиқарилган мазутни экспорт қилади. Тинистанов «Регион Ойл» 2021-йилнинг 23-24-июнь кунлари Ўзбекистоннинг Фарғона шаҳридаги нефтни қайта ишловчи заводга 3 666 тонна мазут экспорт қилганини билдирди. Ишхона бундан 37 млн сом даромад топган.

«Регион Ойл» 34 ёшдаги Назгул Айдаровага тегишли — у 2021-йили апрелда Жалолобод шаҳар кенгашига ўтган сайловга «Ата-Журт Кыргызстан» партияси қаторида борган, бироқ мандатга илашмай қолган. Мазкур партия МХДҚ раиси Камчибек Ташиевга қарашли дейилади.

Айдарова шаҳар кенгашига номзодини қўйганда «Жалолобод нефтни қайта ишловчи заводда» бухгалтер бўлиб ишлаганини кўрсатган. Завод асосчиси Казибек Ташиев, директори Жогорку Кенеш депутати Шайирбек Ташиев ҳисобланади. Бундан ташқари, Айдарова 2021-йили парламент сайловида номзод Шайирбек Ташиевнинг молия масалалари бўйича мухтор вакили бўлгани очиқланди.

Temirov Live «Ачык бюджет» порталидаги маълумотларга таяниб, Айдарова бошқарган «Регион Ойл» бир йил ичида Жануби-ғарб божхонага товарларни рўйхатга олиш учун 52 марта тўловни амалга оширганини билдирди.

«Биргина мазут экспорт қиламиз. Мазутдан бошқа маҳсулотни экспорт қилиш тақиқланган, шунга фақат мазутни экспорт қиламиз [...] [2021-йили] Ўзбекистон, Италияга [экспорт бўлди]», — деган Айдарова Temirov Live’ журналистларининг саволларига жавоб бериб .

Шунингдек, Айдарова «Регион Ойл» бир йилда қанча тонна мазут экспорт қилгани ҳақидаги маълумотни очиқлашдан бош тортиб, Солиқ хизматига мурожаат қилишни айтган.

«Нимага воситачисиз, экспорт қилишга имкони бор давлат ишхонаси минглаган тонна мазутни воситачиларнинг қўлига тутқазмоқда? “Кыргыз Петролеум Компани” йилига 160 млн сом топса, воситачи “Регион Ойл” икки кун ичида 37 млн сом даромад топади», — деб савол берган суриштирувчи журналист Тинистан Асипбеков.