Иссиқкўл четига қуриладиган Осмон янги эко-шаҳри Қирғизистонда яна мухокама мавзусига айланди. Бу сафар бу ҳақда икки интервьюда президент Жапаров ва депутат Равшан Сабиров сўзлашган.
«Бари инвесторнинг пулига қурилади». Сабиров нима деди?
Халқ вакилининг айтишича, президентни «Асман» лойиҳасини амалга оширишни бошлаш керак деб ўзи ишонтирган. Бу ҳақда у 15-январда «Би-би-си» радиосига берган интервьюсида айтган.
«[…] мен президентни уч-тўрт кун айтиб кўндирдим. Бошқа давлатлар олдида шундай шаҳар қурилса, бизни келажак учун, тарих олдида, халқимиз учун ўзгача руҳ пайдо бўларди. Сабаби давлат сифатида катта, экологик томондан тоза, янги шаҳар қурдинглар Қирғизистоннинг халқи деган бир яхши ном қолар эди», — деган у.
Сабиров президентнинг розилигидан кейин бу лойиҳага кириша бошлаганини таъкидлади. Унинг айтишича, шаҳарни қуришда ҳеч қандай хавотир йўқ — «барча маблағ инвесторлардан, давлат уларга фақат шароит яратиб беради».
«Президент маслаҳатчиси бўлган вақтда мен бу лойиҳани координация қилганман. Бу ғоя муаллифи Руслан Акматалиев деган йигит орқали келган. Ўша вақтда [лойиҳа] кўплаган инвесторларга кўрсатилган. Туркиядан ҳам келишган. Ерни, тоғни, кўлни кўриб муассасалар аро комиссия ҳам тузилган. Бундан ташқари, Дубай шаҳзодаси ҳам келиб кетган. Мен президент маслаҳатчиси вазифасидан кетганимдан кейин бу лойиҳа тўхтаб қолган», — деган Сабиров.
Шунингдек, депутат у кетгандан кейин янги шаҳар қуриш бўйича давлат дирекцияси раҳбарлигидан Абай Алимкулов ишдан бўшатилиб, ўрнига «Тимур Файзиев деган одам» келганини қўшимчалаган.
Бироқ Сабировнинг айтишича, президент яқинда унга яна аввалгидай лойиҳани координация қилишни топширган. У розилик бериб, минкабнинг йиғинлар залида йиғилиш ўтказган.
«У йигитни мен танимас эдим, очиғини айтиш керак. Мен куни кеча мажлислар залида танишдим. Ўша ерда рақамларимизни алмашдик. Бундан кейин ҳам бирга ишлаймиз деб келишдик», — деб таъкидлаган Сабиров.
Журналист президент Файзиевга жиноий иш қўзғалганини биладими деган саволига Сабиров «президентнинг бу бўйича хабари бор-йўқлигини билмайман» деб жавоб берган. Унинг айтишича, тадбиркорни бу хизматга минкаб раиси Акилбек Жапаров тайинлаган.
Нью-Астана. Президент нима деган?
Садир Жапаров «Вечерний Бишкек» нашрига интервью берганда Осмон шаҳрининг бош режаси ишланаётганини — бунга бир-икки йил кетишини айтган.
«Бу бошланса, минимум 200 минг одамга иш ўринлари тузилади. Экологик тоза шаҳар қурилади. Барча лойиҳаларни, дизайнларини, ишнинг боришини ўзимиз назорат қиламиз. Остона ҳам шундай метод билан қурилган», — деб билдирган у.
Шунингдек, Осмон шаҳрига бюджетдан «бир тийин ҳам» сарфланмаслигини, ҳукумат инвесторларга ер бўлиб беришини таъкидлаган. Ўрнига давлат уйларнинг 10%ни олиб, ипотека компанияси орқали фуқароларга сотади.
Бундан ташқари, Жапаров Осмон лойиҳасини Отбошидаги логистик марказнинг қурилишидагидай маҳаллий турғунларга қарши чиққан ҳолатга етказмаслик кераклигини айтган.
«Отбошига бориб, халқ билан учрашиб тушунтириб айтсам, улар тўғри тушунди, қуринглар деди. Энди инвестор йўқ. Бу ерга қурадиган пулимизни бошқа нарсага сарфладик дейишди. Энди аксинча бўлиб қолди. Халқ рози, инвестор қарши», — деган президент.
Осмон шаҳрининг лойиҳаси
«Осмон — келажакдаги экологик тоза шаҳар» деб аталган синов лойиҳасини ҳукумат халқ эътиборига 2020-йилнинг июлида олиб чиққан. Шаҳар Иссиқкўлнинг четидаги — Тору-Айгир қишлоғининг юқори ва Балиқчидан 15 км узоқликка қурилиши айтилмоқда. Ҳукумат лойиҳа Бишкекни бўшатиб, ўлкада туризмни ривожланишига шароит яратишини айтган.
Муаллифларнинг ғояси бўйича, шаҳар кўриниши осмондан қўмизга ўхшаши керак. Шаҳарда муқобил энергия манбалари ва транспортнинг экологик тоза турлари фойдаланилади. Бундан ташқари, шаҳарда яшил иқтисод принциплари сақланади.
Муаллифларнинг фикрича, шаҳар 500-700 минг доимий яшовчига мослаштирилади, бутун шаҳарнинг ўзи 7-10-йиллик муддатда қурилади.
Лойиҳа муаллифлари «4 минг гектар майдонни эгаллаган концептуал янги шаҳар қурилишига шаҳарни таъмирдан ўтказишга кетган маблағдан оз маблағ сарфланади» деб ҳисоблашади. Қурилиш ишлари 20 миллиард долларга баҳолангани айтилган.