Санкт-Петербургда қирғиз фуқароси травматик тўпонча ўқидан касалхонага тушди

405
Иллюстратив сүрат

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида Қирғизистон фуқароси травматик тўпонча ўқидан жароҳатланиб, касалхонага ётқизилди. Бу ҳақда 18 январь куни Қирғизистоннинг Россиядаги элчихонаси хабар берди.

Элчихона маълумотларига кўра, жабрланувчи Санкт-Петербургдаги автомобилларни таъмирлаш устахонасида ишлайди. 16-январда Қирғизистон фуқароси ва автосервис мижози ўртасида жанжал келиб чиқиб, мижоз тўппончадан ўқ узган. Ўқ қирғизистонликнинг ўнг юзига теккан.

Ўқ отган киши рус полицияси тарафидан қўлга олиниб, унга нисбатан «Безорилик» моддаси билан жиноят иши қўзғалди.

«[...] Элчиликнинг Санкт-Петербург шаҳридаги канцелярияси Санкт-Петербург шаҳрининг ҳуқуқ тартибот органларига тегишли сўров-талабларни жўнатди», — деб қўшимча қилинди муассасадан.

Россиянинг «Фонтанка» нашри маълум қилишича, гумондор Санкт-Петербургнинг фуқароси — икки ойга қамоққа олинди. Жанжалнинг чиқишига эса ўқ отган кишига машинанинг таъмири ёқмай қолгани сабаб бўлган.

Охирги маълумотларга кўра, Россияда 700 минг қирғизистонлик меҳнат муҳожири қайд қилинган. Аммо норасмий маълумотлар бўйича, қирғиз муҳожирларининг сони 1 млнга етади.