Тожикистон қамоғида қамалган 68 ёшдаги қирғиз фуқароси вафот этди

376
Иллюстратив сурат. Сурат: Иван Руднев / «РИА Новости»

Тожикистон чегарасидан «ноқонуний ўтиб» икки йилга судланган 68 ёшли қирғиз фуқароси қўшни ўлканинг қамоғида вафот этди. Бу ҳақда «Азаттык»қа Қирғизистоннинг Тожикистондаги элчилиги билдирди.

Элчилик марҳумнинг ўлимини холис, адолатли текшириш учун Тожикистоннинг ТИВга нота юборди. Вафот этган қирғизистонлик Кудайберди Бекмуратов исмли фуқаро экани маълум қилинди.

Президентнинг Баткен вилоятидаги мухтор вакили Абдикарим Алимбаевнинг айтишича, ҳозирда Тожикистонда 10 қирғизистонлик ушлаб турилибди. Шунингдек у Қирғизистонда қўлга олинган тожик фуқаролари ҳам борлигини қўшимча қилди.

«Биз уларнинг барини бўшатишга ҳаракат қиляпмиз. Мен бу бўйича Сўғд вилоятининг губернатори [Ражаббой Ахмадзода] билан сўзлашдим, хат юбордим. У ҳам ўзларининг фуқароларини озод қилишни сўраяпти», — деди Алимбаев.

Бундан ташқари, Баткен вилояти раҳбари Тожикистон турмасида вафот этган қирғизистонликнинг воқеаси бўйича ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари «тегишли чора кўраётганини» қўшимча қилди.

Тожикистонда қўлга олинган қирғизистонликлар

«Азаттык»нинг маълумоти бўйича, Тожикистоннинг Хўжанд вилоятини Гафуров туман суди 2021 йилнинг ноябрь ойида уч қирғизистонликни «чегарани ноқонуний кесиб ўтган» деб топган. Ҳукмга кўра, Айдарбек Хайдаров ва яна бир қирғиз фуқароси икки йилга, учинчи қирғизистонлик 18 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Хайдаров 2021 йилнинг 21 октябрида Тожикистон чегарачилари томонидан қўлга олинган. У отаси яшаган Тожикистоннинг Пахтакор тумани ҳудудида қўлга тушган.

Аввалроқ Тожикистон куч органлари Жийделик қишлоғининг тўрт турғунини ушлаб кетишган. Улар: Саидахмед Артиков, Нооман Самадов, Турсунали Ташанов ва Аскар Ахмедов. Кўп ўтмай Тожикистон бош прокуратураси Артиков касалхонага тушганини маълум қилган.

Бу орада Артиковнинг қариндошлари ҳукумат уйи олдига митингга чиқиб, унинг турмуш ўртоғи қийноққа солинганини билдирган.

«Менинг турмуш ўртоғимни қишлоқ раҳбари қилиб Жийделик қишлоғи турғунлари сайлаган. Унгача тожик томон Қирғизистон фуқароларини ушлаб кетганда мени эрим уларни озод қилишга ёрдам берарди. Тожикистоннинг махсус хизмати уни 16 сентябрда, уйда ўтирган жойидан олиб кетган. Шу бўйича 40 кун кўрсатишмади», — деган у.

Митингчиларга минкаб раисининг ўринбосари Эдил Байсалов чиққан. У маълумотни ваколатли органларга етказиб, қирғизистонлик фуқароларни озод қилишга ёрдам беришини айтган.

Омбудсмен аппарати 11 ноябрда Тожикистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича мухтор вакили Умед Бобозодага мурожаат қилиб, Қирғизистон фуқароларининг ҳуқуқи бузилишига йўл бермасликни сўраган.

Тожик ҳукумати ўтган йилнинг ноябрь ойида уч қирғизистонликни ва йил бошида Р. Исмаилов исмли фуқарони Қирғизистонга қайтарган. Қирғизистон Тожикистонга икки фуқарони қайтарган. Уларнинг бари қирғиз-тожик чегарасини ноқонуний кесиб ўтишда айбланган.