Дизайнер Нурбек Насйранбеков президент Садир Жапаровнинг қисқа муддатли таътилга кетиши билан боғлиқ иллюстрациясини эълон қилди.
Картинада бош қаҳрамонининг қўлида ГУМ ёзуви бўлган пакетлар акс этган. Бу яқиндагина, Қозоғистонда намойишчиларни оммавий ҳибсга олиш ва ўққа тутишлар бўлаётган бир пайтда Жапаров ушбу савдо марказида харид қилганига ишора.
Садир Жапаровнинг савдо марказига ташрифи шиддатли реакцияга сабаб бўлди - ўша куни мамлакат парламенти навбатдан ташқари йиғилишга тўпланиши керак эди. Жогорку Кенешнинг янги сайланган депутатлари муҳокама қилиши керак бўлган асосий масала эса Қирғизистон ҳарбийлари Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг Қозоғистондаги кампаниясида қатнашадими ёки йўқми, деган савол бўлган.
Президентнинг қисқа муддатли таътилга чиқиши ҳам фуқароларнинг норозилигига сабаб бўлди - Қозоғистон ҳукумати Қирғизистон фуқароларини Олмаотадаги митинг ва тартибсизликларда иштирок этганликда айблаб ҳибсга олди.
Қозоғистонда йил бошидан суюлтирилган газ нархи ошишига қарши намойишлар бошланди. Кейинчалик митинглар хавфсизлик ходимлари билан тўқнашувларга айланиб кетди ва бу тартибсизликларни келтириб чиқарди. Расмийлар намойишчиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ, шовқинли гранаталар ва кейин ўқотар қуроллардан фойдаланган.
Қозоғистон ҳудудида интернет ўчирилган, тартибсизликлар уюштиришда қирғизистонликлар иштирок этгани давлат телеканалларида кўрсатилган. Қўшни давлат ҳуқуқ-тартибот идоралари талончилик ва тартибсизликларда иштирок этиш мақсадида Қозоғистонга атайлаб учиб келгани айтилаётган Қирғизистон фуқароси акс этган видеони тарқатган. Аммо кейинчалик қўлга олинган шахс таниқли мусиқачи Викрам Рузахунов эканлиги маълум бўлган. 10 январь куни унинг ҳибсдан озод этилгани маълум бўлди.