Жогорку Кенешнинг еттинчи чақирилишига ўтган «Бутун Қирғизистон» партияси лидери Адахан Мадумаров «Иссиқкўл» меҳмонхонаси бузилишини танқид қилди.
«Нима учун бир нарсани қуриш учун албатта эскисини бузиш керак? 11 йилдан ортиқ вақтдан бери пойтахтимизнинг марказида жойлашган бош прокуратура биноси куйган бўйича турибди. Нима учун уни қайта қурса бўлмайди? Нима учун уни таъмирласа бўлмайди?» — деб савол берди у.
*Бишкекнинг марказий қисмида жойлашган бош прокуратуранинг аввалги биноси 2010-йилги инқилобда ёниб кетган. Мэрия ёниб кетган бинони реклама баннерлари билан ёпиб қўйган. 2020-йили бинони таъмирлаб, бу ерга Бишкек шаҳар мэриясини жойлаштириш режалаштирилгани айтилган.
Мадумаров «Иссиқкўл» меҳмонхонасининг ери олдин хитой инвесторларига таклиф қилинганини таъкидлаб, уни бузиш ортида шу манфаатлар бўлиши мумкин дейди.
«Бу ерда катта ер бор, ғоя қаердан чиққани ҳам қисман маълум. Сабаби 2008-2009-йиллари хитой инвесторлари билан “шу ерга бир бино қурамиз” деган бир лойиҳа бўлган. шу лойиҳага Акилбек Жапаровнинг ҳам алоқаси бўлиши керак [...] Бу бино тарихий, архитектура меросларининг бири бўлиб ҳисобланиши керак эди. Балки республика миқёсида бўлмаса ҳам, камида Бишкек миқёсидаги тарихий, архитектуравий, маданий иморат деб қабул қилиниши керак эди. Буни ким, нима учун чиқарди бу рўйхатдан? Бу катта масала» — деди Мадумаров.
«Иссиқкўл» меҳмонхона комплекси Бишкекнинг жанубий томонида 1984-йили Қирғиз ССРнинг 60-йиллиги муносабати биноан қурилган. Шу йилнинг апрель ойида «Бишкек бош архитектураси» меҳмонхонани архитектура ёдгорлиги мақомидан маҳрум қилган.
24-декабрда президентнинг иш бошқармаси «Иссиқкўл» меҳмонхонаси «кўп йиллардан бери фойдаланилмай, эскириб, авария ҳолатига келгани сабаб» уни бузишга қарор қилган. Дастлабки маълумотга кўра, бу ерга Оқ уй қуриш режалаштирилмоқда.