Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг Давлат чегарасини қўриқлаш хизмати матбуот маркази хабар беришича, 25-декабрда тахминан соат 14:30ларда Лайлакнинг Сой қишлоғининг аниқланмаган ҳудудида Тожикистоннинг чегарачилари постида миномёт ўрнатишган.
Шунингдек Қирғизистоннинг Дамба ва Мақсад қишлоқларига қарама-қарши жойлашган Тожикистоннинг ҳудудида қўшни давлат ҳарбийларининг тўплангани кузатилган.
Кейинроқ Боткен туманининг Қўк-Тош қишлоғининг Эки-Тош ҳудудида 3-4 тожик фуқароси тўрт машинага тош отган. Унинг натижасида автомобиллар зарарланиб, одамлар жароҳатланмаган.
Воқеа жойига етиб келган Қирғизистоннинг «Кўк-Тош» чегара бекатининг етакчиси осмонга уч карра ўқ отгандан кейин Тожикистоннинг фуқаролари ўз ҳудудига қочиб кириб кетган.
Воқеадан кейин Қирғизистон ва Тожикистон чегара пунктларининг етакчилари Эки-Тош ҳудудида учрашиб, вазиятни барқарорлаштириш мақсадида қўшимча ҳарбийларни жалб қилишган. Тожик томон эса воқеага алоқаси бор кишилар қидирилаётганини хабар қилган.
Шунингдек, учрашув жойига Боткен чегара отряди бошлиғи ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг Боткен вилояти бўйича Чегара хизмати раҳбари етиб келди. Давлат чегарасининг ушбу қисмида вазият нисбатан барқарор.
Низолар ва турли фаразлар
Аввалроқ худди шу Кўк-Тош қишлоғида яна бир можаро содир бўлган эди. Тожикистон чегарачилари 22 декабрдан 23 декабрга ўтар кечаси Кўк-Тош қишлоғининг Дахма участкасида номаълум шахслар Тожикистон фуқаросининг уйига ов милтиғидан икки марта ўқ узганини маълум қилган.
Қирғизистон Чегара хизмати ҳам ўша вақтда гумбурлаш овозлари эшитилгани, бироқ улар Қирғизистон ҳудудида бўлмаганини маълум қилган.
Шунингдек, Тожикистон расмийлари КАМАЗ ҳайдовчиси билан содир бўлган воқеа бўйича ўз версияларини билдирди. Уларнинг маълум қилишича, 22 декабрь куни соат 14:10 атрофида Сўғд вилоятининг Хистеварз аҳоли пункти ҳудудида ёқилғи ташувчи автомашина давлат чегарасини бузиб ўтган.
«Қоидабузар транспортнинг ҳаракатини секинлаштириш мақсадида Тожикистон Республикаси чегара қўшинлари тўхташ ишора қилди. Бироқ ҳайдовчи тожик чегарачиларининг талабига жавоб бермай, машина тезлигини ошириб, чегарачини босиб ўтмоқчи бўлган. Кўрилган чоралар натижасида автомашина тўхтатилди. Қўлга олиш чоғида автомашина ҳайдовчиси жабрланмади», — дейилади Тожикистон чегара қўшинлари матбуот марказидан.
Тожикистоннинг Чегара кучлари қирғиз-тожик чегарасидаги сўнги воқеалар бўйича тарқатган билдирувида Қирғизистон томонини "провокацияда" айблаган.
Аммо Қирғизистон Чегара хизмати содир бўлган воқеа бўйича аввалроқ ўз версиясини эълон қилган. Вазирлик маълумотларига кўра, тожик ҳарбийлари Қирғизистон фуқаросининг машинасига ўтириб, уни яна Тожикистон ҳудудига ўтишга мажбурлаган.
Маълумотга кўра, ҳайдовчи ариқдан сув олаётганда қўшни ўлканинг уч чегарачиси унинг машинасига ўтириб Тожикистон ҳудудига ҳайдашни талаб қилган.
Кўп ўтмай қирғиз фуқароси унинг ортидан келаётган машинанинг йўлини тўсиб, уни «тожик ҳарбийлари олиб кетаётганини» қийқириб айтишга улгурган. Тожик ҳарбийлари оғир юк ташувчи машинадан қочиб чиқиб, КамАЗнинг ғилдирагига ва олдинги ойнагига уч карра ўқ отган.
Чегара хизмати хабар қилишича, 23-декабрь куни Тожикистон ҳукумат вакиллари учрашув вақтида «Тожикистон ҳарбийлари ҳаракатларининг ноқонуний бўлганини тўлиқ тан олган».
Чегара можаролари
Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги баҳсли чегара чизиғи чегарадаги аҳоли пунктларидан ноқонуний кесиб ўтиш сабабли тез-тез можароларга сабаб бўлмоқда.
Охирги йирик чегара можароси 2021 йил 28 апрелда юз берган. Ўша куни Қирғизистон ва Тожикистоннинг 100-150 га яқин фуқаролари бир-бирига тош отган, кейинроқ отишма бошланган. Бунга Головной сув тақсимлаш пунктидаги қурилиш ишлари сабаб бўлган. 29 апрель куни вазият кескинлашиб, воқеалар қуролли тўқнашувга айланиб кетган.
Можаро натижасида 36 нафар қирғизистонлик ҳалок бўлган, улар орасида ёш болалар ҳам бор. Жами 154 киши жароҳатланган. Тожикистон ҳукумати 19 киши ҳалок бўлгани ва 87 нафар тожикистонлик яралангани ҳақида хабар берган.