14-декабрда Қирғизистонга COVID-19га қарши 1,5 млн доза Sinopharm вакцинаси келди. Вакцинани инсонпарварлик ёрдами қатори Хитой топширди. Бу ҳақда минкабнинг матбуот хизмати маълум қилди.
Вакцинани топшириш тадбирига минкабнинг етакчисининг ўринбосари Эдил Байсалов, соғлиқни сақлаш вазири Алимқадир Бейшеналиев ва Хитойнинг Қирғизистондаги элчиси Ду Дэвэнь иштирок этди.
Байсалов қирғизистонликларни «ўзларини ва яқинларини, айниқса, ёши катталар ҳамда сурункали касалликлари бор фуқароларни эмланишга» даъват қилди.
«Биз келгуси йилнинг ўртасида янги «omicron» штаммининг пайдо бўлишини кутмоқдамиз. COVID-19 инфекциясиясининг кучайиши эҳтимол ва унга қадар фуқаролар эмловдан ўтишга улгуриш керак. Сурункали касалликларнинг бўлиши эмловга қарши кўрсаткич бўлиб ҳисобланмай, аксинча, фуқароларнинг бу тоифаси риск гуруҳига киради ҳамда улар биринчи навбатда эмловдан ўтиши керак», — деб билдирди у.
Аввалроқ Бейшеналиев давлатнинг соғлиқни сақлаш тармоғи коронавируснинг янги штамми omicron билан касалланганларни даволашга 100% тайёр эканини билдирган.
«Агар сизлар [журналистлар] соғлиқни сақлаш вазирлиги тарафидан таклиф қилган алгоритмни (юз ниқоби тақиш, масофани сақлаш, кўпчилик бўлиб тўпланмаслик) сақлашнинг аҳамияти ҳақида маълуомтларни етказиб берасизлар, янги койка ўринлар талаб қилинмайди. Биз бор кучимиз билан ишламоқдамиз ва бизга журналистлар ёрдам бериши керак», — деб айтди 24.kg’га берган интервьюсида.
Қирғизистондаги эмлов
Аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги эмлов кампанияси эпидемиологик вазиятга ижобий таъсир кўрсатаётганини, бирорта шаҳар ёки қишлоқ «қизил ҳудудга» кирмаганини таъкидлаган.
Қирғизистон бўйича эмлов кампанияси 2021-йилнинг март ойи охирида бошланган. Аммо аҳолини эмловдан ўтказа бошлаш давлатга Sinopharm Хитой вакцинасининг иккинчи партияси олиб келингандан кейингина, июль ойида бошланган.
Шунга қарамай, мамлакатда эмловнинг кўрсаткичи ҳукумат кутганидек юқори бўлмаган. Буни минкаб ҳам тан олган ва «Қирғизистон эмлов кўрсаткичи бўйича МДХ давлатларининг ичидан охирги ўринда» деб билдирган.
Республика штабининг маълумотига кўра, 15-декабрга кўра 9 341 киши COVID-19га қарши вакцина олди, унинг ичидан 4 131 нафар киши биринчи дозасини, 5 210 киши эса иккинчи дозасини олди.