Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси 8-декабрда Иссиқкўл вилоят ИИБнинг ходимлари Чўлпонота шаҳар электр тармоқларининг масъул ходимини йирик кўламда электр энергиясини ўғирлаш гумони билан қўлга олганини билдирди.
Маълумотга кўра, 45 ёшдаги ходим криптовалюта ишлаб чиқариш учун майнинг-ферма уюштирган.
Махсус хизмат туман судининг қарори билан Чўлпонота шаҳридаги Ж. Акималиев №1 манзилида жойлашган гумондорнинг уйини тинтувга олган. Унинг асосида майнинг-ферма топилиб, йирик кўламда электр энергияси ўғирлангани аниқланган.
МХДҚ гумондор кўп йиллар давомида Чўлпонота шаҳар электр тармоқларида ишлаб, 2021-йилнинг 8-декабридан бошлаб мазкур ташкилотда етакчининг вазифасини бажарувчи бўлиб тайинланганини таъкидлади.
«У энергетика тармоғида ишлаш вақтида, сувнинг камлиги сабаб республикада энергетика инқирози бўлаётганига қарамай, хизмат вазифасини суиистеъмол қилиб, электр энергиясини ўғирлаб, энергетика хавфсизлигига зарар етказган», — деб ёзилади билдирувда.
Ҳозирда судгача тергов асносида, етказилган зарарнинг миқдорини аниқлаш ишлари олиб борилмоқда.
Жорий йилнинг 27-июлида МХДҚ Норин вилоятининг турғуни уйида 118 майнинг-ферма ўрнатганини аниқлаган. У «фаолиятини ошкор қилмаслик учун» овоз кирмайдиган шаклда жиҳозлаб, керакли вентиляцияни киргизиб олгани маълум бўлган.
Махсус хизмат криптовалюта чиқаришни «Қирғизистоннинг электр тармоқларига жиддий зарар» етказган фаолият қатори тўхтатган.