Парламент депутатлари 2-декабрдаги йиғинда сиёсатчи Ўмурбек Текебаевга бўлган ҳужум ҳақидаги масалани кўтаришди. «Ата Мекен» партиясининг лидерига 1-декабрь куни Бишкекда Park Hotel’нинг ёнида ҳужум бўлган.
Йиғинда бир неча депутат Текебаевга ҳужум бўйича МХДҚнинг ва ИИВнинг етакчиларини чақириш фикрини билдиришди. Асосан депутатлар куч тизимларини бошқарган минкабнинг раҳбар ўринбосари Қамчибек Ташиевнинг жавобини олишни исташди.
«Бу ишни телефон ўғирлаш қатори кўрсатишмоқчи, аммо бу оддий воқеа эмас […] Биз сиёсатчига нисбатан [ҳужум] сиёсий босим, репрессия сифатида кўрмоқдамиз. Агар бу вазиятни ўзгартира олмасак, эртага ҳеч кимимиз, ҳурматли ҳамкасблар, қайси бир жамоат арбобои ёки оддий фуқаро бўлмасин хавфсизликдамиз деб айта олмай қоламиз. Бошқача айтганда, сизларнинг гапларингиз қайсидир бир сиёсий кучга ёқмай қолиши мумкин, бу ҳар биримизга ёки фуқароларимизга қарши “бандит”ча усул қўлланилиб қолишига олиб келиши эҳтимол», — деб айтди «Ата Мекен» парламент фракциясининг аъзоси Наталья Никитенко.
Натижада депутатларнинг кўпи куч идора ходимларини парламентга чақиришга розилик берди. Аммо йиғинга ҳамма ҳам келгани йўқ.
Етакчининг в.б. Аида Касималиеванинг айтишича, МХДҚ ишга алоқамиз йўқ деб ҳисоблагани учун келмаган.
«Жогорку Кенешга бундай муомала қилишга йўл берилмайди. Ҳукумат уйидан Жогорку Кенешга қадар 5 дақиқалик йўл. Ёки бу маълумотни ўша структура яширишга манфаатдор деган фикр келади. МХДҚ ва прокуратура келмаган. […] Ички ишлар вазирининг ўринбосари келди, уни тинглашни таклиф қиламан», — деб таъкидлади Никитенко.
Шундан кейин депутат Ички ишлар вазирининг ўринбосари Эркебек Аширходжаевга бир қанча савол берди. Аниқроқ айтганда, у Park Hotel’нинг атрофидаги камералардаги видеоларнинг ўчирилиши бўйича ИИВнинг маълумоти борми-йўқми деган саволни берди.
Аширходжаев айни вақтда, видеокамералардаги маълумотлар олинаётгани, агар ўчириб юборилса техник экспертиза тайинланади деб жавоб берди. Шунингдек, у бу воқеа бўйича барча маълумотлар, жумладан ҳужум қилганларни меҳмонхонага олиб бориш атайлаб режалаштирилган деган версия ҳам текширилаётганини айтди. У терговнинг натижасида ИИВ расмий маълумот беришини ваъда қилди.
«Ҳужум қилганлар ҳақида маълумот берган Чолпон Сидикова сўроққа чақиртирилди», — деб қўшимча қилди Аширходжаев.
Аввалроқ Тоқмоқ шаҳар кенгашининг депутати Чолпон Сидикова ҳужумга Токмокнинг мэри Урмат Самаевнинг алоқаси бор деб билдирган.
Депутат Дастан Бекешев ИИВ етакчисининг ўринбосарини милиция секин ишлаётганини, гумондорларни камералар орқали «бир кундаёқ» топиши мумкинлигини билдирди. Аширходжаев суриштирувдан кейин барча маълумотни берамиз деб қайтарди жавобини.