«Қамоқдагилар мусофир бўлишади». Жапаров нима учун Равшан Жээнбековга овоз берганини айтди

325

Президент Садир Жапаров Фейсбукдаги саҳифасига 28-ноябрда ўтган парламент сайловида нима сабабдан қамоқдаги Равшан Жээнбековга оовз берганини тушунтирди. Сиёсатчи Бишкекнинг Ленин туманида бир мандатли округдан номзод эди.

Жапаровнинг айтишича, айрим «дўстлари» овозини Жээнбековга берганидан ҳафа бўлишган. Аммо президент ўзи Жээнбеков ўз округидан ютиб чиқса, қамоқдан чиқиб қолармикин деб ўйлаганини айтди.

«Қамоқда ётган одамлар майли айби борми ёки йўқми эканига қарамай мусофир бўлишади. Ичим оғрийди. Бундан ташқари, Равшан Жээнбеков 2017-йилдаги менинг ҳолатимдаги каби қамоқда ётибди. Мен ҳам 2017-йили қамоқда ётиб президентлик сайловига қатнашаман деб ариза берганман. Аммо мени Атамбаев сайловга қатнаштирмаган. Равшан эса қатнашяпти. Балки ўтиб қолса, қамоқдан чиқиб қолармикин деган фикрим бўлди. Бошқа ҳеч бир сири йўқ. Худо ўзи кўриб турибди. Сиёсийлаштирманглар. Бундай қилиб бюллетенимни журналистлар суратга олишини билганимда эҳтиётроқ бўлар эканман», — деб ёзди у.

Садир Жапаров овоз бермоқда. Сурат: Президентнинг Фейсбукдаги расмий саҳифаси

Жапаров Жээнбековнинг айби бор ёки йўқлигини суд ҳал қилишини таъкидлаб, «уларнинг ишига аралашишга ҳеч кимимизнинг ҳаққи йўқ» деб билдирди.

«Бундан кейин тизим ва қонунлар аниқ ишлаши керак. Қирғизистонликлар шунга кўнишимиз керак», — деди президент.

Маҳкум номзод

Равшан Жээнбеков — парламентнинг собиқ депутати. Алмазбек Атамбаевнинг президентлиги даврида у муҳолифатчи бўлган. Аммо собиқ президент четлатила бошлаганда уни қўллаб чиққан. У Атамбаевнинг Қўй-Тошдаги қароргоҳи штурмга олинганда уни қўллаб бориб, натижада ўзи ҳам қамоққа олинган. Ҳозирда у Қўй-Тош воқеаси бўйича ишнинг фигуранти.

Равшан Жээнбеков.

У 2019-йилнинг декабрь ойида қўлга олинган, аммо 2020-йилнинг октябридаги митингда у ҳам бошқа сиёсатчилар каби бўшатилган. Кейин суд уни уй қамоғига чиқарган.

Август ойида Жээнбеков Атамбаевнинг қароргоҳни босиб олиш бўйича ишда уй қамоғининг қонунини бузгани учун қўлга олинган. Бишкекнинг Биринчи май туман суди 5-августда собиқ депутат Равшан Жээнбековни ТИЗО-1га қамоққа олиш ҳукмини чиқарган. Сиёсатчи ўзига қўйилган айбловларни бир неча бор «сиёсий тазйиқ» деб атаган.

Тергов қамоғида ўтирган сиёсатчи депутатликка номзодини кўрсатган. МСКга ҳужжат топшириб, бир мандатли округ бўйича курашиш ҳуқуқига суд орқали эга бўлган. 12-октябрда конвойнинг ҳамрохлигида Марказий сайлов комиссиясига олиб келинган. Кейин МСК уни бир мандатли округдан номзод қатори рўйхатга олинган, аммо суд уни сайловга қатнашаётгани сабабли эҳтиёт чорасини ўзгартиришдан бош тортиб, қамоқда қолдирган.

Жээнбековнинг адвокатлари мижозининг ҳуқуқлари бузилаётганини ҳам бир неча бор айтишган. Масалан, улар Жээнбековга бошқа номзодлар каби сайловчилар билан учрашиб, дебатларга қатнашишга имкон тузилмаётганини айтишган. Ҳатто Жээнбековнинг тарафдорлари митингга ҳам чиқиб, МСКнинг етакчиси Нуржан Шайлдабекованинг истеъфосини талаб қилишган. Марказий сайлов комиссияси эса судга Жээнбековнинг масаласида нима қилиш кераклиги бўйича кўрсатма бера олмаслигини айтган, чунки у сайлов белгилангунга қадар айбланувчи мақомида бўлган.

Сайловнинг дастлабки натижаси

МСКнинг дастлабки натижаси бўйича, АСУдаги маълумотларнинг 97%и ҳисоблангандан кейин Равшан Жээнбеков сайловчиларнинг 10 фоиз овозига эга бўлган. Бишкек шаҳар кенгашининг собиқ спикери Жанибек Абиров 30%дан ортиқ овоз билан олдинда келмоқда.

МСКнинг дастлабки натижаларига кўра, парламентга беш партия ўтиши мумкин: «Ата-Журт Қирғизистон», «Ишеним», «Интимоқ», «Альянс», «Бутун Қирғизистон» ва «Иймон Нури».

Қонун бўйича, сайловнинг охирги натижаси қўл билан ҳисоблангандан кейин чиқади. Ҳозирча овозларнинг қўлда санаш тугагани йўқ.