2021-йилнинг охиригача Қирғизистон ва Канаданинг Centerra Gold компаниясининг ўртасидаги Қумтўр кони бўйича навбатдаги музокараларни ўтказади. Бу ҳақда минкабнинг етакчиси Ақилбек Жапаров парламент сайловида овоз бериб чиққандан кейин билдирди. У Бишкекдаги № 1142 сайлов участкасида овоз берди.
«Сайлов тугагандан кейин, эҳтимол охирги марта Centerra билан учрашиб, ўзимизнинг ҳисоб-китобларимизни аниқлаб бўламиз. Биз ҳеч қачон ўзимизнинг конимиздан воз кечмаймиз. Биз биринчи марта [тарихда биринчи марта] иқтисодий суверенлик сари қадам ташладик. Энди Қирғизистон конлари фақат қирғизлар манфаатига хизмат қилади. Конда қазиш ишлари олиб борилмоқда, қирғиз йигитларимиз кончилик билан шуғулланмоқда, зарур бўлганда хориждан мутахассислар ҳам келмоқда. Барча солиқлар ўз вақтида тўланмоқда. Мен Тенгиз Болтурукдан жуда миннатдорман, технологик нуқтаи назардан у канадаликларга қараганда яхшироқ ишлаяпти экан», — деб билдирди амалдор.
Унинг айтишича, Канада сармоядорлари «охирги йиллари Қирғизистондан кетишни режа қилиб юрган, аммо олтинга бўлган нархнинг ўсиши уларни тўхтатиб турган». Ақилбек Жапаров «экология инспекцияси куну тун текшираётганини» ва ташқи бошқарув даврида «экологияга зарар етмасликка ҳаракат қилишаётганини» қўшимча қилди.
«Centerra ўтган йили олтиннинг нархи қиммат бўлиб турганда 300 млн доллар, ундан аввалги йиллари 400 млн доллардан фойда кўриб турган. Биз 17-майда кирганмиз. Шундан бери худо хоҳласа биз ҳам ёмон даромад олмаймиз. Шунинг бари Қирғизистон бюджетига қолади», — деб билдирди Жапаров. Шунингдек ишчиларнинг «озиқ-овқатидан доҳил барча имконият» яхшиланганини таъкидлади.
Бундан ташқари, минкабнинг етакчиси Янги йил арафасида журналистлар учун матубот-турини ўтказиб, у ерда нима бўлаётганини кўрсатаман деб ваъда берди.