Садир Жапаров: «Қумтўр» 100% давлатга ўтди, Текебаев ақлдан озган ёки ҳасад қилмоқда

383

Президент Садир Жапаров «Ата Мекен» партиясининг лидери Ўмурбек Текебаевнинг «Қумтўр» бўйича айтганларига жавоб берди. 24-ноябрда теледебат вақтида Текебаев Қирғизистон «конни шунчаки босиб олган» деб билдирган эди. Шунингдек Текебаев мамлакатда «якка шахс ҳукуматини, ўзбилармон сиёсий тизими ўрнаганини» айтиб Жапаровни танқид қилган.

Президент Садир Жапаров 25-ноябрда aryba.kg нашрига интервью берди. Президентнинг матбуот котиби Эрбол Султанбаев «Клооп»га давлат раҳбари чиндан ҳам мазкур нашрга интервью берганини тасдиқлади.

Жапаров нима деб жавоб берди?

Жапаров Текебаевнинг айтганларини танқид қилиб, «Қумтўр» тўлиғи билан давлатга ўтганини билдирди.

«Текебаев ё ақлдан озган ёки ҳасад қилмоқда. "Ақлдан озган" деганим ўзи кўриб турган йўлнигина "мана шу йўл тўғри" деб ўйлайверадиган одати бор. Шундай қилавериб охири ўн йилда давтлатни ботқоққа ботирди. Масалани ҳал қилишнинг бошқа йўллари ҳам жуда кўп. Қумтўр 100 фоиз давлатга ўтди. Нуқта қўйилди. Буни наригилар ҳам [Centerra Gold Inc.] тан олди. Ҳозир жиноят ишлари олиб борилмоқда. Бир гуруҳ амалдорлар қамалди. Наригилар томонидан ҳам жавобга тортиладиганлари бор. Бир оз вақт керак. Битиши билан натижа чиқарамиз», — деди у.

«Қумтўр» конининг карьери. Сурат: Ислам Розиев / «Клооп»

Шунингдек, президент Текебаев 2012-йили «Қумтўр»ни Қирғизистонга ўтказиш масаласи кўтарилганда ўша вақтдаги президент Алмазбек Атамбаевнинг буйруғини бажариб, Жапаровнинг ташаббусига қарши чиққанини билдирди.

Унинг айтишича, Текебаев «Қумтўр» бўйича масалани «Ата Мекен» эмас, Жапаровнинг «Ата-Журт» партияси кўтараётганидан норози бўлган.

«2012-йили мен "Қумтўр давлатга ўтсин" деган масалани кўтариб, Жогорку Кенеш қий-чув бўлиб турганда Текебаев фракциянинг кабинетига тўплаб "атажуртчилар" шу масалани кўтариб чиқади, бизнинг орамизда йўқми кўтариб чиқадиганлар деб фракциясини койийди. Ичи куяди... Кейин овоз беришга келганда "Ата Мекен" фракцияси гуруҳи билан овоз бермай залдан чиқиб кетишган», — деб билдирди президент.

Унинг айтишича, агар депутатлар унинг ташаббусини қўллаганда, «8 миллиард АҚШ доллари бизда қоларди». Лекин президент қайси пул ҳақида гап бораётганини тушунтирмаган.

Садир Жапаров. Сурат: президент маъмуриятининг матбуот хизмати

«Қирғизлар ичи торлик оқибатида кўтарила олмаяпмиз. Ундан кўра барчангиз, оёқдан чалмай менга ёрдам беринглар. Маънавий ёрдаминглар керак холос. Ҳозир мен оддий халқнинг маънавий ёрдаминигина ёрдамини ҳис қилиб турибман. Анча-мунча сиёсатчилар қарши чиқяпсизлар. Аксинча, “Қумтўр”, “Мегаком” ва бошқа халқаро масалаларда бир мушт бўлиб қўллаб туринглар-да. Ҳаммамиз учун керак. Озгина бир камчиликка йўл қўйилса-ёқ тепалаб, ур-урлаб қолмай. Қирғиз фуқароларисиз-ку ахир», — деди Жапаров.

Текебаев нима деган?

Ўмурбек Текебаев 24-ноябрда КТРКда ўтган теледебат вақтида «Ата Мекен» партияси амалдаги ҳукуматга мухолифат ва «муқобил куч» бўлганини билдирган. Унинг фикрича, ҳозирда давлатда  «якка ҳокимият, ўзбилармонлик сиёсий тизими ўрнатилган».

«Биз Садир Жапаровга мухолифмиз, аммо унинг душмани эмасмиз. Қирғизда “дўст куйдириб, душман суйдириб айтади” деган гап бор. Бугун “суйдуриб айтганлар” президентнинг ёнида, ҳақиқатларни айтганлар душман деб эълон қилинди. Садир Жапаров сиёсий оппонентларигагина эмас, қишнинг совуғидан музлаганидан, қимматчиликнинг азбидан бугунги вазиятга норози бўлган оддий одамларнинг барини ўзига душман деб эълон қилди. Бу тўғри эмас. Президент — Конституциянинг, халқ бирлигининг кафолати», — деган теледебатда Текебаев.

Текебаев теледебат вақтида оппонетларидан бирига жавоб берар экан,  «биз “Қумтўрни [давлатга] ўтказиш ўрнига босиб оляпмиз, Centerra Gold Inc. компаниясининг бирорта ҳам акциясини ола олмадик» деб яна қўшимча қилган.

«Биз уни ўтказиб олмай, “Қумтўр”ни шунчаки босиб оляпмиз. Гўёки “Гаишник” машинани олиб, жарима майдонига тўхтатиб қўйганидек. “Эгаси қачон келаркин, қанча бераркин” деб кутиб ўтирибмиз», — деган сиёсатчи.

Ўмурбек Текебаев. Жонли эфирнинг скриншоти

Унинг айтишича, Садир Жапаров ҳатто 2012-йили, депутат бўлиб турган вақтда ҳам «Қумтўр»ни миллийлаштиришни таклиф қилмаган.

«“Садир Жапаровнинг 2012-йилги Жогорку Кенешга таклиф қилган низомини қўлласа, Қумтўр ўшанда Қирғизистонга ўтиб қолар эди” деган хато тушунча бор. У низомни биз қўлламаганмиз, чунки “2003-йили ва 2009-йили халққа қарши келишувга қўл қўйган амалдорлар жазолансин” деган таклифимиз у низомга кирмай қолган [...] Агар мен нотўғри айтсам, президентнинг матбуот хизмати эртага “Текебаев нотўғри айтяпти” деб чиқсин», — деган Текебаев.

Centerra’нинг позицияси

Канаданинг Centerra Gold Inc. компанияси ўзининг «Қумтўр Голд Компани» «шўъба» компанияси орқали Марказий Осиёдаги баланд тоғли йирик олтин кони Қумтўрни ишлатади. Қирғизистон Centerra Gold’ни акциясининг 26%га эгалик қилади ва компания акцияларининг йирик эгаси бўлиб ҳисобланади.

Аммо 2021-йилнинг майида Қирғизистон ҳукумати Канада ширкатини қонунбузарликда ва экологияга зарар етказганликда айблаб, «Қумтўр»га ташқи бошқарув киргизган. Centerra’нинг ўзида қирғиз ҳукуматининг ҳаракатини конни босиб олиш ҳаркати қатори сифатлашган.

Минкабнинг етакчиси Ақилбек Жапаров 20-ноябрда Centerra Қумтўр кони бундан кейин унга тегишли эмаслигини тан олди деб билдирган.

Акилбек Жапаров Қумтўр конида. Сурат: Минкабнинг матбуот хизмати

«Бундан бир неча соат аввал, Канада вақти бўйича 19-ноябрда, кечга яқин биржа савдоси якунлангандан кейин Centerra Gold Inc. компанияси уларга бундан кейин қирғиз элининг миллий мероси – Қумтўр кони тегишли эмаслигини тан олгани ҳақида қарор қабул қилди. Centerra Gold Inc. ўзининг баланс нархидан 926 млн. долларни  ҳисобдан чиқаришга ва Қумтўр кони назоратини йўқотганини билдиришга мажбур бўлди», — деган у.

Аммо, Канада ширкати минкаб етакчисининг сўзларини инкор қилган. Centerra’дагилар «Қумтўр» ҳали ҳам ишхонанинг шўъба ширкати бўлиб ҳисобланади деб билдиришган.

«Биз "Қумтўр" конини ноқонуний босиб олгани учун Қирғизистон ҳукуматини жавобгарликка тортиш бўйича барча қонуний ҳаракатларни давом эттирамиз. Бизнинг баёнотимизда янги ҳеч нарса йўқ. Фақатгина, 2021-йилнинг 10-августида кондаги бизнинг балансимиздаги бизнес-операцияни тўхтатганини билдирган эълоннигина ўз ичига олади», — деб тушунтирган Centerra’дагилар.