Люстрация, ёшлар ва қарилар. Навбатдаги теледебатда нималар айтилди?

331

25-ноябрда КТКР телеканалида парламент депутатлигига номзодларнинг навбатдаги теледебати ўтди.

Бу сафар дебатга «Улуттар Биримдиги» партиясининг лидери Мелис Мирзакматов, «Эл Умутү»дан номзод Улукбек Карибек ўғли, «Улуу Журт»нинг раиси Мирлан Орозбаев ҳамда «Кыргызстанды Бириктируучу Патриоттук партияси»нинг (КБПП) номзоди Кубатбек Алимбеков қатнашди.

Муҳокама асосан «эски сиёсатчиларнинг» атрофида бўлди. Мирзакматовдан бошқа барча номзодлар давлатнинг ривожланиши учун люстрация керак эканини айтишди. «Улуттар Биримдиги» партиясининг лидери «эски ёки янги деган тушунча йўқ эканини» — давлатни тажрибали одамлар обод қила олишини билдирди.

Олигархлар йўқ, мафия

Мирзакматов дебатда сўз олганда дарров «Улуттар Биримдиги» партиясида «олигархлар, собиқ депутатлар ва номи қора бўлган одамлар йўқлигини» айтди.

Мелис Мирзакматов. Жонли эфирнинг скриншоти

«Улуу Журт»нинг етакчиси уларни партиясининг мақсади — эскирган тизимни ва оқ уйни қўлга олиб олган мафияни тозалаш эканини таъкидлади. У шунингдек партиянинг таркибида собиқ ва амалдаги депутатлар йўқ деб билдирди.

КБППнинг номзоди Кубатбек Алимбеков қирғизистонликларнинг ҳаётни яхшилашга ҳаракат қилишини айтди. «Эл Умуту»дан Улукбек Карибек ўғли эса партиясида ёшлар тўпланганини таъкидлади.

Ваъдалар қанчалик ҳаққоний?

Теледебатнинг давомида олиб борувчи номзодлар дастурларини қандай қилиб ёзганини, уларнинг ваъдалари қанчалик ҳаққоний эканини сўради.

Мирзакматов дастур ёзиш учун вақт талаб қилишини таъкидлади. Шунингдек у собиқ депутатларнинг бари популизм билан шуғулланиб келганини қўшимча қилди. Натижада, Мирзакматов партиясининг дастури билан таништиришга улгургани йўқ.

Орозбаев эса партияси пенсия пособияларини ёки йўл таъмирини ваъда қилмаслигини таъкидлади. Унинг айтишича, «Улуу Журт»нинг қаторида «тоза номзодлар бор» ва улар «чириб қолган эски тизимни йўқ қилишмоқчи».

Мирлан Орозбаев. Жонли эфирнинг скриншоти

КБППнинг номзоди Алимбеков эса партияларни барининг дастури ўхшашлигини, унинг бари амалга ошмаслигини айтди. Айтишича, биринчи навбатда эски кадрлардан қутилиш керак.

Карибек ўғли «Эл Умуту» партиясининг 18 қадамдан иборат дастури бор эканини билдирди. У гап дастурда эмас, гап одамларда деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, фуқаролар шунчаки яхши сиёсатчиларни танлаб ололмайди.

Халқни кўпроқ нима ўйлантиради?

Теледебат давомида олиб борувчи номзодлардан халқни кўпроқ нима ўйлантиради, агар улар парламентга келиб қолса нима қилмоқчи эканини сўради.

Улукбек Карибек ўғли давлат халқнинг ишига аралашмай, ўз тизимларини назорат қилиши керак деган фикрни айтди. У сайловчиларни яна бир карра эски сиёсатчиларни қўлламасликка ундади.

КБППнинг номзоди ҳозирда пойтахт билан ҳудудларнинг ўртасида фарқ сезилаётганини билдирди. Унинг айтишича, сиёсатчилар пойтахтга етиб олгандан кейин бошқа вилоятларни унутиб қўяди. У мамлакатда вазиятни ўзгаририш учун эски кадрлардан қутилиш керак деган фикрда туради.

Кубатбек Алимбеков. Жонли эфирнинг скриншоти

Мирлан Орозбаев эски сиёсатчилар алмашмаётгани сабаб, ёшлар чорасиз қолди деб ҳам билдирди. Унинг айтишича, сайловчилар ҳозирда овозлари ҳеч нарсани ҳал қилмай қолди, аввалги юзлар яна қайта келади деб ўйлашади. У кўп ерда яхши одамлар бор, аммо гапнинг бари одамларда деб ҳисоблайди. Бундан ташқари, Орозбаев «Улуу Журт»нинг қаторида бу вазиятни ўзгартира олувчи номзодлар бор эканини айтди.

Мирзакматовнинг айтишича, улар халқ билан учрашганда умидсизликни пайқашган. У халқ қимматчилик ва қашшоқликдан қийналаётганини айтди. Мирзакматов ўлкада ун, ёқилғи мойи каби стратегик товарларни давлат тартибга солиши керак деб ҳисоблайди.

Ёшлар ва қарилар

Теледебатнинг номзодлар бир-бирига савол берувчи қисмида дебат иштирокчилари мурожаат билангина чекланишди. Номзодлар оппонентларига савол беришгани йўқ.

Масалан, Мирзақматов давлатни ёш ёки қарилар эмас, тажрибали ҳамда халол кадрлар обод қилади деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, оппонентларининг эски кадрлар ҳақидаги баёнотлари кўпроқ «болалар максимализмига» ўхшаб кетади.

У давлатни ривожлантиришда демагогия ва популизмга таянмаслиги керак деб таъкидлади. Мирзакматовнинг айтишича, давлатни «тажрибали менеджерларгина тузата олади» деган фикрда.

«Улуттар Биримдиги» лидерининг сўзларига Улукбек Карибек ўғли жавоб берди. У тажрибали сиёсатчилар ёшларни митингларга олиб чиқиб, ўз мақсадларига фойдаланиб, навбат сайловга келганда эса ёшларни тажрибасиз деб аташларини айтди.

Улукбек Карибек ўғли. Жонли эфирнинг скриншоти

Унинг айтишича, ҳозирда давлатда қайси бир «иқтисодий дастурлар эмас», халол ёш кадрлар керак.

Орозбаев ҳам давлатдаги вазиятни эски кадрлар билан ўзгартириш мумкин эмаслигини таъкидлади. У ҳам тизимни ўзгартириш учун янги одамлар керак деб ҳисоблайди.

КБППнинг номзоди ҳам люстрация ҳақида мавзу қўзғаб, Грузияни мисол қилди. Унинг айтишича, давлатда «танлов ўтказиб», давлат хизматларига ёш кадрларни олиш керак.

Партиянинг сафидаги депутатлар

«Улуу Журт»нинг лидери КБПП люстрация ҳақида айтаётганига қарамай партиянинг рўйхатида амалдаги депутат Гулшат Асилбаева (№8) бор эканини эслатди. Кубатбек Алимбеков сўз олиб, депутатга партиянинг дастури ёққанини ва Асилбаева парламентнинг янги чақирилишига келиб-келмаслигини халқ ўзи танлаши керак деб билдирди.

Айни савол билан Мирзақматов «Эл Умуту» партиясига ҳам мурожаат қилди. У партиянинг лидери ҳукуматга ёш кадрлар келиши керак деб айтганини, аммо сиёсий партиянинг рўйхатида собиқ депутат Даврон Собировнинг ўғли Шерзод Сабиров (№9) бор эканини билдирди.

«Мана бу Собиров Шерзод Давронович деган йигит, аввалги уч карра депутатнинг боласи. Иш қўзғалиб, Ўзбекистонга қочиб кетиб, сайловнинг олдида келиб олиб, боласини сизларга қўшибди. Шунинг учун айтаяпман, бошламай туриб халқни алдаманглар. Ўшга бориб, Собиров Даврон ким эканини сўрасанглар яхши жавобларни оласиз», — деб билдирди у.

Мирзақматовнинг номзод Шерзод Собировнинг ташвиқот варағини кўрсатмоқда. Жонли эфирнинг скриншоти

«Эл Умуту»нинг лидери Мирзакматовнинг номзод Шерзод Собировнинг тарғибот варағини кўрсатганини «ортиқча бўлиб қолди» деб атади.

«Кимларга жиноят иши қўзғалмади дейсиз, масалан сизга ҳам жиноят иши қўзғалиб қочиб юрдингиз-ку. Агар суд аниқласа, суд жавобга тортиши керак, ким бўлса ғам жавоб бериши керак», — деди Карибек ўғли Мирзақматовга жавобан.

«Эл Умуту» — ҳукумат партияси эмас

Улукбек Карибек ўғли телетомошабинлардан бирининг саволига жавоб берар экан, «Эл Умуту» ҳукуматга яқин партия эмаслигини билдирди. Унинг айтишича, партияни ҳеч бир куч бошқармайди, уларни партиядан қўрққан эски сиёсатчилар ҳукуматпараст деб аташади.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда «Эл Умуту» партияси президентнинг хотини Айгул Жапаровага тегишли деган маълумот тарқаган эди.

Аммо давлат раҳбарининг матбуот котиби бу маълумотни инкор қилиб, Айгул Жапаров қайсидир бир партияни молияламаган деб билдирган.

Номини айтишни истамаган ҳомий ҳақида

Бундан ташқари, телетомошабинлар «Эл Умуту»нинг номзодига аноним ҳомий ҳақида савол беришди. Аввалроқ бу партиянинг номзоди Канишай Риспекова Инстаграмдаги саҳифасига 5000 сомлик пулларнинг суратини эълон қилиб, «нотаниш одамлар уни қўллаб пул бериб юборганини», бу маблағ «Эл умуту» партиясининг ҳисобига ўтказилишини ёзган эди.

Бироқ бу сайлов қонунини бузиш бўлиб ҳисобланади. Чунки, «ҚР Президентини ва ЖК депутатларини сайлаш ҳақида» Конституция қонунининг  «Сайлов фондлари» ҳақидаги моддасига кўра, ўзини танитмай хайрия қилишга йўл қўйилмайди.

Кейин Риспекова бу маблағдан бош тортганини, партиянинг сайлов фондига эса ўз чўнтагидан маблағ тўкканини билдирган. Улукбек Карибек ўғли номини айтишни истамаган ҳомий ҳақидаги саволга очиқ жавоб бергани йўқ, аммо бир неча бор партияни қоралаш бўлаётганини айтди.

Сайлов-2021

Жогорку Кенешнинг депутатларини сайлаш 28-ноябрга белгиланган. Жогорку Кенешнинг янги чақирилиши 90 депутатдан иборат. Депутатлар 5 йиллик муддатга сайланади.

Парламент сайлови аралаш сайлов тизими орқали ўтади. 54 депутат ягона сайлов округидан, пропорционал сайлов тизими орқали сайланса, қолган 36 халқ депутати мажоритар тизим орқали бир мандатли сайлов округидан сайланади.

Давлат бўйича партияларнинг ва бир мандатли округлардан жами — 1300дан ортиқ номзод талабгор бўлмоқда. Сайловга 21 сиёсий партия қатнашмоқда.