Маршрутка билан ташилган эл. «Ата-Журт Қирғизистон»нинг Қорасувдаги тадбири текширилади

371

Фейсбукда «Ата-Журт Қирғизистон» партияси Қорасув туманининг марказий стадионидаги ташвиқот учрашувига «халқни маршрутка билан ташиб келди» деган видео тарқади. Милиция бу факт бўйича текширувни бошлади.

Нима бўлди?

11-ноябрь куни Фейсбук фойдаланувчиси Эрлан Жунусов Қорасув шаҳридаги Жоомарт Бўкўнбаев номидаги сайлгоҳнинг олдидан олинган видео юкланган. Унда тахминан ўндан ортиқ маршрутка турганини, уларнинг биридан одамлар тушиб-чиқаётганини кўриш мумкин.

Видеонинг муаллифи «Ата-Журт Қирғизистон» аҳолини ҳар қишлоқдан тўплаб келганини айтиб, 15га яқин маршруткани санаб, яна 5-6си кетди деб билдирган. У партияни «ҳукуматга яқин» деб атаб, уларга келганда «қонун ишламай» қоладими деб савол қўйган.

«Қайси ҳукумат келса ҳам ўзининг ўчоғига кул тортар экан-да. Ҳукуматнинг партияси аталган “Ата-Журт Қирғизистон” бугунги Қорасувда бўлган учрашувга одамларни кичик автобуслар билан ташиб юради. Ҳар ердан тўплаб келишмоқда. Бошқаларга қонун ишлайди-ю, ҳукуматнинг партиясига келганда ишламай қоладими? Булар ҳам бирор нарсани эплолмайди шекилли» — деб видео остига ёзган у.

Ўш вилоят ИИБдан мазкур фактни маълуомтларнинг электрон журналига қайд этилганини, Қорасув туман ИИБи «овоз сотиб олиш» бўйича текширув бошлаганини билдиришди. МСКдан эса «Клооп»га воқеа бўйича ишчи гуруҳ текширув олиб боришини айтишди.

«Ата-Журт Қирғизистон» партиясидан воқеа бўйича изоҳ олишнинг имкони бўлмади. Аммо партиянинг Фейсбукдаги саҳифасидан 11-ноябрь куни номзодлар чиндан ҳам Қорасув туманининг турғунлари билан учрашганини кўриш мумкин.

Ташвиқот вақтида партиянинг асосчиси ва лидери Айбек Маткеримов, депутат Бакит Торобаев, ёш сиёсатчи Бактияр Калпаев, «Россия Нефть» компаниясининг етакчиси Алишер Козуев, экс-депутатлар Надира Нарматова ҳамда Турсунбай Бакир ўғли, шунингдек, президентнинг собиқ маслаҳатчиси Равшан Сабиров қатнашган.

11-ноябрь, «Ата-Журт Қирғизистон»нинг ташвиқот тадбирига келган турғунлар. Суратлар Жаркин Кадиркуловага тегишли.

«Ата-Журт Кыргызстан» ва Ташиев

Айбек Маткеримов ва Қамчибек Ташиев

Жамоатчиликда «Ата-Журт Қирғизистон» партияси МХДҚнинг етакчиси Қамчибек Ташиевга тегишли деб айтилади. Аммо Ташиевнинг ўзи бу маълумотни инкор қилган.

Адлия вазирлигининг сайтида эса мазкур партиянинг етакчиси қатори Айбек Маткеримов кўрсатилган.

Маткеримов Камчибек Ташиевнинг ҳамқишлоғи — у 2016-йилдан бошлаб 2020-йилнинг октябрига қадар Барпи қишлоқ ҳукуматида  «Ата-Журт» партиясидан депутат бўлиб турган.

Шунингдек 2017-йили Жалолобод шаҳар кенгашига «Ата-Журт» партиясидан номзод бўлган. Ўтган йилнинг октябрида натижаси йўққа чиқарилган парламент сайловига «Мекенчил» партияси билан отланган.

Унда «Мекенчил»ни Қамчибек Ташиев бошлаб борган. Бундан ташқари Ташиевнинг ўғли Тай-Мурас Ташиев ҳам Жалолобод шаҳар кенгашига «Ата-Журт Қирғизистон» партиясидан депутат бўлиб сайланиб, аммо октябрь ойининг бошида мандатни топширган. Буни у «бизга сиёсатга аралашишга эрта деб» тушунтирган.

Ташиев ўзи 2010-йили Жогорку Кенешга «Ата-Журт» партиясининг таркибида келган. Бунга қадар у парламентда 2005-2007-йиллари депутат бўлган.