«Қирғизкўмир»даги саботаж. Садир Жапаров Қирғизистондаги энерготизим муаммоси ва кўмир қазиб олишдаги кечикишлар бўйича изоҳ берди

393

Президент Садир Жапаров 9-ноябрь куни Фейсбук саҳифасида давлатдаги энергетика инқирози ва кўмирнинг қимматлаши бўйича навбатдаги изоҳини эълон қилди.

«Акс ҳолда, мени, келиб-келиб энергетика тизимини инқирозга ботириб юборгандек кўрсатиб, танқид қилаётган айрим фуқароларимиз ижтимоий тармоқлардан чиқмай қолди», — деди президент.

Энергетика инқирози ҳақида

Садир Жапаров охирги ўн йилдан бери ГЭС қурилмагани сабаб ва «еб кетган амалдорлар» ортидан электр тизими 140 миллиард сомга қарзга ботганини яна бир ёдга солди. Унинг айтишича, у ҳукуматга келгандан бошлаб вазирлик қарздан қутила бошлаган ва мамлакатда кичик ҳамда ўрта ГЭСларнинг қурилиши бошланган.

«Ўтган йили мен ишга янги киришганда энергетика тизимининг аҳволини кўриб тепа сочим тик турган. Ўша пайтдаёқ энергетика вазирлигига “Бундан кейин бир тийин ҳам қарз олмайсизлар. Импортни беш сомдан олишни тўхтатамиз. Бизда ўз нархи қанча бўлса шунчадан оламиз, ёки ўзимиздан ишлаб чиқарамиз” топшириқ берганман», — деб ёзди у.

Жапаров бугун импортнинг баҳоси икки сомнинг атрофида бўлмоқда деб таъкидлаб, Қирғизистонни 2024-2025-йилларга энергокризисдан олиб чиқишни ваъда қилди.

«Импорт эмас, экспорт қилувчи давлатга айланамиз. Бунгача энергетика вазири Доскул Бекмурзаевни “қовуриб” есанглар ҳам бу [энерготизим] инқироздан чиқмайди Анча-мунча мушкулликлар бўлиши табиий. Имкон йўқ чидаймиз», — деди Жапаров.

«Қирғиз кўмир»даги саботаж

Давлат раҳбари Қирғизистонда кўмир қазиш кеч бошланганини тан олиб, бунга «Қирғиз кўмир» давлат ишхонасидаги саботаж сабаб бўлганини билдирди. Жапаровнинг айтишича, шунга қарамай Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги техникасини ишга киргизиб, кўмир қазишни тезлатиб улгуриб қолганини таъкидлади.

«Ҳозир ҳам саботаж давом этмоқда. Чунки у ердаги коррупцияни йўқ қиляпмиз», — деб ёзди президент.

Коррупцияга мисол қатори Жапаров Бишкек иссиқлик электр марказидаги (ИЭМ) воқеаларни келтирди.

Унинг айтишича, бунга қадар Қара-кече конидан олинган кўмир Балиқчи шаҳридаги кўмир омборига келиб, «қабул қилинди» деб қайд қилиб юрилган. Аммо амалда омборга ҳеч қандай кўмир туширилмаган.

Бишкекдаги ИЭМ. Сурат: Даниль Усманов / kloop.kg

«Аниқроқ айтсам, “воздух” келади. “Воздух” кўмирнинг ўрнини нима билан тўлдиришар экан демайсизларми? Балиқчидаги омбордан қум аралаштириб юборишар экан. Мана шундай қилиб, [Бишкек] ИЭМга олиб келганда “туя кўрдингми, йўқ” бўлиб ўтиб кетиб турган. Қара-Кечадан бошлаб, ИЭМга бўлганлар билан қумдан тушган фойдани бўлишиб туришган. Шундай қилиб, ИЭМ қум аралашган кўмир ёқиб юрган», — деди Жапаров.

Президент бу воқеа бўйича бир неча одам қўлга олиниб, қум аралашган кўмир ёқиш тўхтатилганини хабар қилди. Шунингдек у «бошқа коррупция ишларининг устидан ишламоқдамиз» ва «чириб қолган тизимларни тозалаяпмиз» деб қўшимча қилди.

«Қара-Кече»даги коррупция

Қара-Кече кўмир кони

Жорий йилнинг 2-мартида МХДҚ «Қирғиз кўмир»ни «Қара-Кече» филиалининг икки ходимини, шунингдек Транспорт ва йўл вазирлигига қарашли «Турускул» вазн ўлчовчи пунктининг икки нозирини «Коррупция»да гумон қилиб қўлга олган.

Махсус хизмат «Қара-Кече»нинг ходимлари кўмирни «тўсқинликсиз» юклаш учун ҳар бир ҳайдовчидан минг сомдан олганларини аниқлаган. «Турускул» пунктининг инспекторлари эса ташилаётган кўмирнинг рухсат берилган вазндан кўп бўлишига кўз юмиши учун ҳар бир ҳайдовчидан 500 сомдан олиб тургани айтилган.

3-августда эса МХДҚ «Қирғиз кўмир»нинг ўша вақтдаги етакчиси Канатбек Аширбаевни ҳамда «Кара-Кече» филиалининг ҳисобчисини «Коррупция» шубҳаси билан қўлга олган.

Тергов версияси бўйича, гумондорлар Кара-Кече кўмир конида қазилган кўмирнинг кўлами 370 минг тоннага, пулини эса 600 млн сомга кам кўрсатишган. Улар буни кўмирни  «ўз манфаати учун турли компанияларга сотиш» учун қилгани айтилган. Гумондорлар махсус хизматнинг тергов изоляторига киргизилган.

«Қирғиз кўмир»нинг янги директори Мирлан Жакипов ҳозирда Қара-Кече кўмир конини «Альфа»нинг спецназчилари ИИВнинг ходимлари билан биргаликда ҳимоя қилаётганини хабар қилган.