Ўш ШИИБ: «Азаттык»нинг ташвиқот тадбирида балоғатга етмаган талабалар қатнашгани аниқлади

417
Скрин: Идирис Исаковнинг Youtube-канали

«Азаттык» партиясининг Ўш шаҳрининг марказий майдонида ўтказилган ташвиқот тадбирига Ўш давлат университетининг балоғатга етмаган талабалари қатнашган. Бу ҳақда 5-ноябрда Ўш шаҳар ички ишлар бошқармасининг матбуот хизмати хабар қилди.

Милициядан хабар қилинишича, ЎшДУнинг ўқитувчилари ўз талабаларини «экскурцияга борамиз» деб алдаб, марказий майдонга олиб келган. Мазкур маълумотни талабалар сўроқ вақтида айтиб беришган.

Ўш ШИИБнинг терговчилари жами бўлиб 15 талаба ва саккиз нафар ўқитувчини сўроққа олишган.

«Уларнинг [талабаларнинг] барини ёши 18га етмаган, паспорт олмаган бўлган [...] Терговнинг давомида мазкур ўқув юртининг ўқитувчилари ўз талабаларини буйруқ ва алдов йўли билан марказий майдонга олиб келгани аниқланган», — деб берилади билдирувда.

Ўш ШИИБдан «Маъмурий ресурсни суиистеъмол қилиш» моддаси билан очилган иш яқинги кунлари судга ўтишини ва бир неча ўқитувчига айб қўйилганини билдиришди.

*Қилимишлар тўғрисидаги кодексда бу модда бўйича «маълум бир хизмат ўрнини эгаллаш ёки маълум бир ишни олиб бориш ҳуқуқидан ажратиш» билан 30 мингдан 60 минг сомгача жарима кўрсатилган.

«Азаттык» партияси ва талабалар

3-ноябрда Ўш шаҳрининг марказий майдонида «Азаттык» партияси ташвиқот тадбирини ўтказиб, унга 100дан ортиқ киши қатнашган. Ўша куни ижтимоий тармоқларда тадбирга «Ўш давлат университетининг Педагогика, психология ва жисмоний тарбия факультетининг талабалари қатнашмоқда» деган маълумот тарқаган.

Журналист Идирис Исаков эса ўша жойга бориб учрашувга келган ёшлар қайси университетнинг талабалари эканини сўраган. Уларнинг айримлари ЎшДУнинг, айримлари ЎшТУнинг талабалари эканини тасдиқлашган. Шунингдек талабалар уларни марказий майдонга ўқитувчилар ва декан олиб келганини билдиришган.

Ўша куни Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси тергов бошлаган. ЎшДУ эса икки ўқитувчисига хайфсан эълон қилиб, Педагогика, психология ва жисмоний тарбия факультетининг деканига огоҳлантириш берган.

«Азаттык»нинг номзоди собиқ депутат Жилдизкан Жўлдошеванинг айтишича эса, Ўшдаги сайловолди ташвиқоти давомида ҳеч қандай қонунбузарлик бўлмаган.

«18 ёшга тўлган, паспорти бор фуқароларимизнинг ҳар қандай партия йиғилишларида қатнашиши, дастурларини тинглаши уларнинг конституциявий ҳуқуқидир. Бу конституциявий ҳуқуқни чеклаб қўймаслик керак», — деди Жўлдошева.

Шунингдек, Жолдошева ташвиқот тадбирига талабаларни ўқитувчилар олиб келганини аниқлаган суриштирувчи журналист Идирис Исақокни «бировнинг буйруғини бажарди», «нотўғри маълумот тарқатди» деб билдирди.