Ўш мэриясининг расмий саҳифасидан Сарибашовнинг ташвиқот видеоси тарқатилди

369
Ўш мэриясининг расмий саҳифасидан Сарибашовнинг ташвиқот видеоси тарқатилди

Ўш шаҳар мэриясининг фейсбукдаги расмий саҳифаси 5-ноябрда собиқ мэр, «Ата-Журт Қирғизистон» партиясининг номзоди Таалайбек Сарибашовнинг ташвиқот видеосининг «Ош Пресс Клуб» гуруҳига бўлишди.

Мазкур видеони дастлаб 260 мингдан ортиқ обуначиси бор бўлган Tez Kabar news канали эълон қилган. Унда Сарибашовнинг халқ билан учрашиб ўтказган ташвиқот тадбирини ёритади.

Видеонинг эълон қилиниши бўйича мэриянинг матбуот хизматининг етакчиси Керимбек Калыкуловга боғланганимизда у бундан хабари йўқ эканини билдирди. Шунингдек видеони «мэриянинг ходимлари эълон қилмаган» деб ишонтирди.

Каликулов видеони матбуот хизматининг собиқ етакчиси Азамат Абсаттаров ёки собиқ ходими Замира Ниязбекова бўлишган деб тахмин қилди. Матбуот котиби мазкур кишилардан мэриянинг саҳифасига кириш имконини олишини айтиб, хизмат текшируви олиб борилаётганини қўшимча қилди.

*Азамат Абсаттаров Сарибашовнинг даврида Ўш мэриясининг матбуот хизматини бошқарган. Собиқ мэр Бишкек мэрининг вазифасини бажарувчиси бўлиб тайинланганда эса унинг маслаҳатчиси бўлган. Сайловда Абсаттаров Таалайбек Сарибашов учун ишламоқда.

Абсаттаров «Клооп»га берган интервьюсида бугунгача Ўш мэриясининг саҳифасига кириш имкони бўлганини тасдиқлади. Шунингдек у ташвиқот материаларини мэриянинг саҳифасидан «техник хато сабаб бўлишиб юборган бўлиши» мумкинлигини айтди.

«Уни мэриядагилар бўлишгани йўқ, менга ҳам эрта билан қўнғироқ қилиб айтишди. Шахсан мен техник хато сабаб саҳифада бўлишиб юборган бўлишим мумкин. Очиғини айтганда эслай олмаяпман [...] Мэрия бўлишганига ишонмайман, чунки мен у саҳифани ишлатиб юрганман, вақтида. Аммо ўша кунгача админ бўлиб юрганимни билмагандим», — деди Абсаттаров.

Шунингдек Абсаттаров Ўш мэриясининг матбуот хизматида аввал ишлаган Замира Ниязбекова билан ҳам боғланганини, у видеони бўлишмаганини айтди дейди.

Ўш ХСКнинг етакчиси Бакит Алматов «Клооп»га бу фактни суриштирувга юборилганини, унга кўра тегишли кишилар жазоланишини билдирди.

«Бу бўйича текширув олиб борилади, ҳеч кимни аяб ўтирмаймиз», — деб ваъда қилди у.

«Ата-Журт Қирғизистон» ва Сарибашов

Таалайбек Сарибашов «Ата-Журт Қирғизистон» партиясининг съездида. Сурат: «Вечерний Бишкек» нашри

Таалайбек Сарибашов парламент сайловига «Ата-Журт Қирғизистон» партиясининг рўйхатида №5 қатор рақамида бормоқда.

Жорий йилнинг апрель ва июль ойларида шаҳар кенгашига ўтган сайловларда бир неча партиялар «Ата-Журт Қирғизистон»ни маъмурий ресурс қўлланишда айблашган. Ўшанда ўша вақтдаги мэри Таалайбек Сарибашовнинг ҳам номи тилга олиниб, жамоатчиликда Сарибашов «мазкур партияни қўллайди» деган гаплар тарқаган.

«Ата-Журт Қирғизистон»дан номзодларнинг деярлик ярми давлат ва муниципал ходимлар бўлган.

Июлдаги қайта сайлов арафасида эса президент Садир Жапаров Сарибашов билан учрашиб, унга «админресурсга йўл қўймаслик»ни топширган.

Бироқ Сарибашов 11-июлда «икки сайловда ҳам маъмурий ресурс қўлланилмаганини» айтиб, унинг «Ата-Журт Қирғизистон»га  «алоқаси бор» деган маълумотни «туҳмат» деб атаган. Шунингдек «депутатлар қўллаб берса» қайтадан мэр бўлиш нияти бор эканини айтган эди.

Шунга қарамай сайловдан кейин Сарибашов хизматидан олиниб, Бишкек шаҳри мэрининг вазифасини бажарувчи бўлиб тайинланган. Аммо ўн кундан кейин ўз истаги билан хизматини топшириб, парламент сайловига қатнашиш нияти борлигини билдирган.

Жамоатчиликда «Ата-Журт Қирғизистон» партияси МХДҚнинг етакчиси Қамчибек Ташиевга тегишли дейилган гаплар тарқаган. Чунки партияни унинг ҳамқишлоғи, аввалги «Мекенчил» партиясининг аъзоси — Айбек Маткеримов бошқаради.

Шунингдек бу партия билан Ташиевнинг ўғли Тай-Мурас Жалолобод шаҳар кенгашига депутат бўлиб, кейинчалик мандатини топширган. Қамчибек Ташиев ўзи партия унга тегишли дейилган маълумотни инкон қилган.