Ўш шаҳрида кўп қаватли уйдан сакрашга ҳаракат қилган аёл қутқарилди

428

Ўш шаҳридаги кўп қаватли уйнинг балконидан сакраб, ўз жонига қасд қилишга ҳаракат қилган аёл қутқарилди. Бу ҳақда Фавқулодда ҳолатлар вазирлигининг матбуот хизмати 29-октябрда билдирди.

ФҲВнинг маълумотига кўра, 35 ёшдаги аёл Ўш шаҳрининг Жим кўчасидаги 12 қават уйнинг тўққизинчи қаватидан сакрашга ҳаракат қилган.

Воқеа бўлган жойга келган ФҲВнинг тўрт ходими аёлни қутқариб, тез ёрдам хизматига ўтказиб берган.

Ўш ШИИБнинг матбуот хизмати тарқатган маълумотда аёлни милиция ходимлари қутқаргани айтилади.

«12 қаватли уйнинг 10-қаватининг балконидан сакрашга ҳаракат қилган аёлни чақирув бўйича борган милиция ходимлари қутқариб қолишди. Милиция ходимларининг айримлари уни чалғитиб, бошқаси ортидан келиб ушлаб қолишга улгуришди», — деб айтилади билдирувда.

Шунингдек, милициядан аёл оилавий муаммолар сабаб ўз жонига қасд қилишга ҳаракат қилиши мумкин дейишди.

Аёл турмуш ўртоғи билан ажрашиб, суднинг қарори билан кичик боласи отаси билан қолган. Бундай йўл билан боласини ўзига қайтариб олмоқчи бўлган деган версия текширилмоқда. Эр-хотин орасида олти нафар бола бор.

27-октябрда Бишкек шаҳрида қурилаётган уйнинг 8-қаватидан сакраган 22 ёшдаги йигит касалхонага етмай вафот этган.

Милиция ва ФҲВнинг ходимлари ёш йигит билан бир неча соат давомида сўзлашган. Бироқ бу ҳеч қандай натижа бермаган. Марҳумнинг яқинлари ФҲВнинг ходимлари ва милиция болани сақлаб қолишга «тегишли чора кўрмаган», деб айблашмоқда.

Кейинчалик ФҲВнинг матбуот хизмати боланинг ўлими бўйича ички текширув бошланганини хабар қилган.