Жогорку Кенешнинг депутати Бакитбек Жетигенов марказий сайлов комиссиясига сайловга қатнашмаслик ҳақида ариза берди. Бу ҳақда 25-октябрда МСКнинг ҳуқуқий таъминлаш бўлимининг бошчиси Медина Кутбердиева маълум қилди.
Жетигенов номзодини №31 Чуй-Кемин сайлов округидан кўрсатиб, ҳужжатларини тўлиқ топширган. Бироқ у нима сабабдан сайловга қатнашишдан бош тортганини МСК очиқлаган эмас.
МСКнинг аъзолари Жетигеновнинг аризасини қаноатлантириб, уни рўйхатга олмади.
Шунингдек, МСК бир мандатли округлардан номзодини кўрсатган 18 кишини сайловга рўйхатга олишдан бош тортди — уларнинг 17си сайлов гаровини тўлаган эмас. Бунгача МСК 14 кишининг номзодини рўйхатга олмаган.
«Ҳукуматни куч билан босиб олишга ҳаракат қилиш» иши
Жетигенов бир нечта депутатлар ва сиёсатчилар билан биргаликда шу йилнинг 15-сентябрида Ички ишлар вазирлигида сўроқ қилинган. Улар «Ҳукуматни куч билан босиб олишга ҳаракат қилиш» моддаси билан очилган судгача текширув асосида сўроқ қилинган.
Терговга бир неча маданий арбобларнинг президент Садир Жапаровга йўллаган хати сабаб бўлган. Улар «айрим сиёсатчилар 17-сентябрда 100 минг киши иштирокида митинг ўтказиб, ҳукуматни босиб олишга ҳаракат» қилаётганини билдиришган.
Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларда «Курсан Асанов, Жанар Акаев ва бошқа ҳукуматни босиб оламиз деб сўзлашганини қисқача парчаси» деган аудио ёзув тарқалган. Унда эҳтимол Асанов билан «Толубай» очиқ ҳиссадорлик жамиятининг директорлар кенгашининг собиқ аъзоси Алмаз Сарибаев «тартибсизлик уюштириш» ҳақида сўзлашгани ёзилган деб айтилади.
Сўроқ вақтида милиция Асанов ва Сарибаевни қўлга олиб, улар қамалган. Кўп ўтмай мустақил экспертлар бу аудио ёзув монтаж қилинганини аниқлашган. Бироқ ИИВ буни далил сифатида тан олишдан бош тортган.
Сўроқ қилинган депутатларнинг бири Жанар Акаев бу сўроқни «сайлов билан боғлиқлиги бор» деб билдирган. Президентга мурожаат қилган маданий арбоблар хат «ўзгартирилганини» айтишган.