Президент Садир Жапаров 23-октябрдаги матбуот анжуманида божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимовни давлат хизматига олиб келиш нияти йўқлигини билдирди.
«Матраимов бюджетга 2 млрд сом тўкди. Бундан ташқари, унинг мулкларини олдик. Савдо маркази давлат тасарруфига ўтиб, аҳолига хизмат кўрсатиш маркази бўлиб ишламоқда. Қолаверса квартиралари олинган. Уларни шифокорларга бердик. Ҳа, у айбини тан олгани учун келиб тўкди [давлатга келтирган зарарнинг ўрнини]. Уни хизматга олиб келиш керак, менежер деганни "ўзларини блогер ҳисоблаганлар" чиқарса керак. Давлатнинг бундай сиёсати йўқ», — деди президент.
Агар Жапаров блогер деб Жогорку Кенешнинг айрим депутатларини айтаётган бўлса, унда ҳақиқатдан ҳам шундай. Сабаби шу парламент депутатлари коррупционер эканини тан олган собиқ божхоначининг менежерлик сифатини юқори баҳолаб, яна ҳукуматга олиб келишни сўрашган эди.
Парламентдаги «блогерлар» кимлар?
Октябрнинг бошида депутат Мейкинбек Абдалиев Матраимовнинг божхона хизматидаги профессионаллигини икки марта мақтаган эди.
Абдалиев Матраимов юк ташишнинг йирик тармоғини тузиб, бунинг натижасида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар қўшни ҚОзоғистон билан рақобатлашишга шароит яралган деган аргументни айтган. У Матраимовнинг схемаси бузилгани сабаб, бизнес тўлиқ ҚОзоғистонга ўтиб кетди деб ҳисоблайди.
Журналистик суриштирувларга таянсак, Матраимов тадбиркор Хабибула Абдукадирга қиммат товарларни арзон текстиль деган ном билан Қирғизистон орқали олиб ўтиб, тегишли солиқларни тўламасдан чиқариб кетишга шароит яратган коррупция схемасининг бошида турган.
У 7-октябрда парламент йиғинида давлатнинг божхона хизматининг раиси Самат Ибраевге «уялмай Райимбек Матраимовга ёрдам сўраб мурожаат қилишни» таклиф қилган. Абдалиев бу қадам Хитойдан товарни олиб келишни масаласини ҳал қилишга ёрдам бера олади деб ҳисоблайди.
Ҳақиқатдан ҳам оғир юк ташувчи қирғизистонлик ҳайдовчилар бир неча марта норозилик акциясига чиқиб, Хабибула Абдукадирнинг «Абу Сахий» компаниясидан шикоят қилиб ОАВга мурожаат қилишган. Компаниянинг машиналари Хитой чегарасидан тўсқинликларсиз ўтаётганда қирғиз ҳайдовчилари тўсқинликларга, қўрқитишларга учрашган.
МХДҚ раиси Камчибек Ташиев Райимбек Матраимов борган тўйда ўтиргандан кейин Жогорку Кенеш депутатлари биридан трибунада туриб, собиқ божхоначи Райимбек Матраимовни оқлай бошлаган.
«Республика Ата-Журт» фракциясининг депутати Бактибек Райимкулов Матраимовни министрлар кабинетига қайтариб келиш керак деб айтиб, тегишли таклифини Ташиевга йўллаган. Унинг айтишича, собиқ божхоначи яхши йигит, уни қоралаганлар ўлкага хавф олиб келишни истаган сотқинлар.
Райимкуловдан кейин Матримовни ҳимоя қилиб янги келган депутат Шайлообек Атазов сўзлаган.
«Райимбек Матраимов деяпсизлар, унга ўхшаган менежерларни олиб келиб [давлат хизматига] қўйиш керак. У билан бир дастурхонда ўтирса нима бўлибди? Жиноятчи бўлиб қолибдими?» — деб жавоб берган Атазов Дастан Бекешевга.
Шундан сўнг Атазов Матраимовни коррупционер ёки коррупционер эмаслигини фақат суд ҳал қилади деган фикрни айтган.
«Судда исботлаб беринг. Кейин сўзлашамиз!» — деган Атазов.
Бироқ Атазов Бишкекнинг Биринчи май туман суди Матаримовни коррупцияга айбдор деб топиб, 260 минг сом жарима тўлаган кунни ўтказиб юборган кўринади.
Таъкидлаб ўтувчи ҳолат, Атазов билан Райимкулов Матраимовни қўллаган митинглардан қолмай қатнашиб келишади. Бу иккисидан ташқари коррупционердан фойдаланганларнинг орасида депутатлар Мирлан Бакиров, Таабалди Тиллаев ва Искендер Матраимов ҳам бор.
Матраимов ва коррупция
Райимбек Матраимов икки йилдан ортиқ — 2015-йилдан 2017-йилгача — қирғиз божхонаси раисининг ўринбосари бўлган. бироқ у божхона тизимларида 10 йилдан ортиқ ишлаган. Бу орада у хитойлик тадбиркор Хабибула Абдукадирнинг яширин клани билан бирга коррупция схемасини йўлга қўйган.
Абдукадирнинг оиласи Хитойдан Қирғизистонга кейин Марказий Осиё давлатларига ноқонуний юк ташиётган вақтда Матраимов бу схема бузилмай ишлашига ёрдам бериб, бунинг учун оиласининг ҳайрия фонди ҳисобига «садақа» олиб турган. Абдукадирнинг клани Қирғизистонга камида 700 млн АҚШ долларини чиқариб кетган — бу журналистлар исботлаб берган сумма.
Матраимов ва унинг қариндошлари коррупция схемалари ортидан қанча пул топишгани ҳам маълум эмас. Бироқ унинг оиласини кутилмаганда (ва ноқонуний) бойигани маълум бўлган. Масалан, журналистлар Қирғизистоннинг ҳудудида ҳам, чет мамлакатлардан ҳам Матраимовларнинг оиласига қарашли қимматбаҳо мулкларни топишган. АҚШда Матраимов билан унинг аёли «Магнитский рўйхатига» киритилган.
Матраимовларнинг клани қирғиз сиёсатига катта таъсир қилган — унинг катта акаси Искендер Матраимов парламент депутати. Уларга қарашли «Мекеним Кыргызстан» партияси 2020-йили 4-октябрда ўтган парламент сайловида ғолиб бўлган.
Бироқ норози бўлган фуқаролар Оқ уйни босиб олишгандан кейин сайловнинг натижаси бекор қилинган. Митинг чиқишига сайловда маъмурий ресурсдан фойдаланилгани, сайловчиларнинг овозларини сотиб олиш ва ўзгартириш сабаб бўлган. кўпинча овоз сотиб олишга шу «Мекеним Кыргызстан» партиясини айблашган.