22-октябрда Норин шаҳар кенгашининг депутатлари хусусий тадбиркор ва амалдаги депутат Арслан Сталбек ўғлини шаҳар раҳбари қилиб сайлади. Сталбек ўғлининг номзодини 31 депутат орасидан 16си қўллади. Бу ҳақда «Клооп»га Норин шаҳар мэриясининг матбуот котиби Нурзада Мукашова билдирди.
Мукашованинг айтишича, Норин шаҳар мэрлигига номзодини Сталбек ўғли ва Эмилбек Чимилдаков кўрсатган. Чимилдаков шаҳар кенгашининг собиқ депутати ва Норин шаҳар муниципал мулкни бошқариш ва аҳоолига хизмат кўрсатиш бўйича муниципал ишхонанинг директори.
«Йиғинга шаҳар кенгашининг 31 депутати тўлиқ қатнашди. Кўпчилик коалиция икки номзод орасидан Арслан Сталбек ўғлига овоз беришди. Эмилбек Чимилдаковни 14 депутат қўллади. Бир депутат икки номзодга ҳам қарши чиқди» — деди у.
Арслан Сталбек ўғли ким?
Арслан Сталбек ўғли 31 ёшда, у Норин шаҳрида туғилиб-ўсган. Янги мэр 2008-2013-йили «Ала-Тоо» халқаро университетида молия ва насия, банк ишлари бўйича таҳсил олган.
Сталбек ўғли 2013-йили KICB банкда, 2015-йили «Бакай банк»да насия эксперти бўлиб ишлаган. 2016-2017-йиллари у «Бакай банк»да насия бўлимининг бошчиси бўлган. 2017-2018-йиллари Сталбек ўғли «Азия банк»нинг насия операцияларини текшириш бўлимининг мутахассиси бўлиб ишлаган.
2020-йили у банк тармоғидан кетиб, Муканбетов номидаги бетон заводида бош муҳандис бўлган. 2021-йилдан бошлаб у «М. Стард» қурилиш компанияси директорининг ўринбосари бўлган.
Юстиция вазирлигининг базасида Сталбек ўғли «М. Стард» компаниясининг асосчиси сифатида кўрсатилган.
Собиқ мэр Болотбековнинг қўлга олиниши
Норин шаҳрининг собиқ мэри Самарбек Болотбеков «Фирибгарликда» гумонланиб, МХДҚ томонидан 18-сентябрда қўлга олинган.
Тергов версияси бўйича Болотбеков парламентнинг собиқ депутати Руслан Чойбековнинг ишига алоқаси бор. Чойбеков 2020-йилнинг октябридаги парламент сайловида алдов йўли билан йирик миқдордаги пулни ўзлаштиришда гумонланиб қўлга олинган.
20-сентябрда Бишкекнинг Биринчи май туман суди Самарбек Болотбековни ҳеч қаерга кетмаслик тилхати асосида бўшатган. 29-сентябрда Болотбеков истеъфога чиқиш ҳақида ариза ёзган.
21-октябрда президент Садир Жапаров «маҳаллий давлат маъмурияти ва маҳаллий ўз-ўзини бошқариш ҳақидаги» қонунни имзолаган. Унда энди республика ва вилоят миқёсидаги мэрларни ва ҳокимларни президент тайинлайди деб ёзилган. Шунингдек, янги қонунга кўра, маҳаллий турғун туғилган ерида ҳоким, мэр ёки қишлоқ бошчиси бўлолмайди.
МСК Норин шаҳар мэрини сайлашни 6-октябрга белгилаган — унда маҳаллий ҳукумат ҳақида эски қонун кучида бўлган.