Ўзганда пенсионер милиция тарафидан қийноққа учраганини айтиб чиқди

466
Сурат: Қийноқларни олдини олиш бўйича миллий марказ

Ўш вилоятининг Ўзган туманига қарашли Шерали қишлоғининг 60 ёшдаги турғуни 11 октябрда Қийноқларни олдини олиш бўйича миллий марказга ариза билан мурожаат қилди. Турғун Ўзган туман милициясининг ходимлари томондан калтакланиб, «жинсий зўравонлик билан қўрқитилганини» айтган.

Жабрланган пенционернинг айтишича, 5 октябрда милиция ходимлари унинг 85 ёшдаги қўшнисининг ўлими бўйича уни Ўзган ТИИБсига сўроққа чақирган. Шунингдек, куч органлари унинг уйида «ҳужжатларни кўрсатмасдан» тинтув ўтказган.

Сўроқ вақтида милиционерлар тушунтириш хати ёзишни айтиб, бироқ унинг «мазмунидан норози бўлиб, пенционернинг юзига уриб, уятсиз сўзларни айта бошлаган». Шу сабаб у тушунтириш хатини 15 марта қайта ёзишга мажбур бўлган.

«Улар мени калтаклай бошлаганда мен улардан: «Нимага уряпсизлар? Мен 60 ёшдаман, тўхтатинглар» деб илтимос қилдим. Бироқ улар тўхтатишмади. Улар мени қўшнимни ўлдирганимни тан олишимни талаб қилиб, жигаримга, оёқларимга ва бошимга уришди. Кейин уларнинг бири таёқ ва "презерватив" олиб келиб, жинсий зўравонлик билан қўрқитган. Улар менинг шимимни ечиб ташлашди. Мен полда ўтириб, йиғлаб, тўхтатишни сўрадим», — деб ёзган у аризасида.

Бундан ташқари, жабрланувчи милиция ходимларининг бири «жиноий ишни тўхтатиш учун» боласининг машинасини унинг номига ўтказишни талаб қилганини қўшимча қилди. Маълумотга кўра, жабрланувчи 2-гуруҳ ногирони ва Афғон уруши қатнашчиси.

Қийноқларни олдини олиш бўйича миллий марказ Ўш вилоятининг прокуратурасига билдирув билан мурожаат қилди.