Суриштирув: Сувсиз қолган Боткеннинг Оқсой қишлоқ ҳудуди, миллионлик тендерларни ютган депутатлар

767

2020-йилнинг ноябрида ўша вақтда премьер-министр ва президент вазифасини бажариб турган Садир Жапаров Баткен вилоятининг Оқсой қишлоқ ҳудудида қурилаётган йирик насос станциясига борган.

Сурат: Президентнинг матбуот хизмати

Давлат раҳбарининг матбуот хизмати маълумотига кўра, у маҳаллий органларга «станцияни кейинги суғориш мавсумигача» битиришни топширган. Шу билан бирга Жапаровга «қурилиш тугалланиб қолди» деб маълум қилиб, 2020-йилнинг декабрида насослар сувни бера бошлайди деб ишонтиришган.

Бироқ давлатнинг биринчи одамининг сафари ҳам оқсойликларнинг сув муаммосини ҳал қилмаган. Садир Жапаров боргандан бери бир йил ўтса ҳам станция ҳамон ишламади.

Чегара ва сув

Баткен вилоятининг Оқсой қишлоқ ҳудудида 3 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Ҳудуд Тожикистоннинг Ворух анклави билан чегарадош. Икки ўлканинг бу ҳудуддаги чегара тўлиқ аниқланмаган, у ерда сувга боғлиқ муаммолар тез-тез учраб туради.

Маҳаллий турғунларга сув иттифоқ даврида қурилган каналлар билан насослардан келади. Бироқ бу етарли эмас, шу сабаб яшовчилар муаммосини ўзи ҳал қилишга мажбур.

Уларнинг бири — Арстанбек Исламбек ўғли. У Оқсув дарёсига яқин жойдаги адирда яшайди, бироқ сувдан насоссиз фойдалана олмайди. Суғориш навбати унга жуда кеч келади.

«Ёзда қишлоққа берилган сув менга 1-1,5 ойда етади. Сув келгунча экинларим қуриб қолади. Шу сабаб ўзим сув чиқаришга қарор қилдим. Насос, мотор олдим, тик жойдан дарёгача 100 метр шланг уладим. Энди сув тинимсиз чиқади», — дейди Арстанбек.

У сув чиқариш учун 20 минг сом сарфлаган. Бироқ Оқсойдаги насос станциялари ишлай бошласа, муаммо ҳал бўлишига умид қилишларини яширмайди.

Қапчиғай: «Амин»нинг насослари

Оқсойликлар кутаётган насос станцияларининг Қапчиғай қишлоғига қурилиши керак. Бу қишлоққа сув чиқариш учун 2020-йилнинг 30-июнида давлат сотиб олишлар сайтида тендер эълон қилинган. Тендерга қатнашишга уч компания билдирув юборган: «Амин», «РусИс-Азия» ва «Чыңгыз-Строй».

Электрон давлат сотиб олишлар порталининг маълумотига кўра, «Амин» станцияни 2,7 млн сомга қуришни таклиф қилган. «Чыңгыз-Строй» объектни қуриш хизматини 2,8 млн сомга баҳолаган.

Тендернинг учинчи қатнашчиси — «РусИс-Азия» компанияси станцияни 2,4 млн сомга қуриб беришини айтган. Давлат сотиб олишлар ҳақидаги қонунга кўра, тендерни хизмати учун энг кам сумма таклиф қилган компания ютиши керак, бироқ бундай бўлмаган.

Тендер комиссияси «РусИс-Азия»си «сметаси тўғри эмаслигини, муҳри ва имзоси йўқ» деган сабабни айтиб, натижада тендернинг ғолиби деб «Амин» компанияси топилган.

Мағлуб «РусИс-Азия» компаниясининг бошчиси Индира Ногойбаева ҳужжатлар талабга лойиқ тузилганини айтди.

«Албатта, муҳр босилган. Балки нусха кўчирилгани сабаб кўринмай қолгандир. Смета ҳам тўғри кўрсатилган эди, сабаби уни мутахассислар ясашади. Бизни арзимаган нарса учун четлатиб, “ўзларининг” компаниясига бериб қўйишган. Нима учун ўтмай қолганимни ўзим ҳам тушунмайман», — деб билдирди у.

Юстиция вазирлигининг маълумотига кўра, тендерда ютган «Амин» компаниясининг бошчиси — Абдисатар Садиков. 44 ёшдаги Садиков — 2016-йилдан бери Баткен шаҳар кенгашининг депутати. У олдин собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг КСДП партиясидан депутат бўлган.

Сурат: Абдисатар Садиковнинг «Одноклассники» ижтимоий тармоғидаги аккаунти

2021-йилдаги маҳаллий кенгашларнинг сайловида у яна депутат бўлган, бироқ бу сафар бошқа — «Ала-Тоо — кыргыз жери»* партиясидан сайланган.

*«Ала-Тоо кыргыз жери» — Нурбек Султанов бошқарган партия. Партияни президент Садир Жапаровнинг «маслаҳатчиси» ва «ёрдамчиси» дейилган Арзибек Бурканов билан боғлашади. Партия Баткен шаҳар кенгашида энг кўп мандатга эга бўлган. Ундаги халқ вакиллари шаҳар мэрлигига Арзибек Буркановнинг яқин қариндоши Имамназар Буркановни сайлаб олган.

Юстиция вазирлигининг маълумотига таянсак, «Амин» МЧЖ турар-жойларни ва объектларни қуради. Қапчиғайликларни сув билан таъминлаш тендерини ютгандан сўнг ёлланмачи «Амин»нинг ҳисобига 2,7 млн сом ўтказган.

Энди насос станцияси икки ярим ой ичида қурилиб битиши керак эди. Бироқ орадан бир йил ўтса ҳам қурилиш тугатилмади. Қурилиш нима сабабдан кечикаётганини билиш учун биз Садиковнинг ўзи билан боғландик. У «объект битирилганини», бироқ суғориш мавсумида «бир-икки ой ишлагандан кейин эҳтиёт қисми бузилиб қолганини билдирди.

«Уни тўғрилаш учун Бишкеккдаги фирмага [ўша] буюртма берганмиз. 2-3 кундан кейин келади. Бундан ташқари, насос жойлашган бинода қиланадиган бироз ишлар қолган. Уни кузда дала ишлари тугаганда битирамиз. Ҳозирда техникамиз экин далаларини босиб ўтолмайди», — деди Садиков.

Оқсой қишлоғининг бошчиси Эркин Жолчуев станция фойдаланишга топширилмаганини билдирди. Бу маълумотни тендернинг буюртмачиси Баткен сув хўжалиги бошқармаси ҳам тасдиқлади.

Муассаса қурилиш деярлик 90 фоиз битган деб маълум қилди.

Садиковнинг компанияси яна қандай ишларни қилади?

Абдисатар Садиковнинг компаниясини фаолияти бу тендер билан чекланмайди. Давлат сотиб олишлар сайтининг маълумоти бўйича, «Амин» 2016—2019 йиллар орасида умумий 41 млн сом тендер ютган. Ишларнинг бари Баткен вилоятида қилинган.

Садиков Баткен шаҳар кенгашининг депутати бўлиб келгандан кейин унинг компанияси вилоят ҳудудидагина эмас, Баткен мериясининг бошқа тендерларини қўлга кирита бошлаган. Аниқроғи, 2019 йили унинг компанияси Баткен шаҳридаги И.Жусубалиев кўчасига чироқлар қўйиш тендерини 3,4 млн сом таклифини ютган.

Бундан ташқари, «Амин» Баткен шаҳар мериясига қарашли Муниципал мулк департаментининг саккиз тендерини ютган. Саккиз тендернинг тўрти тўғридан-тўғри шартнома тузиш методи билан ўтказилган. Бу тендернинг бошқа қатнашчиларига имкон берилмайдиган деган маънони англатади. Шундай қилиб депутатнинг компаниясига умумий 1,7 млн сом ўтказилган.

Давлат сотиб олишлар қонунинг олтинчи — «томонларнинг манфаати» моддасида: «Буюртма берган томон қарорларга таъсир қилувчи томон (аффилированное лицо) бўлиб ҳисобланган пудратчи ёки консультант билан шартнома ёки келишув туза олмайди» деб ёзилган. Сотиб олишлар ҳақидаги қарорларга таъсир қилувчи томонларнинг рўйхатига сиёсий муниципал амалдорлар ҳам киради.

Сиёсий, маъмурий реестрда кўрсатилгандай, маҳаллий кенгашнинг депутатлиги — мана шу сиёсий муниципал хизмат. Демак, Баткен шаҳар кенгашининг депутати Абдисатар Садиков қарорларга таъсир қилувчи томон бўлиб туриб, Баткен мериясининг ва унинг ҳузуридаги муассасаларнинг деярлик 5,2 млн сомлик тендерини ютиб олган.

Биз жамоат тармоқлардан Абдисатар Садиковнинг фотоларини топдик. Суратларнинг бирида ўша вақтдаги Баткен шаҳрининг мери Мамиржан Рахимов билан футбол майдонида турганини кўриш мумкин.

Сурат: Абдисатар Садиковнинг «Фейсбук» ижтимоий тармоғидаги аккаунти

Садиковнинг компанияси мериянинг тендерини ютган вақтда Мамиржан Рахимов шаҳар раҳбари эди — 2017 йилдан 2021 йилгача.

2021 йилнинг 7 майидан бошлаб Рахимов бошқа хизматда. Президент Садир Жапаров Рахимовни чегарадаги қишлоқларни ривожлантириш, қайта тиклаш бўйича Баткен вилоятидаги махсус вакили қилиб тайинлаган.

Бакай: депутатлик миллионлар ва бир ярим йиллик кутиш

Садиков — Баткен вилоятидаги сув муаммосини ҳал қилиш тендерини ютиб, бироқ қурилишини битирмаган ягона депутат эмас.

Оқсой қишлоқ ҳудудининг Бакай участкасидагилар 1,5 йилдан бери «Жалалабатское СМУ ТТ» компанияси қураётган насос суви қачон чиқади деб кутишмоқда — бу тендер 2019 йили ўтган.

48,9 млн сомга баҳоланган қурилиш 2020 йилнинг 1 апрелига битиши керак эди. Бироқ станция шу кунгача фойдаланишга топширилмади. Тендерда ютган компанияни эса парламентнинг собиқ депутати Мурат Жураев* билан боғлашади.

*Мурат Жураев — Жогорку Кенешнинг собиқ депутати. У парламентга депутат бўлиб биринчи марта 2005 йили Лайлак туманидан сайланган. 2007 йили КСДП партияси билан иккинчи марта халқ вакили бўлган. 2015 йили «Ата Мекен» партиясидан сайловга отланиб, бироқ депутат бўлмаган. Ҳозирда ўзи сиёсий аренада кузатилмагани билан боласи, блогер Улан Жураев 2020 йилдаги Жогорку Кенешнинг сайловига «Ата мекен» партияси билан отланган. Кейинчалик «Кыргыз темир жолу» ишхонаси раҳбарлигидан 250 минг доллар пора талаб қилишга гумонланиб қўлга олинган. Улан Жураев тергов билан фаол ҳамкорлик қилгандан кейин суднинг қарори орқали 260 минг сом жарима тўлаган.

Сурат: Мурат Жураевнинг «Одноклассники» тармоғидаги аккаунти

Мурат Жураев «Жалалабадское СМУ ТТ» унинг компанияси эканини ва директори ҳам ўзи эканини тасдиқлаган. Бироқ Юстиция вазирлигида компанияни Жигитали Исмаилов исмли фуқаро бошқариши кўрсатилган.

Собиқ депутатнинг айтишича, насос станциясининг кечикишига чегарадаги вазият сабаб.

«Электр энергияси Тожикистон билан чегарадош ҳудуддан ўтгани сабаб тўхтаб қолдик. Тўрткўча участкасига тўрт электр симёғочини ўрнатишга тожик томон рухсат берса, унда 10-15 кун ичида станция фойдаланишга берилади», — деди Жураев.

Садир Жапаров 2020 йилнинг ноябрь ойида мана шу станциянинг қурилишига борган. Жапаровдан кейин 2021 йилнинг 5 мартида ҳукуматнинг Баткендаги ўша вақтдаги мухтор вакили Ўмурбек Суваналиев объект билан танишиб қайтган.

Сурат: Министрлар кабинетининг матбуот хизмати

Суваналиевни ҳам қурилиш март ойининг охирида битади деб ишонтиришган. Шундан бери ярим йил вақт ўтди, станциянинг сувидан хабар йўқ.

Бакайнинг ўн икки тендери

Бундан ташқари, Бакай участкасига қурилаётган насос станцияга боғлиқ яна 11 тендер ўтган — умумий суммаси 7,3 млн сомга яқин.

Тендерларнинг барини буюртмачиси — Баткен вилоят сув хўжалиги бошқармаси. Мазкур муассасанинг раҳбари Маматшарип Бердалиевнинг айтишича, бу тендерлар насос станция ўрнатилган бинони қуриш учун эълон қилинган.

«Насос станция қурилаётган ер бизни ишхонанинг балансида. Шу сабаб капитал таъмир моддаси асосида девор қурилди, муассасанинг усти ёпилди, дарвоза қўйилди, бетон қуйилди», — деди Бердалиев.

«Жалалабадское СМУ ТТ»* компанияси 1000 кВ насос, трансформаторлар ва уч чақиримга трубаларни ўрнатишга жавобгарликни олган.

*Шу билан бирга очиқ манбаларда «Жалалабадское СМУ ТТ»нинг фаолияти «иқтисослаштирилган улгуржи савдо» деб кўрсатилган. Демак, компаниянинг иши бундай объектларнинг қурилиши билан боғлиқ эмас.

Жураев ютган тендернинг нархини қўшганда Бакай участкасидаги насос станцияга умумий 56 млн сом ўтказилган.

Ярим миллион сомлик зарар

Материал эълон қилинишига яқин бош прокуратура Баткен вилоят сув хўжалиги бошқармасининг ходимлари «лавозимдан фойдаланиш» моддаси бўйича гумонланаётганини маълум қилди.

«Баткен туманинг Оқсой ва Қапчиғай насос станцияларини қуриш тендерларида масъул ходимлар давлат сотиб олишларнинг талабларига қарши келишига қарамай, энг юқори нарх таклиф қилган томонларни ғолиб деб топишган. Сотиб олишларнинг оширилган нархи сабаб давлатга 602 503 сом зарар келтирилган», — деб билдиришди Бош прокуратурадан.

Материаллар «хизмат лавозимидан фойдаланиш» моддаси бўйича жиноятларнинг ягона реестрига рўйхатга олиниб, судгача текширув иши бошланган.

«Сув муаммоси ҳал бўлишига ишонмайман»

Чегарадаги туманларнинг сув муаммосини ҳал қилишга давлатдан миллионлар ажратилиб, кейин суд текширувлари бўлаётганда Оқсойнинг турғуни Хайрил Мамитова ўз тирикчилиги билан машғул.

У қишлоғига ва туманига қурилаётган насос станциялардан хабардор. Қурилишлар фойдаланишга берилса ҳам сув қишлоқларни оралаб, унга етгунча кичрайиб кетади деган фикрда.

Шу сабаб унинг умиди давлат қураётган қурилишларда эмас — ўз болаларида.

«Яқинда ўғлим билан келинимни Москвага юбордим. Ишлаб, пул топиб келинглар дедим. Амаллаб дарёдан насос орқали тортиб, сув чиқарсак бўлмайди. Сабаби давлат сув муаммосини ҳал қилишига ишонмайман», — деди у.

Хайрил ҳозирча сувни қудуқдан ташийди — ичишга ҳам, суғоришга ҳам. Қудуғини ўтган йили давлатнинг насос станцияларини кутиб ўтирмай ўзи қаздириб олган.

Материал «Сорос-Кыргызстан» фондининг ёрдами билан «Журналистик текширувлар фонди» жамоат фонди томонидан амалга оширилаётган «Ҳудудларда текширув журналистикасини ривожлантириш ва кучайтириш» лойиҳасининг асосида тайёрланган.

Бу материални турли ва тижорий мақсадлар учун эркин кўчиришга, ишлаб чиқишга ва турли муҳитда, форматда сўзсиз муаллифнинг номини кўрсатиш билан тарқатса бўлади.

Бу материалнинг мазмуни журналистлар Гулжан Эшбаева ва Саадат Тўлўгўнованинг жавобгарлигида ва «Журналисттик текширувлар фонду» жамоат жамғармаси билан «Сорос-Кыргызстан» жамғармасининг кўз қарашларини ёритмайди.​

Муаллифлари: Гулжан Эшбаева, Саадат Тўлўгўнова

Фото: Адилет Жээнбеков

Муҳаррир: Елена Короткова