Жанар Ақаев: Келгувси сайлов олдидан икки катта партия ташкил қилинмоқда

417
Депутат Жанар Акаев

22-сентябрдаги парламент йиғинида депутат Жанар Акаев олдинда бўладиган парламент сайловига қатнашиш учун икки катта партия тузилаётганини айтди. Депутатнинг айтишича, бу партияларга «юқори лавозимдаги одамлар фақат пулдор номзодларни тўплаб, рўйхат тузишга ҳаракат қилишмоқда».

Бироқ халқ вакили қайси партиялар ҳақида сўз бўлаётганини аниқ айтмаган.

Йиғинда депутат МСКнинг раисаси Нуржан Шайилдабековага мурожаат қилиб, президент Садир Жапаровга бу ҳақда маълумот етказиш кераклигини билдирди.

«Энг катта таъсирли мансабдорлар бугунги кунда партияларга нақд пуллари бор номзодларни йиғиб, ўзлари кафолат бериб, рўйхат тузишга аралашишмоқда», — деди у.

Акаев президент шу сабаб жамоатчиликка мурожаат қилиши керак, сабаби «президент номидан сўзлаб, номзодларнинг бошини айлантираётган партия лидерлари» бор деб қўшимча қилди.

«Партияни тузган одамлар “президентнинг фотиҳасини олдик, резюмангларни беринглар, президент кутиб қолди, ўзи маъқуллик бермоқда” деб, номзодларнинг бошини айлантирмоқда. Шунингдек, чаққон партия лидерларига президент ўзи мурожаат қилиб, “барига бир хил муносабатда бўламан” деган фикрни айтиб қўймаса, турли усуллар билан номзодларни йўлдан оздириб олиш ҳаракатлари бўлмоқда», — деб таъкидлади депутат.

МСКнинг раисаси халқ вакилига бу бўйича масала президент билан муҳокама қилинганини, уни бундан хабари борлигини айтди.

«Давлат раҳбарининг бундан хабари бор, бундай бўлмайди деб ўйлаймиз», — деди Шайлдабекова.

Аввалроқ, 15-сентябрда депутат Жанар Акаев ИИВга чақирилиб*, сўроқдан кейин «Клооп»га Жогорку Кенешнинг сайловига отланаётган партияларнинг тахминий таркибини билишини айтган. Халқ вакили уларнинг орасида «Туркманистондаги таъзим қиладиган депутатлардай бўлишни истаганлар ҳам йўқ эмас» деб қўшимча қилган.

*Акаев Курсан Асановнинг номи айтилган видео ва бир неча маданият ходимлари президентга йўллаган хат сабаб сўроққа чақирилган.

«Ҳозирги олтинчи чақирилишни, албатта, сифатсиз, чимқириқ, гапни тўғри гапиролмайди деб баҳолашади, бироқ кейинги парламент бундан ҳам ночор [бўлади]», — деган у.

Парламент сайлови 28-ноябрга белгиланган. Жогорку Кенеш депутатларини сайлаш янги Конституцияга мувофиқ, аралаш тизим билан ўтади — 54 депутат партия рўйхатида, 36 депутат бир мандатли округдан келади. Партиядаги номзодлар «очиқ рўйхат» билан сайланади.