Ўш вилоятининг Новқат туман ИИБи томонидан олиб борилган тезкор ҳаракатлар натижасида 39 ёшдаги турғуннинг уйида ноқонуний сақланган бир дона найи кесиб ясалган ИЖ-18 қуроли ўқи билан топиб олинди. Бу ҳақда Ўш ВИИБи 21-сентябрда маълум қилди.
«Бундан ташқари, тинтув вақтида Калашников автоматининг 9, Макаров тўппончасининг 8 дона ўқи топилди», — деб ёзилади милициянинг маълумотида.
Мазкур факт бўйича «Қуролни, ўқ-дориларни ноқонуний айлантириш» моддаси билан судгача текширув бошланди. Ҳозирда қўлга олинган турғун сўроқ қилинмоқда.
Шу сабаб милиция ноқонуний сақланган ўқ отиш қуролларини, ўқ дориларни ва портловчи моддаларни ўз ихтиёри билан топширган фуқаролар жиноий жавобгарликдан озод қилинишини билдирди. Шу билан бирга қурол-яроғларни ўз хоҳиши билан топширган фуқароларга компенсация берилади.
*Қонунда ўқ отувчи қурол ва ўқ-дорини ноқонуний сақлашга 260 мингдан 300 минггача жарима тўлаш ёки 2 йил олти ойдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўрсатилган.
3-мартда Ўш шаҳрида «Калашников» автоматини сотишга ҳаракат қилган 45 ёшдаги турғун қўлга олинган. Бундан ташқари, ўтган йилнинг 18-ноябрида Ўш шаҳрида 23 ёшдаги турғуннинг машинасидан АК-103 русумидаги қурол ўқи билан, икки пичоқ ва гашиш олингани маълум қилинган.