14-сентябрда Ўш вилоятидаги маориф ходимларининг йиғинида вилоят раҳбари Зиядин Жамалдинов ёш ўқитувчиларга ер участкаларини, пул мукофотлари ва уйларни топширди.
Унга кўра, Қорасув ва Ўзган туманидан беш, Чонг-Олай туманидан уч ўқитувчи ер участкасига эга бўлди. Аравон туманининг Алля Анаров қишлоқ ҳукуматининг ўқитувчисига эса ҳовли совға қилинди.
Президентнинг вилоятдаги вакиллигидан «Клооп»га билдиришларича, пул мукофотлари вилоят раҳбарининг заҳира фондидан, ер участкалари қишлоқ ҳукуматларининг қарори билан берилди. Алля Анаровдаги ўқитувчига берилган ҳовли уй учун маҳаллий ҳукумат маблағ ажратган.
Вилоят раҳбари «ёш ўқитувчиларни уй ва ер участкалари билан таъминлаш бўйича ишлар бундан кейин ҳам давом эттирилишини» билдирди.
Йиғинда УРТда юқори балл олган ўқувчиларнинг ўқитувчилари ҳам тақдирланди. Уларга 10 минг сомдан берилиб, таълим муассасаларини янги ўқув йилига сифатли тайёрлашга ҳисса қўшганларга фаҳрий ёрлиқлар ва пул мукофотлари берилди.
Маориф тармоғининг вакилларига қилинган баёнотда Жамалдинов ҳудуднинг билим беришдаги кўрсаткичи бошқа вилоятларга қараганда паст эканини, шу сабаб ўқитувчиларга алоҳида шароитлар тузилиши кераклигини таъкидлади.
«Мен сизларга ва таълим тармоғига шароит яратиб беришга бор кучимни сарфлайман. Шу сабаб баримиз биргаликда тармоқни ривожлантиришга ҳаракат қилайлик», — деди у.
Бугун 15-сентябрда, янги ўқув йили бошланди. Мактаблар ва университетлар ўқишни офлайн турида давом эттиришади.
Ҳукумат «ўлкадаги эпидемиологик ҳолат сабаб билим сифатини яхшилаш учун офлайн режимга босқичма-босқич ўтиш мақсадида» янги ўқув йилини 15-сентябрда бошлашга қарор қилган.