Ўш: Милиция ходимлари учун қурилган кўп қаватли уй икки йилдан бери фойдаланишга берилмай турибди

358

«Турмуш» нашри Ўш шаҳридаги Манас-Ата (аввалги ХБК) кичик туманидаги милиция ходимлари учун қурилган кўп қаватли уйнинг ҳолати ёмонлаша бошлаганини ёзди. Кўп қаватли уй ҳамон фойдаланишга топширилмаган.

Сурат: «Турмуш»

ИИВнинг маълумотига кўра, 240 хонадонли уйнинг қурилиши 2015-йилнинг баҳорида бошланган. Уни қуриш учун вазирликдан 302 млн сом ажратилган.

Қурилиш ишларига эълон қилинган тендерда ютган «ППА» МЧЖ уйни 2019-йили фойдаланишга топшириши керак эди. Бироқ «бюджет танқислиги сабаб молиялаш тўхтаб», қурилиш ишлари икки йилдан бери давом этмаган.

*«ППА» қурилиш компаниясига 2020-йилнинг сентябрь ойидан бошлаб 19 ёшдаги Бегимай Токтоназарова эгалик қилади. 2019-йили давлат қурилиш агентлиги «ППА» МЧЖда кўплаган қонунбузарликларни аниқлаб, уларнинг лицензиясини вақтинча тўхтатган.

Бу орада кўп қаватли уй қаровсиз қолиб, биринчи қаватдаги ойналари синган. Бундан ташқари, уйнинг ҳовлисига чиқиндилар ташланган.

Журналистлар бу масалани кўтаргандан кейин ИИВ синган ойналарни «ППА» компанияси ўз ҳисобидан қайта тиклашини маълум қилган. Шунингдек, чиқиндилар бир ерга йиғилган.

Вазирликнинг маълумотига кўра, кўп қаватли уйнинг қурилиш ишлари 97%га битирилган. Ҳозирда уй олишга 400 нафар милиция ходими навбатда туради — уларнинг ҳар бирини ИИВнинг махсус комиссияси текшириб, кейин уйлар бўлиштирилади. Бироқ комиссия қачон текшириб битиши, уйлар қачон фойдаланишга топширилиши ҳозирча номаълум.