«Ата-Мекен» сиёсий партиясининг лидери Ўмурбек Текебаев «Қирғизистон сиёсий инқирозда турибди, сабаби ўлкани икки дўст талашиб бошқармоқда» деди. Бу фикрни Текебаев 27-августда «Ата-Мекен» партиясининг аъзолари билан бўлган йиғинда билдирди. Йиғинда олинган видео «Жалбырак-ТВ»нинг фейсбук саҳифасига жойланди.
Текебаевнинг айтишича, Қирғизистонда охирги 3 йилдан бери сиёсий кризис давом этмоқда. Сиёсатчи кризисни бошланиши Алмазбек Атамбаев билан Сооронбай Жээнбековнинг «Қирғизистонни навбат билан бошқарамиз» деганидан келиб чиққан деб ҳисоблайди. Унинг айтишича, ҳукумат алмашганига қарамай, ўлка ҳамон инқирозда яшамоқда.
*Алмазбек Атамбаев 2011-йилнинг 1-декабридан бошлаб 2017-йилнинг 24-ноябригача президент бўлган. кейин у ҳукуматни меросхўри Сооронбай Жээнбековга ўтказиб берган. Жээнбеков эса Қирғизистонни 2017-йилнинг 24-ноябридан 2020-йилнинг 15-октябригача бошқарган.
«Вазият ёмон! Бугунги икки дўст [Жапаров ва Ташиев — таҳр.] Қирғизистонни беллашиб, талашиб бошқармоқда. Бундай бошқарув усули ўлкани бундан кейин ҳам кризисга олиб келади. Бу миш-мишми ёки сиёсий спекуляциями? Йўқ! Бу тарихга, социологик текширувларга таяниб айтилган хулоса», — деб таъкидлади Текебаев.
Акаев ҳукуматининг қулаши
Шундан сўнг у партиядошларини 2005-йилдан бошлаб олиб борилган социологик суриштирув билан таништириб, ҳукуматга ва бошқарувдан «норози бўлган» ва «рози бўлганларнинг» графика динамикасини кўрсатди.
Сиёсатчи кўрсатган графика бўйича 2005-йилнинг апрелида аҳолининг 45% ўша вақтдаги ҳукуматдан «рози», 48% эса «норози бўлган». Унинг айтишича, шу сабаб 2005-йилги революция содир бўлган.
*«Лола инқилоби» 2005-йилнинг 24-мартида бўлган. бунга ўша вақтдаги президент Аскар Акаевнинг ҳукуматини кучайишига олиб келган Конституциянинг бир неча марта ўзгариши, коррупция ва оилавий клан бошқаруви сабаб бўлган. дастлаб кўтарилишлар ўлканинг жанубида бошланиб, кейин бошқа ҳудудларга ўтган. 24-март куни кечда тахтдан қулатилган президент Аскар Акаев оиласини олиб Қозоғистонга қочгани маълум бўлган. Кейин ҳукуматга Курманбек Бакиев келган.
«Революциядан кейин норози бўлганларнинг сони 29%гача камайибди. Кўпчилиги Бакиевнинг сиёсатига рози бўлган. бироқ 2009-йили Бакиев боласини хонзода қилиб, ҳукуматни унга ўтказиб бераман деб, сиёсий оппонентларни ўлдиришгача бориб, калтаклаб, лидерларни оммавий қамай бошлаганда 6 ой ичида норози бўлганларнинг сони 60%гача кўпайган. Бу 2010-йилнинг апрель-май ойларига тўғри келмоқда», — дейди Текебаев.
Бакиев ҳукуматининг қулаши
2010-йили 7-апрелда Бишкекда халқ тўнтарилишга чиқиб, қочқин президент Курманбек Бакиевнинг ҳукумати қон тўкилиш билан қулатилган. Шу куни 87 киши ҳалок бўлган.
Текебаевнинг айтишича, шундан сўнг ҳукуматдан норози бўлганларнинг сони камайиб, ишонч билдирганлар кўпая бошлаган. Бироқ яна 2018-йили уларнинг сони ортиб, ўтган йилнинг сентябрь-октябрь ойларида 53%га етган.
«Шундан қилиб, Қирғизистонда 2020-йили ҳам революция бўлди. Кейин президент сайланди, бошқарувнинг бошқа курси танланди, 70% эл Садир Жапаровнинг “курсини” март ойида қўллашди. Кейин норози бўлганларнинг сони кескин камайиб, рекорд кўрсаткичга етди — 23%», — деди сиёсатчи
Бироқ бу кўрсаткич 3-4 ой ичида алмашиб, норози бўлганларнинг сони 34%га ошди. Текебаев олдиндаги сайловда [28-ноябрда бўладиган парламент сайловида — таҳр.] эски усуллардан фойдаланилиб, ҳукумат партияларида юрганлар «шапкаларини алмаштириб», бошқа партияларга ўтса, 4-революция бўлади деб тахмин қилади.
«Бизга яна бир инқилобнинг кераги йўқ»
Сиёсатчи бунгача «норози бўлганларнинг» сони 3-5 йилда ўсиб турса, ҳозир эса 6 ой ичида кескин ўсган дейди. Бироқ у «буни қувонч билан айтмадим, буни мен хавотир билан айтяпман. Бизга навбатдаги революцияни кераги йўқ» деди.
«Агар бизни олдинда оғир қиш кутиб турганини, моддий кризисни ва бошқарув тизимидаги кризисни ҳисобга олсак, баҳорга чиқиб норози бўлганларнинг сони 60-70%га чиқади. Бугун парламентнинг аҳволи ночор. Қонунни ўқиб-ўқимай қабул қилишмоқда. Шу сабаб 4-революция бўлиши реал бўлиб қолди», — дейди амалдаги ҳукуматни танқид қилган Текебаев.
Сиёсатчи шу йиғинда «Ата-Мекен» партияси 28-ноябрда бўладиган Жогорку Кенеш депутатларини сайлашга қатнашишини очиқлади. Унинг айтишича, парламентда реал муҳолифатчи, принциби билан идеяси бор партия бўлиши керак.
«Вакилларимиз ўтиб қоладиган бўлса, биз бугунги ҳукуматни жиловлаб, танқид қилиб, йўналиш бериб турамиз. Бу халқнинг норозилигини камайтирган, ҳукуматга бўлган ишончни оширган фактор бўлади. ўтган йилги сайловда ёшлар жамоа тузиб боришди. Бу йил ҳам шу қоида ўзгармади. Бу йил ҳам ёшлар бизнинг маслаҳатимиз билан янги жамоа тузади», — деди Текебаев.
Ўмурбек Текебаев
«Ата-Мекен» партиясининг асосчиси Ўмурбек Текебаев ва собиқ фавқулотда ҳолатлар вазири Дүйшөнкул Чотонов 2017-йили «Коррупция» моддаси билан айбдлор деб топилиб, мулклари мусодара қилиниб, 8 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
Текебаев тадбиркор Маевскийга «Мегаком» уяли операторини бошқаришга имкон беришни ваъда қилиб, ундан 1 млн доллар олгани айтилган. Чотонов эса бу ишда ўртачи бўлганликда айбланган.
Чотонов ҳам, Текебаев ҳам ўзларига қўйилган айбни тан олмай, ишни «сиёсий буйруқ» деб аташган. Бундан ташқари, улар жиноий иш биргина Маевскийнинг кўрсатмалари асосида эканидан норози бўлишган.
Текебаев 2017-йили ўша вақтдаги президент Алмазбек Атамбаевни танқид қилгани учун қамоққа олинган. Сиёсатчи Атамбаевнинг ташаббусларига қарши бўлган — у ва унинг «Ата Мекен» партияси 2016-йилнинг охирида қабул қилинган Конституциявий тузатишларга қарши бўлишган.
2019-йили Олий суд аввалги суд қарорларини бекор қилиб, ишни қайта кўриб чиқишга юборган. Кейинчалик уй қамоғига чиқарилган. Бош прокуратура аайбловлардан ьош тортиб, Бишкекнинг Биринчи май туман суди 2021-йилнинг 13-апрелида ишни қисқартирган.