Бишкекнинг Биринчи май туман судининг қарори билан Чингиз Абдираевни отиб ўлдирган патрул милиционерлар МХДҚнинг тергов қамоғига икки ойга қамалди.
Воқеа қандай бўлган?
Бишкек шаҳрининг Жибек-Жолу — Гоголь кўчаларининг кесилишида 27-августда патрул милициясининг ходими 32 ёшдаги Чингиз Абдираевга ўқ отилиб, у касалхонага етмай ҳалок бўлган.
Милициянинг маълумотига кўра, дастлаб патруль милициясининг ходимлари қарама-қарши томонда келаётган Toyota RAV4 русумидаги машинани тўхтатишган. Йўл қоидасини бузиш ҳақида далолатнома тузилаётганда ҳайдовчи кетиб қолиб, кейин яна нозир билан келишолмай қолган. Шу вақтда нозир қуролини олиб ҳайдовчининг кўкрагига отган.
Шу куни Бишкек ШИИББи «ўқ тасодифан отилганини, ҳайдовчи эса провокацияга берилган» деб билдирган.
Воқеа бўлган куни кечда марҳумнинг дўстлари видео мурожаат билан чиқиб, ҳайдовчи «инспекторларга қаршилик кўрсатмаганини» ва «милиционернинг қуролини тортиб олишга ҳаракат қилмаганини» билдиришди. Шунингдек, улар марҳумнинг онаси ёлғиз боласидан айрилганини таъкидлашган.
Кейинчалик марҳумнинг севган қизи ҳам жамоатчиликка мурожаат қилган. У йигитини айбламасликни сўраган. Унинг айтишича, воқеа унинг кўз олдида бўлган. марҳум билан инспектор айтишиб кетгандан кейин милиция ходими унга ўқ отганини айтган.
Воқеа бўлган жойни текшириш вақтида масжиднинг ғарбий томонидаги машина ҳаракатланувчи қисмида, асфальтнинг юзида бир дона гильза, қора-жигарранг тусдаги модданинг излари ва қора рангли тампон топилган.
Мазкур воқеани ИИВнинг ички текширув хизмати текшира бошлаганини маълум қилган. Бироқ кейинчалик бу ишни тергов қилиш вазифаси МХДҚга ўтказиб берилган.
Муаллиф: Дилде Шатанова