Factcheck.kg: Тадбиркор Жумагулов ярим миллион сомга йўл қоидаларини бузган

339

Factcheck.kg нашри 119 марта йўл қоидасини бузиб, «Хавфсиз шаҳар» лойиҳаси бўйича умумий суммаси 472,5 минг сом жарима ёзилган Lехus 470 русумидаги «1221 BC» рақамли машинани ким бошқаришини аниқлади. Журналистларнинг айтишича, машина эгаси Бактибек Жумагулов исмли тадбиркор.

У 2020 йили март ойида фейсбук саҳифасига Норин вилоят касалхонасига гуманитар ёрдам етказгани ҳақидаги суратни жойлаган.

«Суратда касалхона ходимлари ва тадбиркор Бактибек Жумагуловни кўриш мумкин. Уларнинг ортида эса кўпчиликка таниш бўлиб қолган Lехus 470 русумидаги «1221 BC” рақамли машина турган. Бу сурат фейсбук ижтимоий тармоғида 2020 йилнинг 27 мартида пайдо бўлган», — деб таъкидлаган журналистлар.

Бактибек Жумагулов ва Норин вилоят касалхонасининг тиббиёт ходимлари. Сурат / Жумагуловнинг Фейсбуги

Шунингдек, унинг Фейсбук саҳифасидаги видеода Жумагуловнинг Бишкек-Торугарт автойўлида йўл чизиғини кесиб ўтиб, тез-тез қарши томонга чиқиб машина бошқарганини кўриш мумкин.

Factcheck.kg нашрининг журналистлари тадбиркор билан боғланган. У 15 кун ичида жаримани тўлайман деб ваъда берган. Унинг айтишича, жарималар ҳақида интернетдан эшитган.

Бактибек Жумагулов ким?

AKIpress агентлигининг маълумотига кўра, у Енгил саноат, энергетика ва ер хазинасидан фойдаланиш қўмитаси ҳузуридаги «Кыргыз жылуулук энерго» давлат ишхонасининг бош директорининг маслаҳатчиси бўлиб ишлаган.

Юстиция вазирлигининг базасида у «Разрез «Узун-Булак»” МЧЖнинг асосчиларидан бири сифатида кўрсатилган. Компания тош кўмир қазиб чиқаради.

2020 йили парламент сайловига «Замандаш» сиёсий партияси қаторида келган. Партиянинг рўйхатида 34-қаторда бўлган.

Бактибек Жумагулов. Сурат / Жумагуловдун Фейсбуги

Унинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларидан Кураш федерациясининг вице-президенти, собиқ ички ишлар вазири Мелис Турганбаев ва парламент депутати Алиярбек Абжалиев билан бирга тушган суратларини кўриш мумкин.

Бактибек Жумагулов ва Мелис Турганбаев. Сурат / Жумагуловдун Фейсбуги

Шунингдек, унинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида турли спорт тадбирлари тасвирланган суратлар бор. ОАВдаги материалларга кўра, Жумагулов ҳудуддаги спортни ривожлантиришни фаол қўллаб келади.