Қирғизистоннинг тахтдан қулатилган тўнғич президенти Аскар Акаев 2 августда Бишкекка келди. Собиқ сиёсатчини самолётдан тушиб келаётган суратини журналист ва «Манас» аэропорти директорининг маслаҳатчиси Дайирбек Орунбеков эълон қилди.
Акаев Москва шаҳридан келган самолётдан тушгани айтилмоқда.
Бунгача Миллий хавфсизлик қўмитасининг матбуот хизмати Акаев Бишкекка келганини тасдиқлади. Муассасанинг маълумотига кўра, у МХДҚга етказилган. Бино ҳар томонлама қуршовга олинган.
«Унинг иштирокида «Қумтўр» конига боғлиқ жиноий иш асосида тегишли тергов амаллари давом этмоқда», — деб билдирган МХДҚ.
Қўмита таъкидлашича, МХДҚ «Қумтўр» иши билан бирга «тарихий адолатни ўрнатиш учун» Акаевни жавобгарликка тортиш учун жиддий иш олиб борган.
Бироқ собиқ премьер-министр Феликс Куловнинг айтишича, Акаев ўзи ватанига қайтишга қарор қилган.
«Садир Жапаров сахийлик қилиб собиқ президентга ўлкага қайтиб келишга имкон берди. Мени билишимча, Аскар Акаевни ҳеч ким мажбурламаган. У Бишкекка келгандан кейин МХДҚга борди», — деб билдирган Кулов.
Акаев 1991 йилдан 2005 йилгача Қирғизистон президенти бўлган. У 2005 йили «лола инқилоби» деб аталган инқилобдан кейин ўлкадан чиқиб кетган. Кейин у Москвада яшаб, илмий фаолиятга қайтган.