«Клооп»нинг тасвирчиси Хамидулло Узаков Ўш ШИИБга сўроққа чақирилди. У 24 июлда соат 11:00да «Сайловчиларни сотиб олиш» моддаси билан рўйхатга олинган иш бўйича гувоҳ қатори сўроқ қилинади.
Узаков 11 июлда ўтган қайта сайловда Ўш шаҳридаги участокларни айланиб, сайлов вақтидаги ноқонуний кўринишларни ёритган.
Ўш мэриясининг олдида жойлашган №5278 сайлов участкасига келганда машинада ўтирган одамлар сайловчини участкага киришидан олдин суратга олиб, сайлаб чиққандан кейин унга пул берганига гувоҳ бўлишган. Бироқ бу ҳолат тасвирга олинмаган.
Кейин Узаков камерани ишлатиб бориб, машинада ўтирган шубҳали аёллардан тушунтириш олишни истаган. Пул берган аёлга «қўлингизда рўйхат бор экан, тарғиботчимисиз» деб сўраган. Аёл «тарғиботчи эмаслигини» айтиб, қўлидаги рўйхатини ва чўнтагини яширишга ҳаракат қилган.
Сайлаб чиқиб пул олган аёл ҳам тасвирчининг саволларини жавобсиз қолдирган.
Шунда сариқ кофтали яна бир қиз машинага келиб, пул берган аёл билан сўзлашиб, сайлов участкасига кириб кетган. Узаков қизнинг ортидан бориб интервью олишга ҳаракат қилганда у участкадаги кузатувчиларнинг ёнига бориб ўтириб олган.
Тасвирчи участка сайлов комиссияси раисасидан кузатувчи қизни қайси ташкилотдан эканини аниқлаётганда, қиз хижолат бўлиб сайлов участкасидан шошилиб чиқиб кетган. Тасвирчи унинг ортидан чиққанда у «Ак кызмат» жамоат бирлашмасидан кузатувчи эканини айтиб, бошқа саволларга жавоб бермай участкадан кетиб қолган.
Бу орада ўзини «қизнинг онаси ва оддий сайловчиман» деб таништирган аёл тасвирчига тасвирга олишга тўсқинлик қилган. Аёл сўкиниб, «Клооп»нинг ходимига қўпол муносабатда бўлган. Бу аёл бошқа журналистлар олган сурат-видеоларида ҳам тушиб қолган. Агар бу ҳақиқатдан ҳам сайловчи бўлганда, участокнинг ёнида эрталабдан кечгача юрмасиди. Шу сабаб бу аёлнинг ҳам овоз сотиб олишга алоқаси бўлиши мумкин деган тахминлар бор.
Охирида ўзини кузатувчиман деб таништирган қиз расмий рўйхатдан чиқмаган. Кейинчалик «Ак-Кызмат» жамоат бирлашмаси «Ата-Журт Кыргызстан» партиясини сайлашга бошлаб борган Сонунбек Жунусбаевга қарашли экани маълум бўлган. Бундан ташқари, бирлашманинг манзили қатори Ўш мериясининг биноси кўрсатилган.
«Сулайман-Тоо» ҳудудий муниципал бошқармасини бошқаради. Қайта сайловда «Ата-Журт Кыргызстан» партияси энг кўп овозга эга бўлиб, 19 мандат олади.