ССВ вакцина олгандан кейин вафот этган Соцфонд ходимининг ўлимини тергов қилади

328
Иллюстратив сурат

Бишкек шаҳрида коронавирусга қарши вакцина олиб, кейинчалик вафот этган Ижтимоий фонднинг ходими Назгул Исакованинг ўлимини экспертлар гуруҳи текширади. Бу ҳақда соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Жалалидин Рахматулаев 23 июлдаги брифингда билдирди.

Вазирликнинг маълумотига кўра, вафот этган аёл 19 июлда №1 оилавий тиббиёт марказида Спутник-V вакцинасини олган. Уч кундан кейин Исакова вафот этган.

«Ҳозирда суд-тиббий экспертиза ўтказилмоқда. Экспертизанинг хулосаси чиққандан кейин яна қўшимча маълумот берилади», — деди Рахматулаев.

Нима бўлган?

Марҳумнинг қариндошлари «Клооп» билан боғланиб Исакова Бишкекнинг №4 шаҳар касалхонасида вафот этганини тасдиқлашди. Шунингдек, улар Исакова Жалолобод вилоятининг Қоракўл шаҳридаги ижтимоий фонд бошқармасида ишлаганини айтишди.

Бунгача Исакованинг келини Турсунай Батирбекова морг биноси ёнида видеога олиб воқеа ҳақида айтиб берган. Унинг айтишича, Исакова Бишкекда меҳнат таътилида бўлишига қарамай, «муассаса раҳбарияти уни эмлашдан ўтишга мажбурлаган».

«Онам 19 июль куни эрталаб вакцина олиб уйга келган. Кечгача яхши юрди, кечаси тинчроқ ухлаб, бизни овора бўлмасин деб турғизган эмас. Эрталаб 7:30 атрофида онам: «Иситма қиляпман, туни билан қийналиб чиқдим» деди», — дейди Батирбекова.

Марҳумнинг яқинлари «118» хизматига бир неча марта қўнғироқ қилиб, вакцинадан кейинги вазиятни тушунтиришганда тана ҳароратини туширувчи дориларни ичишни айтишган. Бироқ Исакованинг ҳарорати тушмаган. Тез ёрдам хизматидан «вакцина олган фуқароларни қабул қилмаймиз» деган жавобни олишган.

Батирбекованинг айтишича улар қайнонасини хусусий тиббий марказга олиб бориб, ходимлар томчи дори билан витаминларни беришган. Исакованинг аҳволи бироз барқарорлашиб, бироқ кўп ўтмай яна қийналана бошлаган. Кейин улар аёлни Исанов кўчасидаги тез ёрдамга ўзлари олиб боришган.

Бу ерда тез ёрдамнинг фельдшери Исакованинг аҳволи «яхши экан, ҳарорати йўқ» деган. Бироқ уйга келгандан кейин унинг аҳволи оғирлашиб, №4 шаҳар касалхонасига боришган.

«Жуда ҳам қийналди, онам уч соат бақирди бизга. Биз коридорда турдик, эшитилди бироқ ҳеч нарса қўлимиздан келмай, ҳеч нарса қилолмадик. Шифокорлар [Исакова] «тинч ётолмаяпти» деб боғлаб қўйишибди, кейин билсак шунинг учун қийналаётган экан», — деди Батирбекова.

Батирбекова ҳукумат вакилларига мурожаат қилиб, айбдорларни аниқлашни сўради. У марҳум Исакованинг ҳеч қаери оғримаганини, қайнонаси «шифокорларнинг бефарқлигидан ўлди» деб ҳисоблайди.

Қирғизистонда COVID-19га қарши эмлаш апрелнинг охирида бошланган. Қирғизистонликлар хитойнинг Sinopharm ва русларнинг Спутник-V вакциналарини ўлка бўйича очилган 900 эмлаш марказларида олса бўлади. Англо-швед AstraZeneca вакцинаси билан эмлаш августнинг бошида бошланади.

Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожлантириш вазирлигининг маълумотига кўра, 23 июлга кўра умумий 318 093 киши коронавирусга қарши эмланган. Уларнинг орасидан 103 941 одам вакцинанинг иккинчи дозасини олган.

Спутник-V вакцинаси

Спутник V — Россиянинг «Гамалеи номидаги эпидемиология ва микробиология илмий маркази» томонидан ишлаб чиқилган вакцина. Вакцинани ишлаб чиққанлар унинг самаралилиги 95%ни ташкил қилади деб билдиришган.

Россиянинг соғлиқни сақлаш вазирлиги Спутник-V вакцинасининг синовларини учинчи фазаси бошлангунча 2020 йилнинг 11 августида рўйхатга олган. Қирғизистон рус вакцинасини 23 февралда рўйхатга олган.

Февралнинг бошида Спутник-V вакцинасининг клиник синовларининг учинчи фазасини якунини эълон қилган. Синовга 19 866 киши қатнашиб, унинг самарадорлиги 91,6% тузгани маълум қилинган. Кўнгиллиларнинг ҳеч бирида жиддий салбий таъсирлар кузатилмаган.

Вакцина 60 ва ундан катта ёшдаги одамларда ҳам самара берган. Бироқ у вояга етмаганларга, ҳомиладорларга ва эмизикли оналарда синалмаган, шу сабаб вакцина бу гуруҳдаги одамларга қандай таъсир қилиши ҳозирча номаълум. Спутник-V уч ҳафта оралиғида икки марта қилинади. Вакцинанинг иккинчи компоненти берилгандан кейин уч ҳафтада иммунитет пайда бўлади.

Спутник-V Россиядан ташқари Беларус, Аргентина, Боливия, Сербия, Алжир, Фаластин, Венесуэла, Парагвай, Туркманистон, Венгрия, БАА, Эрон, Гвинея Республикаси ва Тунисда рўйхатга олинган.