Ташиев: Қирғизистон «Толибон»га қарши Тожикистонга ёрдам беради

297

Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг раиси Камчибек Ташиев 8-июлдаги матбуот анжуманида Афғонистондаги «Толибон» террористик ташкилоти Қирғизистонга ҳам хавф солаётганини билдирди.

«Бизнинг ўлкага ҳам хавф бор, сабаби Ўзбекистон ва Тожикистонга кириб келган қочқинлар яқин орада бизнинг ҳудудда ҳам бўлиши мумкин. Шу сабаб биз Марказий Осиёдаги бошқа давлатлар каби бундай хавфларга тайёрланяпмиз», — деди Ташиев.

Шунингдек Ташиев НАТО ҳарбий-сиёсий ташкилоти Афғонистондан ҳарбийларини чиқариб кетгани сабаб «Ислом давлати», «Жамаат ат-Таухид валь-Джихад» ва «Туркистон ислом ҳарактаи» ўзларининг фаолиятини Марказий Осиёга йўналтирганини қўшимча қилди. Мазкур ташкилотлар Қирғизистонда террористик деб тан олинган.

Журналистларнинг бири Ташиевга бундай вазиятда Қирғизистон Тожикистонга ҳарбий ёрдам кўрсатадими деган савол берди.

«Албатта, биз ЖХШТ асосида ишлаймиз. Сабаби Афғонистон барса Марказий Осиё давлатларига сиртдан хавф солмоқда», — деб қисқа жавоб берди Ташиев.

*ЖХШТ — Жамоат хавфсизли бўйича шартнома ташкилоти, Евроосиё давлатлари томонидан тузилган ҳарбий-сиёсий бирлашма. Унга Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Беларусь аъзо.

Аввалроқ Тожикистоннинг ЖХШТ вакили Хасан Султонов «Толибон»нинг жангарилари Афғонистон ҳудудларини босиб олгани сабаб тожик-афғон чегарасини мустаҳкамлашга ҳамкорларлан ёрдам сўраган. Ҳозир Афғонистоннинг ҳукумат аскарлари «Толибон» билан жанг қилиб, 1 500га яқин афғон ҳарбийлари Тожикистон ҳудудига чекинган.

«Ҳудудда юзага келган вазиятни ва Афғонистон билан бўлган чегаранинг айрим участкалари осонликча етиб бўлмайдиган тоғли ҳудудда эканини ҳисобга олганда, бу масалани ёлғиз ҳал қилиш мумкин эмас. Бундай вазият ЖХШТ асосида етарли реакцияни талаб қилмоқда. Унинг орасида жанубий ҳудудларни ҳимоя қилиш бўйича кучайтирилган чораларни кўриш зарур», — деган Султонов.

Афғонистонда вазият 2021 йилнинг май ойидан бошлаб кескинлашган. Бунга 20 йилга яқин Афғонистон ҳудудида бўлган АҚШ ва унга иттифоқдош давлатларнинг ҳарбийларини чиқарилиши сабаб бўлди.