Жамоатчилик соғлиғини сақлаш бўйича мутахассис, «Сорос — Кыргызстан» фондининг жамоат соғлиғини сақлаш дастурининг директори Айбек Мукамбетов 24.kg нашрига Қирғизистонда коронавирус пандемияси кучайиши бўйича изоҳ берди. У нима ҳақида айтди?
Пессимистик сценарий
«Биз уч сценарийни олиб чиқдик: оптимистик, реалистик ва пессимистик. Энди яна пессимистик сценарий билан кетдик», — дейди у.
Мукамбетовнинг гуруҳи эпидемиянинг тезлашиш сценарийини тахмин қилиш бўйича Оксфорд билан ҳамкорлик қилади.
«Ҳар икки ҳафтада аналитик кузатувларимизни соғлиқни сақлаш вазирлигига берамиз. Охирги аналитикамизни кенг жамоатчиликка олиб чиқмадик, сабаби вазият кескин ёмонлашди», — деб билдирди Мукамбетов.
Ҳукуматга таклифлар
Унинг айтишича, ҳукумат таклифларни ҳисобга олиб, вазият оғирлашиб кетишига тайёрланмоқда.
«Масалан, биз туғруқхоналарнинг бирида COVID-19га чалинган ёки шубҳали ҳомиладорлар ёки туғмайдиганлар учун тез орада қизил зона тузишни таклиф қилганмиз.
Коронавирус билан оғриган беморларни гемодиализ билан таъминлаш масаласи ҳам ишлаб чиқилмоқда. Кундузги стационарлар бўйича жиддий муҳокамалар бўлди. Уларнинг очилишига қарши турдик, ҳозирда ўтган йилгидай кундузги стационарлар Ўш шаҳридан бошқа ҳеч қаерда йўқ», — деди мутахассис.
Мукамбетов кундузги стационарларни очишга қарши, у ўтган йилгидай «коллапс бўлмайди» деб ҳисоблайди. У кундузги стационарларга муқобил таклифлар киритмоқда.
«Уларнинг ўрнига саралаш пунктларни очишни таклиф қилмоқдамиз. Касалликнинг енгил турига чалинганлар амбулатор режимда даволанишга юборилади, оғир аҳволдагилар — махсус ихтисослаштирилган стационарларга ётқизилади.
(…) Шунингдек, яхши реанимацияси бор ковид стационарини ташкил қилишни айтдик. Бизни билишимизча, бу ҳам амалга ошди — Миллий хирургия марказида, Бишкек травматология ва ортопедия илмий текшириш институтида ҳам шундай пункт очиб кўриш керак», — деб ҳисоблайди.
Касаллик юқтирганлар кўпайганига нима сабаб бўлмоқда?
Мукамбетовнинг фикрича, Қирғизистонда коронавирус билан оғриганлар сони кескин кўпайишининг уч сабаби бўлиши мумкин.
«Уч асосий сабаб бор. Биринчидан, эмлаш жадал бўлмагани, иккинчиси одамлар хавфсизлик чораларига (ниқоб тақиш, масофани сақлаш) амал қилмаслиги. Бироқ ривожланган давлатларда ҳам одамларни ниқоб тақишга кўндириш оғир бўлмоқда. Учинчи сабаби — дельта штамм. У нисбатан тез юқади, касалхонага ётиб қолиш хавфи икки марта юқори, касаллик оғир формада ўтади ва бошқа», — деди у.
Мукамбетов дельта штамм дунё бўйича, эмлаш муваффақиятли ўтган мамлакатларда ҳам тарқалаётганини айтди.
Шунга қарамай, вакцина олиш муҳим деб ҳисоблайди.
«Ҳозир жуда муҳим вазият — тез орада вакцина сотиб олиб, эмлашнинг тўғри стратегиясини олдинга жилдириш керак. Акс ҳолда биз тўртинчи тўлқинни ҳам — ноябрь ойида ва 2022 йилнинг баҳорида — бошдан ўтказишимиз мумкин.
(…) эмлаш бўйича зудлик билан кенг масштабли кампания олиб бориш керак, масалан, июлдан бошлаб декабргача. Энг муҳими — бу реал. 50 ёшдан катта ёшдаги хавфли гуруҳлардаги ва умумий аҳолининг катта қисмини қоплаш керак», — деди у.
Унинг айтишича, коронавирусга боғлиқ эпопея жамоатчиликда иммунитет ишлаб чиқилганда тугаши мумкин — аҳолининг 70%.