Қирғизистонда фирибгарлар тузоғига илинган Шри-Ланканинг фуқароси жонлантириш бўлимига тушди. Бу ҳақда Бек @beshtash номли фуқаро твиттерга ёзди.
Унинг айтишича, шриланкалик беш кишидан иборат гуруҳ билан февраль ойида Бишкекка учиб келган. Фирибгар уларга Канадага виза очтириб бераман деб, умумий 50 минг долларга яқин пулини олиб ғойиб бўлган.
«Бир танишим иккимиз улар билан [шриланкаликлар] кутилмаганда танишиб қолганмиз, имкони борича ёрдам беряпмиз. Квартира топиб жойлаб, озиқ-овқат олиб берганмиз. Уларнинг номидан милицияга ариза ёзганмиз, бироқ орган ходимлари фирибгарни тополмаяпти», — деб ёзган Бек.
У товламачиларга йўлиққан беш жабрланувчининг бири бир ойдан кейин ватанига қайтганини, иккинчиси яқинда учиб кетганини айтиб ўтган. Жабрланган чет элликларнинг бири қанд касаллигидан азият чекади.
«Стресс сабаб у тўшакдан туролмай қолди, овқат емайди. Бугун эрталаб тез ёрдам чақириб, томчи укол қуйдирдик. Аҳволи ҳозир қониқарли, бироқ бу ҳам вақтинча деб ўйлаяпман. Уларнинг ишонган одами йўқ, ёрдам ҳам келмайди», — деб билдирган Бек.
Унинг маълумотига қараганда, фирибгар — Покистон фуқароси, «кўп йилдан бери ўлкадан чиқмайди». У Покистондан, Шри-Ланкадан одамларни алдаб, Бишкекка чақириб, Канадага ёки Европага виза қилдириб бераман деб ваъда беради. Келганда пулларини олиб, ўзи ғойиб бўлади.
Ўша куни шриланкалик фуқаро Чуй вилоят касалхонасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Икки кундан кейин, 12 июнда уйига чиқарилган. Бека исмли фойдаланувчининг айтишича, шриланкаликнинг «буйраги ишламай қолган» .
У бўлишган маълумотга Бишкек шаҳар ИИББнинг матбуот котиби Улан Жумаков муносабат билдирган. Жумаков маълумот Бишкекнинг Октябрь туман ИИБнинг раҳбариятига хабар қилинганини ёзган.
Бизнинг таҳририят Шри-Ланка республикасининг консуллиги билан боғланишга ҳаракат қилди, бироқ дипмиссиядан жавоб олишнинг имкони бўлмаган.