Бишкек милициясининг раҳбарлигига Азамат Ногойбаев қабул қилинди

ИИВ раҳбарининг ўринбосари Октябрь Урмамбетов 20-майда Бишкек ШИИББнинг жамоасига муассасанинг янги етакчисини таништирди. Бу ҳақда Бишкек ШИИБнинг матбуот хизмати билдирди.

Бу хизматга шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг собиқ етакчиси шов-шувли воқеада ишдан кетгандан кейин муассаса раҳбари вазифасини бажараётган милициянинг полковниги Азамат Ногойбаев тайинланди. 

Ногойбаевгача Бишкек ШИИББни Бакит Матмусаев бошқарган. У Айзада Канатбекова ўғирланиб, кейин ўлдирилишига боғлиқ хизмат текширувидан кейин ишдан бўшатилган. 

Азамат Ногойбаев ҳақида маълумот оз. Ички ишлар органларида 20 йилдан ортиқ ишлаган. Олдин Соқулуқ ТИИБнинг раҳбари бўлган. 

У ИИВнинг собиқ раҳбари, марҳум генерал-лейтенант Болот Ногойбаевнинг ўғли экани айтилмоқда. 

Айзаданинг ўлими

Айзада Канатбекова 5 апрелда тонгги соат 5да ўғирланган. Воқеа бўлган жойда ўрнатилган видео камерадан автомашинанинг рақами ва қанча одам ўғирлаганини кўриш мумкин. Қизнинг оиласи ўғирлаганларнинг бирини танишини айтишган — у Айзадани мажбурлаб оила қуриш учун ҳам олиб қочишга ҳаракат қилган.

Айзада Канатбековани олиб қочган одам — Замирбек Тенизбаев — олдин бир неча марта судланган. Марҳум қизнинг онаси милицияга мурожаат қилиб, дўстлари ва яқинлари кўнгиллилар билан бирга қидирув ишларини бошлашган. Улар Тенизбаевнинг машинасини Сосновкада кўришганини аниқлашган.

Икки кундан кейин, 7 апрелда Чуй вилоятининг Аламудун туманидаги Арашан ва Чокморов қишлоқларининг ўртасидаги далада мол қайтарган чўпон Канатбекова ўғирланган «Хонда Сивик» автомашинасини кўрган. Чақирув жойига келган милиция ходимлари машинанинг ичида ўлдирилган Айзадани топишган. Автомашинанинг ичида қизни ўғирлаган Замирбек Тенизбаевнинг ўлиги ҳам бўлган.

Қизни ўлдирилиши жамиятда шов-шув бўлиб, одамлар 8 апрелда норозилик учун Ички ишлар вазирлигининг олдига йиғилишган. 8 апрелда эрталаб милиция органлари қизни ўғирлаш ва ўлдириш факти бўйича матбуот анжуманини ташкил қилишган. Унда Бишкек шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг раҳбарияти милиция кўрган чораларнинг ҳаммаси тўғри бўлганини айтиб, ўз номига айтилган танқидларни рад этган.

Норозилик намойишининг иштирокчилари қиз тирик бўлган вақтда чора кўрмаган милиция ходимларини бефарқлиги учун Бишкек ШИИБнинг раҳбари билан Ички ишлар вазирини истеъфосини талаб қилишди. Матмусаев ҳозир истеъфога чиқмаслигини ва қизни ўғирлаганларни қидириш унинг асосий мақсади эканини айтди — шу куни кечда гумондорларнинг ҳаммаси қўлга олинган.

Депутатлар ИИВ раҳбари Улан Ниязбековни парламент олдида иш бўйича ҳисоб беришини талаб қилишган. Улар ҳам вазирнинг истеъфосини талаб қилишди. Ниязбеков эса ИИВ жавобгарликдан қочмаслигини ва «ахлоқий» айбини тушуниб турганини билдирган.

Мажбурлаб оила қуриш учун қиз ўғирлашни министрлар кабинетининг раҳбари Улукбек Марипов, парламент депутатлари, президент Садир Жапаров, муфтийнинг ўринбосари Кадир Маликов, шунингдек БМТнинг Қирғизистондаги вакиллиги очиқ танқид қилишган.