Бишкекнинг Свердлов туман судида 7-майда криминал Азиз Батукаевни қамоқдан бўшатилиши бўйича суд мажлиси бўлди.
Бу судда собиқ прокурор Аида Салянованинг устидан қўзғалган жиноий иш қаралди. 24.kg нашри билдиришича, мажлисда Свердлов туман судининг судьяси Салянованинг ишини бошқа судга ўтказишни таклиф қилган.
Судья собиқ бош прокурорнинг ишини Батукаевни бўшатилиши бўйича асосий иш билан бирлаштириш учун Бишкекнинг Биринчи май туман судига юборишни таклиф қилган. Бироқ Салянованинг оқловчиси Рабига Садикова суд жараёни тугаш арафасида бўлгани сабаб бу таклифга рози эмаслигини айтган.
Бироқ судья Салянованинг ишини Биринчи май туман судига юбориб, асосий иш билан бирлаштириш қарорини қабул қилди.
Бундан ташқари, Салянова қочқин президентнинг ўғли Максим Бакиевнинг адвокати — Алексей Елисеевнинг лицензиясини ноқонуний узайтириш ишининг фигуранти экани ҳам маълум. Олий суднинг матбуот хизмати мазкур иш ҳозирда Ленин туман судида қайта кўриб чиқилаётганини «Клооп»нинг мухбирига билдирган. Бу қарор олий суд томонидан 2021-йилнинг март ойида қабул қилинган.
Криминал Азиз Батукаевни қамоқдан ноқонуний бўшатиш иши бўйича айбланганларнинг бири — собиқ президент Алмазбек Атамбаев. Атамбаевга нисбатан жиноий ишнинг материаллари Олий суднинг 2020-йилнинг ноябрь ойидаги қарори билан Биринчи май туман судига қайта кўриб чиқишга юборилган.
Бу иш бўйича амалдорлар ҳам фигурант бўлишмоқда. Уларнинг орасида Жазони ижро этиш давлат хизматининг собиқ раҳбари, амалдаги депутат Зарилбек Рисалиев, собиқ соғлиқни сақлаш вазири Динара Сагинбаева, собиқ вице-премьер-министр Шамил Атаханов ҳам бор.
Ҳукумат Батукаевни ноқонуний бўшатилиши бўйича ишни 2019-йилнинг ёз ойларида қайта тергов қила бошлаган. Криминал лейкоз бўйича маълумотнома асосида 2013-йили бўшатилган. Кейин тиббий асоснома қалбаки экани маълум бўлган.