Эркин суриштирувчи-журналист Идирис Исаков 27 апрелда Аматовларнинг оиласи ва унинг «Алай» футбол клубига алоқаси ҳақида суриштирувини эълон қилган.
Ҳомийлик қилган мэрия
Журналистнинг маълумоти бўйича, «Алай» футбол клуби Ўшда 1960 йили тузилган — ўша вақтда клуб «Ош» деган ном билан танилган эди, бироқ кейинчалик номаълум шартларда клуб Ўш қишлоқ хўжалиги техникумининг директори Сейитбек Аматовнинг шахсий мулкига айланиб кетган.
Юстиция вазирлигининг сайтидаги маълумот бўйича, «Алай» футбол клубининг 4 эгаси бор: Алмазбек Сулайманов, Полот Тувашев, Сейитбек Аматов ва Асилбек Майлибаев.
Ўш мэрияси ва клуб раҳбарияти «Алай» ҳамон муниципалитетга қарашли деб келади. Ўш шаҳар раҳбарияти ўз бюджетидан бу клубга ҳар йили 20 млн сом ажратган.
Бироқ, футболистларнинг ўзи клуб раҳбарияти уларга керак бўлса сув ҳам олиб бермайди деб айтишмоқда. 2020 йили ёз фаслида улар Ўш мэриясининг олдига келиб, клубни бошқариш ночор бўлаётганини айтиб норози бўлган.
«Бошқа жойларга ўйинга борганда сув ҳам олиб бермайди. Кейин бир кунлик харажат деб ёздириб, 2 нон, ярим колбасани бериб қўйиб, суткалик қоғозга 1200 сомга қўл қўйдиради. Бизга сарфланган пулдан кўп ёзиб, бизга имзо қўйдиради. Баъзан бўш варақларга имзо қўйдиришади», — деган ўшанда футболчиларнинг бири.
Исаковнинг маълумотига кўра, Аматовлар футбол клубини пул учун эмас, сиёсатда ҳам фойдаланишади.
«Масалан, президентликка отланаётган вақтда 3% рейтинги бор Сооронбай Жээнбековнинг сайлов кампаниясида «Алай»нинг ўйинчиларидан фойдаланишган», — деб билдиради журналист.
Унинг айтишича, Жээнбеков истеъфога чиқишидан икки ой олдин Сейитбек Аматовнинг укаси Байиш Юсуповни ўзига кўрсатган ёрдамига миннатдорчилик тарзида Ўш вилоятидаги Ҳукуматнинг мухтор вакили қилиб тайинлаган бўлиши мумкин. Бироқ ҳукумат алмашгандан кейин Юсупов ҳам хизматдан олинган. Кейин Ўшнинг мери Таалайбек Сарибашов Юсуповнинг ўғлини Ўш шаҳрига вице-мер қилиб тайинланган.
Аматовлар кланининг бойлиги
Сейитбек Аматов — охирги 30 йилдан бери Ўш қишлоқ хўжалиги техникумининг директори, ўқув юртининг ерига беш қаватли уй қурган.
«Шунингдек техникумнинг ҳолати 30 йил олдин қандай бўлса, шундайлигича қолган. Ҳожатхоналари ҳам», — деб таъкидлади Исаков.
Аматов ўзи ҳам техникумнинг ҳудудидаги уй унга унга қарашли эканидан тонмайди. Унинг айтишича, у уйни мэриядан сотиб олган, техникумдан тортиб олган эмас.
«У менинг уйим. Мен у ерда рўйхатда тураман. Олти кишимиз, мен, келин ойинг, яна тўрт болам ўша ерда 20 йилдан бери рўйхатда турамиз», — деб билдиради Аматов видеода.
Бундан ташқари, Исаков бу уйда 11 апрелда ўтган маҳаллий кенгашларга сайлов вақтида «Ата-Журт Кыргызстан» партиясининг штаби жойлашганини ҳам аниқлаган. Бу партияни МХДҚнинг раҳбари Камчибек Ташиев билан боғлашади.
Исаковнинг айтишича, Аматов ўзи бошқарган техникумнинг стадионини Искендер Матраимовнинг аёли Миновар Жумаевага сотиб юборган. Амалдор ўзи стадионни мэриядан сотиб олиб, кейин сотиб юборганини айтади. Бироқ улар [Матраимовлар] талабаларга жисмоний тарбия дарсида стадионидан фойдаланишга рухсат берган.
«Аматовнинг 30 йиллик ишини текширсангиз, фақат ўзининг оиласи учун эмас, аёлининг оиласи учун ҳам ишлаганига ишонасиз», — дейди журналист.
Идирис Исаковнинг суриштируви
Идирис Исаков — финполнинг собиқ бўлим раҳбари Айбек Токоевни ноқонуний бойиган фактларини фош қилган эркин суриштирувчи-журналист.
У бошқа суриштирувчи-журналистлар Марат Уралиев ва Болот Темиров билан Токоевнинг бойликлари ҳақидаги суриштирувни чиқарган. Кейин 18 январда, амалдор «ноқонуний бойишда» гумон қилиб ушланиб, кейинчалик 18 мартгача МХДҚнинг тергов қамоғига киритилган.