Депутат Мирлан Жээнчороев 20-апрелдаги Жогорку Кенешнинг профил қўмитасининг йиғинида бош прокурор Курманкул Зулушевдан Бакиевларни Беларусдан экстрадициялаш ҳаракатларини тўхтатмасликни сўради. Зулушев назорат органи бу бўйича ишлаётганини билдирди.
«Бакиев, Максим билан Жанишни адолатли қирғизнинг судига олиб келиш бўйича ҳаракатларни тўхтатмаслик керак. Майдонимизда 80га яқин қони тўкилган фуқароларимизни унутмаслигимиз керак. Сиёсий курашда биз уларнинг берган қурбонларини унутмаслигимиз керак. [...] Бакиевларнинг мулки охирида нима бўлганини очиқ айтиш керак», — деди Жээнчороев.
Бош прокурорнинг айтишича, назорат органида Бакиевларни экстрадициялаш масаласи бўйича иш олиб борган халқаро бўлим ишламоқда.
«Беларус Бакиевларни ўтказиб беришдан бош тортгани, қарорларни бажаришни рад этгани маълум. Бунинг ҳаммаси конвенциялар билан ҳал қилинади, ўзингиз биласиз. Ҳар бир давлатнинг ўз эрки экан, бериш-бермаслиги деган. Прокуратура маблағларни қайтариш бўйича катта ишларни қилмоқда», — деди Зулушев.
Бакиевларни экстрадициялаш масаласи
Қирғиз ҳукумати Бакиевларни ўлкага олиб келишга ҳаракат қилаётганига анча йил бўлди. Бакиевларни экстрадицияси ҳақидаги масала охирги марта парламентда шу йилнинг февраль ойида кўтарилган.
Унда бош прокурор Курманкул Зулушев матбуот анжуманида октябрь воқеаларидан кейин бош прокуратура собиқ президент Курманбек Бакиевни экстрадициялаш бўйича Минскка янги илтимоснома юбормаганини билдирган. Унинг айтишича, у бош прокурорлик хизматига келгунча Беларусга етарлича сўров юборилган.
«Мен Бош прокурорлик хизматига келгунча сўров етарлича юборилган. Бу бўйича бизнинг халқаро бўлимимиз ўз ишини давом эттирмоқда. Мен ишлаётган уч ой ичида асос бўлмади, сабаби олдин юборилган сўровларнинг кўпига ҳамон жавоб олмаганмиз», — деди Курманкул Зулушев.
Бакиевлар клани
Курманбек Бакиев 11 йилдан бери Беларусда яшайди — у 2010-йили Қирғизистондаги ҳукуматни қўлдан чиқаргандан кейин оиласи билан Минск шаҳрига қочган. 2010-йилнинг 7-апрелида норозиликка чиққанларга нисбатан қурол қўлланилиб, натижада Оқ уй олдидаги майдонда 80дан ортиқ одам қурбон бўлган.
Суд 2013-йили Курманбек Бакиевни сиртдан 24 йилга озодликдан маҳрум қилган, укаси Жаниш Бакиев умрбодга кесилган.
Қочқин президентнинг катта ўғли Марат Бакиев ўша вақтда Давлат миллий хавфсизлик хизматининг раҳбар ўринбосари бўлган. У ҳам сиртдан 27 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Олий суд ҳукмларни ўз кучида қолдирган.
Қочқин президентнинг яна бир ўғли Максим Бакиев Қирғизистонда ҳукумат алмашгандан кейин моддий кўзбўямачиликда айбланган. Биринчи май туман суди унга нисбатан мулкини мусодара қилиш билан 25 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳукмини чиқарган.
Бундан ташқари, Бакиевлар президент аппаратининг собиқ етакчиси Медет Садиркуловнинг ўлимига алоқаси бор деб айбланишган. Суд Жаниш Бакиевни одам ўлдириш, қийнаш, одам ўғирлаш, УЖГ тузиш ва ўлган одамнинг жасадини ҳақорат қилиш бўйича айбдор деб топган.
Бакиевлар кланининг аъзоларига нисбатан Қирғизистонда жиноий ишлар қўзғалишига қарамай, Александр Лукашенко уни Қирғизистонга ўтказиб беришдан бош тортиб келади.
Беларусда Бакиевлар кланининг аъзолари бойлар яшаган туманларда яшаб, йирик бизнесларга аралашиб келишади. Курманбек Бакиевнинг ўғли Максим Бакиев Британиянинг Суррей ҳудудидаги ҳашаматли уйга эгалик қилади.