Сиёсатчи ва «Туран» партиясининг лидери Жениш Молдокматов 19 апрелда Қорасув туманидаги Кампиробод сув омборига бориб ер алмашиш бўйича ўз фикрини билдирди. Унинг айтишича, Ташиев Ўзбекистонга алмашиш учун таклиф қиладиган 20 гектарга яқин ер ҳам стратегик аҳамиятга эга.
«Мен 50 гектарнинг ўрнига 21ни бераман деди. Бу сув плотинанинг тубидан бошлаб ўша чегара билан тугайди. Бу тўлиқ сув омборининг оғзини, булоқнинг бошини бердик деган гап. Бунга шахсан мен қаршиман, бунга маҳаллий турғунлар ўзи қарши. Кўпи гапиролмади, кўпчиликни гапиртирмади. Энди бу вақтгача ер участкаларини бериб-алмашиш бўйича тарихда бўлган масалаларни биламиз: «дежурларни» қарсак чалдириб, уларни сўзлатиб, уларнинг розилиги билан ерлар ҳал қилиниб келган. Бугун ҳам шундай кўриниш бўлди», — деди Молдокматов.
«Халқ қурултойи ўтади»
«Туран»нинг лидери кон бойликлари ва сув тугагандан кейин ерни қайтариб олиб бўлмайди деб ҳисоблайди. Шунингдек, Молдокматов янги Конституцияда Халқ қурултойи органи киритилганини таъкидлаб, яқин орада Кампиробод масаласи бўйича қурултой ўтказилишини билдирди.
«Конституциянинг 7-моддасида «Қурултой таклиф берувчи орган» деб аниқ ёзилган. Қурултойни эшитишга президент, Жогорку Кенеш мажбур. Демак, Кампиробод масаласи бўйича яқин кунларда қурултой бўлади. Бу ерга барча сиёсий жамоат кучлари чақирилади, шу ерда Кампирободнинг олдида бўлади — ўша ерда очиқ диалог бўлиб, очиқ муҳокама қилинади деб ишонаман», — деди сиёсатчи.
Молдокматов ер алмашишда майдоннинг тенглигига эмас, унинг ҳолатига ва «стратегик аҳамиятига» ҳам эътибор бериш кераклигини билдирди.
«20 гектар ер билан 5 метр ернинг фарқи бўлиши мумкин, 5 метр ер давлатнинг мустақиллигининг, суверенлигини ушлайдиган ер бўлиши мумкин. Шу 21 гектар ерни шундай [стратегик] аҳамиятга эга ер деб атаймиз. Агар бу берилиб кетадиган бўлса, плотинанинг ўзи тўлиқ кетади. Унда Анда плотинани, сувни назорат қиладиган бизнинг «рычаг» йўқ бўлиб қолади. Шу аҳамиятли», — деди Молдокматов.
«Ер ва сув масаласини кўтарганлар халқ душмани эмас»
Шунингдек, Молдокматов ер ва сув масаласини кўтарганлар «халқ душмани», «бузуқи», ёки «провокатор» эмас деди — «Қирғизистон фуқароси қаерда бўлмасин ер масаласини кўтаришга ҳақли ва унинг вазифаси деб ҳисоблайман».
Молдокматов ўзбек томон сув омбори атрофини тўсмайди деган сўзга ишонмаслигини айтди. Бу вақтгача Ташиев Ўзбекистон Кампиробод сув омборига тўсиқлар ўрнатмаслигини айтиб, сувдан икки томон ҳам фойдаланишини билдирган.
«Бу шунчаки протокол, бу сўз. Форс-мажор билан тўсиб олиш тезда. Мана қирғиз-қозоқ чегарасини нима бўлди? «Ҳал қилинмайди, тўсилмайди» деган масала бор эди. 2010 йили «форс-мажор бўлди» деб бошидан охиригача сим тортиб қўйдику. Нима қилолдик? Ҳеч нарса қилолмадик», — деди у.
“«Дежурлар» билан ҳал қилинган муаммо тарихий қарор эмас»
Молдокматов 2016 йили президент Алмазбек Атамбаев бўлган вақтда Кампиробод ва Орто-Токой сув омборлари ҳукумат тасарруфига ўтказилиб, Сооронбай Жээнбеков эса сув омбори четидаги ўзбекистонлик ҳарбийларни чиқарганини таъкидлади. Сиёсатчи бир кунлик сўзлашувдан кейин сув омборининг плотинасини беришни «хавфли» деб атади.
«Тарих ҳаммасини тозалайди, бугун майли ер учун, халқ учун сўзлаётганлар — биз халқ душмани бўламиз. Эртага майли «провокатор» бўлайлик улар айтгандай. Бироқ 5 йил тез ўтади, ҳукумат абадий эмас. Ҳукумат кетади, у кетгандан кейин сувга, ерга ким эгалик қилади? Шу ерда турган маҳаллий турғунлар. Улар учун қўл кўтарган «дежурлар» билан ҳал қилинган масала тарихий қарор эмас, бу жуда катта хато. Бу ерда қоладиган, яшайдиган халқ, шулардан жабрланадиган халқ қолади. Ҳукумат кетади, ким жавоб беради? Олдин ерлар учун ким жавоб берди? Ҳеч ким жавоб бермади, қийналган халқ», — деб сўзини тугатди Молдокматов.
Ташиев билан Интимак қишлоғи яшовчиларининг учрашуви
Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг раҳбари Камчибек Ташиев 19 апрелда Кампиробод сув омборига яқин жойлашган Интимак қишлоғининг турғунлари билан учрашди. У ерда яшовчилар сув омборининг четидаги 50 гектарни беришга қарши бўлганини билдиришган.
Ташиев билан турғунлар мазкур масалани бир соатга яқин муҳокама қилгандан кейин у қўшни давлатга 50 гектар ерни эмас, 20 гектарни алмашишни таклиф қилишини айтди. Унинг айтишича, Ўзбекистон плотинанинг Қирғизистонга қарашли ҳудудидан ер тўсиб олиб, чегара (вышка) ўрнатган. У бу ерлар яна аниқланади деб ваъда берди.
«Мана бу вишка турган ерлар ҳам бизники. Энди бундай қилсак, ҳозир ўйлаяпман. Улар (Ўзбекистон - ред.) тўсиб олган 20 гектар ерини алмашайлик деб айтиб кўрайин. Буларга 20 гектар плотинанинг хавфсизлиги учун керак. Эллик эмас, йигирма гектарни. Майлими? «20 гектарни тўсиб, қолган ерни олинглар. Шу ерда тўхтайлик, бу томонга чиқманглар» дейин. Бунинг учун у ерга бориб, сўзлашиб, бутун протокол бузилиб кетмаслигига ҳаракат қилайин. Бу 20 гектарнинг ўрнига бошқа ердан оламиз. Тўсилган ерни алмашади. Мен шунга ҳаракат қиламан. Қолганини Оллоҳ таолонинг буйруғидан кўрамиз», — деди МХДҚнинг раҳбари.