Суриштирувчи журналист Болот Темиров ўзининг Youtube-каналида ИИВ олдида ўтган 15 апрелдаги зўравонликка қарши митингни кимлар тўхтатиб қўйганини очиқлади. Унда акцияда провокация уюштирганларнинг бошида милиционерлар тургани маълум бўлди.
«Бизга акцияни тўхтатганлар милиция ходимлари бўлган деган маълумот тушди. Шунингдек, «юқоридан» ҳар бир ходимга бештадан одам олиб келиш топшириғи берилгани айтилди. Биз буни текшириб, ижтимоий тармоқларда ва ОАВларида бўлган барча видеоларни йиғдик. Шундан сўнг биз ҳар бир провокаторни қараб чиқдик», — деди Темиров.
Темиров провокацияни Жиноят қидирув бош бошқармасининг етакчиси Чингиз Иманалиев бошлаганини билдирди. Революциягача Иманалиев тергов хизматида ишлаб келган. У 2019 йили 12 ёшли болани ўғирлаган жиноятчиларни қўлга олгани учун мукофот олган.
Шунингдек, провокацияда Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бош бошқармасининг етакчиси Нурдин Чолпонкулов ва унинг икки навкари — подполковник Эрмек Тешебаев билан Самат Алсейитов ҳам бўлишган.
Чолпонкулов бу бошқармани ички ишлар вазири Улан Ниязбеков назоратида бошқара бошлаган. Журналист Чолпонкулов ва вазирнинг қариндошлик алоқаси бўлганини тахмин қилмоқда.
Бундан ташқари уларнинг орасида Октябрь ТИИБ раҳбарининг ўринбосари Азиз Бекназаров, Биринчи май ТИИБнинг 10-бўлимининг бошлиғи Турусбек Касимакунов ва Иссиқкўл вилоят милициясининг собиқ етакчиси Жалил Илипбаев ҳам бўлган. Шунингдек, бу ерга Султан Жоошбаев бошчилигидаги ИИВнинг фахрийлари ҳам келган.
Темиров милиция ходимларининг шахси ижтимоий тармоқлар орқали аниқланган деб қўшимча қилди. Бундан ташқари, у митингда провокация қилган кўплаган куч органлари танилмай қолиб, агар кимда маълумот бўлса, журналистларга маълум қилишни сўради.
Бу орада ИИВнинг матбуот хизмати Темировнинг суриштирувига зудлик билан жавоб бериб, журналистнинг сўзларини «тахмин ва туҳмат» деб атади.
«Ҳақиқатдан ҳам видеода ИИВнинг ходимлари бор, бироқ улар тинчлик митингига ўз ташаббуси билан ишдан бўш вақтларида келганини таъкидлаш керак. Аксинча улар митингга чиққан икки томон орасида жанжал чиқиб кетмаслигини назорат қилиб турган», — деб билдиришди вазирликдан.
Зўравонликка қарши акцияни тўхтатиш
15 апрелда Ички ишлар вазирлиги олдида зўравонликка қарши норозилик акцияси бошланган. ИИВ олдидаги митинглар Айзада Канатбекова 5 апрелда ўғирланиб, сўнгра ўлдирилгандан кейин бошланган.
Йиғилганлар ўз вақтида чора кўрмаган милиция ходимларидан норози бўлиб, ИИВ раҳбарларини истеъфосини талаб қилишган.
Кўп ўтмай бу ердан нодавлат ташкилотларга қарши митингнинг қатнашчилари бориб, акцияни тўхтаб қолган — бақувват, барваста одамлар митингчилар томон келиб, уларни ИИВ биноси олдидан суриб чиқаришга ҳаракат қилган.
Олдин милиция ходимлари тўп-тўп бўлиб келган барваста одамларни тўхтатишга ҳаракат қилди, бироқ бу амалга ошмаган.
Кепкани бостириб кийиб, ниқоб тақиб олган одамлар Рита Карасартова ва Ўндуруш Токтонасиров бошчилигидаги фуқаровий фаолларни ИИВ биноси олдидан Эркинлик хиёбони томон суриб чиқарган.
Фуқаровий фаоллар бу одамлар уларнинг телефонларини тортиб олиб, отиб юборишганини айтишган. Улар бундай босимнинг ҳаммаси милиция ходимларининг кўз олдида бўлганини, ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларининг вакиллари кўриб турса ҳам чора кўрмаганидан норози бўлишган.