«Мамлакатнинг имкониятига қараймиз». Новиков шифокорлар билан компенсация масаласини муҳокама қилди

Биринчи вице-премьер министр Артем Новиков 16-апрелда СOVID-19 юқтирганларга тўланувчи компенсацияни талаб қилиб митингга чиққан тиббиёт ходимлари билан учрашди. Бу ҳақда ҳукуматнинг матбуот хизмати билдирди.

Маълумотга кўра, вазир билан учрашган ходимлар компенсациядан ташқари кам маош ва уларни ҳимоя қилиш билан хавфсизлик масалалари бўйича айтишган.

Новиков компенсация тўлаш масаласи бўйича махсус комиссия ишлаётганини таъкидлаб, ҳукумат компенсация тўлаш муаммосини ҳал қилиш учун бор куч-ҳаракатини сарфлашини айтди.

«Иқтисод ва молия вазирлиги тиббиёт ходимларининг базавий меҳнат ҳақини ошириш масалалари бўйича тегишли ҳисобларни олиб боради. Биз давлатнинг ҳақиқий имкониятларига қараймиз», — деди Новиков.

Бундан ташқари, биринчи вице-премьер-министр 17-апрелда Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожлантириш вазирлигида тиббиёт ходимларининг, вазирлик вакилларининг ва компенсация тўлаш комиссияси аъзоларининг учрашуви бўлишини билдирди. У «барча муаммоли масалалар учрашувда қаралади» деб қўшимча қилди.

16-апрель куни Бишкек шаҳрининг ва Чуй вилоятининг ўнлаган тиббиёт ходимлари тинчлик юришига чиқишган. Улар пандемия вақтида «қизил зонада» ишлагани учун ваъда қилинган 200 минг сом миқдоридаги компенсацияни олишолмаётганидан шикоят қилишган.

Ходимларнинг айтишича, компенсацияни фақат «керакли таниши борлар олишяпти». Улар мазкур масала бўйича ҳукумат вакилларига ва турли амалдорларга мурожаат қилишгани билан муаммо ҳал бўлмаганини таъкидлашган.

Шунингдек, юришда маошни ҳукумат ваъда қилгандан 50 эмас, 100 фоиз кўтарилишини талаб қилган тиббиёт ходимлари ҳам бўлган.