Ўғирланган Айзаданинг ўлими. Прокуратура милициянинг фаолиятини текшира бошлади

381

Прокуратура Айзада Канатбекованинг ўғирланиши бўйича милициянинг ҳаракатларини текшира бошлагани ҳақида хабар келди. Биринчи май туман ички ишлар бўлими ходимларининг устидан «Эътиборсизлик» моддаси бўйича тергов бошланди.

Канатбековани ўғирлангани ҳақида 5 апрелда маълум бўлган. Жиноят кузатув камераларга тушиб қолган — ўғирлаганларнинг сони ва рақами маълум эди. Қизнинг оиласи ўғирлаганларнинг бирини таниганини билдирган — у олдин ҳам ўғирлашга ҳаракат қилиб, орқасидан пойлаб юрган.

Айзада Канатбековани олиб қочган одам — Замирбек Тенизбаев — олдин бир неча марта судланган. Марҳум қизнинг онаси милицияга мурожаат қилиб, дўстлари ва яқинлари кўнгиллилар билан бирга қидирув ишларини бошлашган. Улар Тенизбаевнинг машинасини Сосновкада кўришганини аниқлашган.

Икки кундан кейин, 7 апрелда Чуй вилоятининг Аламудун туманидаги Арашан ва Чокморов қишлоқларининг ўртасидаги далада мол қайтарган чўпон Канатбекова ўғирланган «Хонда Сивик» автомашинасини кўрган. Чақирув жойига келган милиция ходимлари машинанинг ичида ўлдирилган Айзадани топишган. Автомашинанинг ичида қизни ўғирлаган Замирбек Тенизбаевнинг ўлиги ҳам бўлган.

Дастлабки маълумотлар бўйича, Тенизбаев Айзадани футболка билан бўғиб ўлдириб, кейин ўзига пичоқ тиқиб олган.

Қизни ўлдирилиши жамиятда шов-шув бўлиб, одамлар 8 апрелда норозилик учун Ички ишлар вазирлигининг олдига йиғилишган. 8 апрелда эрталаб милиция органлари қизни ўғирлаш ва ўлдириш факти бўйича матбуот анжуманини ташкил қилишган. Унда Бишкек шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг раҳбарияти милиция кўрган чораларнинг ҳаммаси тўғри бўлганини айтиб, ўз номига айтилган танқидларни рад этган.

«Айзада Канатбекованинг қариндошларидан, яқинларидан кечирим сўрайман. Бу фожеали ўлимни қалбим шунчалик эзилиб, ота қатори ҳам, Ички ишлар вазирлигининг ходими, Қирғизистон фуқароси қатори ҳам жуда аянчли қабул қилдим. Қизни тирик олиб қололмадик. Бироқ бугунги кунда Ички ишлар вазирилиги туну кун, опер ходимлар ҳам, тергов хизмати ҳам, махсус тезкор гуруҳлар, бутун Қирғизистон ҳудудидан шу жиноятда гумондор бўлган бўлган, жиноятга алоқадор бўлган фуқаролар устидан иш олиб борилмоқда», — деди Бишкек шаҳар ИИББ етакчиси Бакит Матмусаев.

Бишкек ШИИБнинг тергов хизмати раҳбари Нурлан Утемисов одам ўғирлаганларнинг машинасини излашга бюрократик чўзишлар тўсқинлик қилганини билдирган. Шунингдек, милиция амалдорларининг айтишича, терговчилар машинанинг эгасини излаб, гумондорларга телефон орқали боғланишга ҳаракат қилишган.

«Янги кодекс ишга тушиши билан текширув процедураси қийинлашди. Ҳар бир тергов ҳаракати учун терговчи олдин прокуратурада розилик олиб, кейин судга боришади, шундан кейин суд ўз қарорини чиқаради. Қамоққа олиш қарорини ҳам суд беради. Шуларнинг ҳаммаси жиноятларни айниқса, ўта оғир жиноятларни фош қилишда қийинчиликлар туғдирмоқда», — деб билдирган Утемисов.

Унинг айтишича, референдумдан кейин ИИВ Жиноят-процессуал кодексга тузатишлар киритиш бўйича таклифларини берди.

Агар Бишкек ШИИБнинг криминал милициясининг раҳбари Улан Айтбаевнинг сўзига ишонадиган бўлсак, улар ўғирланган қизнинг шахсини аниқлашга 8 соат сарфлашган. Шунингдек, у мобил алоқа маълумотларини аниқлашдаги қийинчиликлардан ҳам шикоят қилган.

Норозилик намойишининг иштирокчилари қиз тирик бўлган вақтда чора кўрмаган милиция ходимларини бефарқлиги учун Бишкек ШИИБнинг раҳбари билан Ички ишлар вазирини истеъфосини талаб қилишди. Матмусаев ҳозир истеъфога чиқмаслигини ва қизни ўғирлаганларни қидириш унинг асосий мақсади эканини айтди — шу куни кечда гумондорларнинг ҳаммаси қўлга олинган.

Депутатлар ИИВ раҳбари Улан Ниязбековни парламент олдида иш бўйича ҳисоб беришини талаб қилишган. Улар ҳам вазирнинг истеъфосини талаб қилишди. Ниязбеков эса ИИВ жавобгарликдан қочмаслигини ва «ахлоқий» айбини тушуниб турганини билдирган.